15:25 / 03.10.2021
4277
Абдуқодир Тошқулов: ОТМга ҳужжат топшириш тизимини рақамлаштириш орқали бир йилда 27 млрд иқтисод қилиняпти

Олий ва ўрта махсус таълим вазири Абдуқодир Тошқулов Халқаро пресс-клуб сессиясида соҳани рақамлаштириш орқали иқтисод қилинаётган маблағлар ҳақида гапирди.

Фото: Халқаро пресс-клуб

«Журнал, баҳолаш дафтарчаси ва бошқа ҳужжатларни электронлаштириш орқали бир олий таълим муассасаси 1 йилда 100 млн сўм иқтисод қилмоқда. Шунингдек, олий таълимга киришда ҳужжат топширишни рақамлаштириш ҳисобига 27 млрд сўм иқтисод қилинмоқда.

Авваллари ўқишга ҳужжат топшираётган абитуриент битта папканинг ичига ҳужжатларини солиб Сурхондарёнинг Боботоғ деган жойидан Тошкентга келарди. Аммо туманидаги поликлиникадан берилган рентген сурати тескари тушиб қолгани учун уни яна Сурхондарёга қайтаришарди. Шу рентгенни Тошкентдан қилай деса, рухсат йўқ эди. Ёки поликлиникаларда фақат сурат ёпиштириш мумкин бўлган «086» форма сотиларди. Ноқулайлик жуда кўп эди.

Ҳозир-чи? Абитуриент уйидан туриб, йўналишни танлаяпти ва истаган ўқишига ҳужжат топширяпти. Очиғини айтиш керак, бизда қоғоз саноати кўпроқ импорт ҳисобига бўлади. Рақамлаштириш орқали эса бунда катта маблағ иқтисод қилиняпти», – дея вазир сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Top