21:41 / 05.10.2021
10657
Саакашвили Грузия халқи ва Зеленскийга мурожаат қилди

Грузиянинг собиқ президенти, Тбилисида 1 октябрда ҳибсга олинган Михаил Саакашвили Украина президенти Владимир Зеленскийга мактуб орқали мурожаат қилди. У мурожаатда ўзини “Путиннинг тутқуни” деб атаган.

Фото: Facebook

Мактуб 3 та тилда: украин, рус ва инглиз тилида ёзилган бўлиб, Саакашвилининг Facebook’даги саҳифасида пайдо бўлган.

“Ҳурматли Владимир Александрович. Менинг сохта айбловлар бўйича Грузияда ноқонуний ҳибсга олинишим ва турмага қамалишимга билдирган сўзларингиз ва олий даражадаги давлат арбоби сифатидаги муносабатингиздан ғоят миннатдорман. Ушбу айбловларни дунёда Россиядан бошқа бирор давлат тан олмайди.

Мен Грузияни ҳаётимдан яхши кўраман, бироқ иккинчи ватаним, ҳаётимнинг кўп йилини ўтказган, оилам ва дўстларим яшайдиган, фуқаролигини олган Украинани ҳам жуда яхши кўраман ва қадрлайман. Мен сиз амалга ошираётган тарихий ўзгаришлар ва ислоҳотларга ўзимнинг камтарона ҳиссамни қўшганимдан бутун умр фахрланаман.

Мен Путиннинг шахсий тутқуни ҳисобланганим учун Украинани, бутун минтақа ва империянинг барча тутқунларини ҳимоялашдаги қатъий позициянгизни жуда юқори баҳолайман. Ҳурмат билан Михаил Саакашвили”, деб ёзган ўз мактубида собиқ президент.

Кейинроқ Саакашвили Facebook’да Грузия халқига ҳам мурожаат қолдирган.

“Мен Грузия фуқаролари қатъий қарорим ҳақида билишларини истайман. Мен Грузияга халқимизга эркинлик ва демократияни тиклашда ёрдам бериш учун қайтдим. Кутилганидек, мени ҳибсга олишди. Мен панжара ортида ҳам озод одам бўлиб қолмоқдаман. Сизга маълумки, мен очлик эълон қилдим ва шуни билишингизни истардимки, мен ҳар қандай вазиятда, мени деб ҳибсга олинган одамлар озод этилмагунгача тўхтамайман. Мен ҳаётни яхши кўраман, бироқ бу очликни ҳаётим якунланмагунча давом эттираман.

Агар мен халқимга мавжудлигим билан ёрдам бера олмасам, Грузия учун яшаш ҳам, ўлиш ҳам кераклигини исботлаш учун ўзимни қурбон қилишга тайёрман. Мен нимага бораётганимни биламан. Ўз оиламни ва яқинларимни ранжитмоқчи эмасман, бироқ ҳушимни йўқотсам олдиндан ҳар қандай тиббий ёрдамдан бош тортдим. Мен буни сизни ранжитиш учун эмас, аксинча фаолроқ бўлишингиз учун ёзмоқдаман. Мен барчангизни яхши кўраман”, деб таъкидлаб ўтган Саакашвили.

Аввалроқ Зеленский Саакашвили Украина фуқароси бўлгани учун унинг Украинага қайтарилиши билан шахсан шуғулланишини айтган. Шу билан бирга, Украина президенти Саакашвили юқори давлат лавозимини эгаллагани сабабли унинг огоҳлантиришсиз кетиб қолганини қоралаган.

Грузиянинг собиқ президенти ватанига қайтгач, 1 октябрда ҳибсга олинганди. Ҳозир у Рустави шаҳридаги турмада ушлаб турилибди ва у ерда очлик эълон қилган. Унга қўнғироқлар амалга ошириш тақиқлаб қўйилган. Саакашвили прокуратуранинг бу тақиқловини “шармандали ва ноқонуний” деб атаган.

Грузияда Саакашвилига қарши бир нечта жиноий иш олиб борилмоқда. Республиканинг ҳукмрон “Грузия орзуси” партияси етакчиси Ираклий Кобахидзенинг таъкидлашича, Саакашвили Грузияга қайтгач, давлат тўнтарувини амалга оширмоқчи бўлган.

Top