03:48 / 09.10.2021
8221
Сингапурлик олим янги турдаги коронавирус пайдо бўлиши мумкинлигини айтди
Фото: Zuma

Сингапурлик олим Ван Линьфа Sars-CoV-2 коронавируси одамдан ҳайвонларга қайта ўтиши ва уларда бир қатор мутацияларга учрагач, яна одамга янги коронавирус Sars-CoV-3 кўринишида юқиши ҳамда янги пандемияга олиб келиши мумкинлигидан огоҳлантирди.

Жануби-Шарқий Осиё давлатлари уюшмасининг соғлиқни сақлаш масалалари бўйича учрашувида АҚШ-Сингапур тиббиёт университети Duke-NU профессори бўлган Линьфа пандемия вақтида уй ҳайвонлари ўз эгаларидан коронавирус юқтириб олган ҳолатлар қайд этилганини таъкидлаб ўтган.

“Мисол учун, бу Sars-CoV-2 билан касалланган одам ўз ортидан охиригача ейилмаган мевани қолдирганда, сўнгра уни кўршапалак топиб еганда юз бериши мумкин”, деб олимнинг сўзларини келтирган Straits Times нашри.

Бундай ҳолатда, коронавирус кўршапалак организмида мутация қилиб, сўнгра бошқа ҳайвонга ўтиши ва унда яна бир неча мутацияга учраши мумкин. Бунда ҳосил бўлган янги вируслардан бири яна одамга юқиши мумкин.

“Бу ҳолат Америка қитъасида юз бериши мумкин. Бу ерда Sars-CoV-2 коронавируси Осиёда бўлгани каби, ҳозирча маҳаллий кўршапалаклар организмида йўқ”, деб таъкидлаб ўтган олим.

Ван Линьфа коронавирус пандемиясининг бошида ЖССТнинг фавқулодда қўмитаси аъзоси бўлган. У, шунингдек, коронавируснинг одамга оралиқ бўғин сифатидаги бошқа ҳайвондан юқиши мумкинлиги исботланган тадқиқотларда иштирок этган.

Олим янги мутациялар пайдо бўлиши олдини олиш чоралари сифатида кўршапалаклар ва бошқа ёввойи ҳайвонлардаги янги касалликлар, уларнинг инсонга ўтиши мумкинлиги ортидан кузатиш ва касалликлар авж олиши ортидан доимий кузатувнинг ишончли тизимини ишлаб чиқишни таклиф этган.

Top