12:55 / 11.10.2021
11429
Ҳозир четдан газ сотиб олишга ҳам тайёрмиз, чунки саноатимиз ишлаяпти – Шавкат Мирзиёев 

11 октябрь куни Шавкат Мирзиёевнинг сайловолди учрашувларидан навбатдагиси, ҳисоб бўйича тўққизинчиси Қашқадарё вилоятида бўлиб ўтди. ЎзЛиДеп вакиллари, номзоднинг ҳудуддаги тарафдорлари Шавкат Мирзиёевни анъанавий олқишлар билан кутиб олишди. 

Фото: Миллий масс-медиа фонди

“Инсон қадри” қўшиғи билан тадбирни номзоднинг вилоятдаги ишончли вакили Темур Поёнов очиб берди ва олиб борди. Модератор Шавкат Мирзиёевни таништиришга ҳожат йўқлигини айтиб, номзоднинг вилоят равнақи йўлида қилган хизматлари ҳақида айтиб ўтди. Шундан сўнг Шавкат Мирзиёевга сўз берилди.

“Темурбек тўғри айтди, Қашқадарёнинг мен бормаган ҳудуди қолмаган. Бош вазир бўлган пайтларимда ҳам оғир-оғир масалаларни ҳал қилишга ҳаракат қилганмиз. Йилнинг мана шу пайтлари ҳаммамиз пахта дардида юрардик. Лекин қизиғи, далада эмас, кўпроқ пахта заводи атрофида айланардик. Лекин “хлопзавод”да пахта ўсмайдику, “приписка” ўсади у ерда.

Бир жиҳатга эътиборингизни қаратмоқчиман – 2016 йилгача биз асосан газ билан пахта сотардик. Газдан кўпи билан 1 млрд, пахтадан нари борса 800-900 млн доллар даромад олардик. Ҳозир биласизлар, четга нари борса 15-20 фоиз газ сотяпмиз. Чунки эски шартномаларимиз бор. Керак бўлса четдан газ сотиб олишга ҳам тайёрмиз, сабаби, саноатимиз ишлаяпти.

Қашқадарёда бошқа вилоятларга нисбатан муаммолар кўпроқ. Бугун жонажон халқимизнинг фаровонлиги учун кўп-кўп ишлар қилишимиз кераклигини ҳаммамиз биламиз. Бугун ана шу масалалар бўйича очиқ мулоқот қилиб оламиз”, – деди президент.

Top