15:11 / 02.11.2021
3912
Тошкент шаҳрида уй-жой учун субсидияга аризаларни қабул қилиш тўхтатилди - ДХА

Тошкент шаҳрида субсидия учун аризаларни қабул қилиш тўхтатилди. Бу ҳақда Давлат хизматлари агентлиги хабар бермоқда.

Аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 25 мартдаги 182-сонли "Уй-жой сотиб олиш учун фуқароларга субсидия тўлаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида"ги қарори билан фуқароларга субсидия ажратилиб келинади. 

Маълум қилинишича, Тошкент шаҳри учун тасдиқланган манзилли дастурга асосан белгиланган субсидия тўланадиган талабгорларни танлаб олиш бўйича шаҳар комиссиясининг ижобий хулосалари берилди. 

“Уй-жой сотиб олиш учун фуқароларга субсидия тўлаш тартиби тўғрисидаги низомнинг 45-бандига асосан, субсидия тўланадиган талабгорларни танлаб олиш бўйича комиссияларнинг тақдимномасига кўра, субсидия учун аризаларни қабул қилиш тўхтатилди”, дейилади хабарда.

Уй-жой сотиб олиш ёки якка тартибдаги уй-жойларни қуриш ва реконструкция қилиш учун фуқароларга субсидия тўлаш тартиби тўғрисидаги низомнинг 45-бандига кўра, жорий йил учун ажратилган субсидиялар сони тугаган тақдирда, комиссия томонидан уч иш куни мобайнида аризаларни қабул қилишни тўхтатиш ҳақида оммавий ахборот воситаларида эълон берилади ҳамда тегишли туман (шаҳар) Давлат хизматлари марказига ахборот юборилиши шарт.

Комиссия ёки масъул ташкилот ходимлари томонидан ижтимоий мезонлар бўйича баҳолаш жараёнида маълумотлар нотўғри ва/ёки хато киритилган тақдирда, комиссия раисининг ёзма мурожаатига асосан дастурий таъминот тизим оператори томонидан маълумотлар тўғрилаш учун комиссия ёки масъул ташкилотга қайтарилади.

Комиссия ёки масъул ташкилот тўғрилаш учун қайтарилган маълумотларни тизимга қайта киритиш ҳуқуқига эга. Ариза берувчини ижтимоий мезонлар бўйича баҳолаш адолатли ва ҳаққонийлиги учун тегишлилиги бўйича комиссия аъзолари ва масъул ташкилот ходимлари шахсан жавобгардир.

Top