14:19 / 23.11.2021
8865
Ўзбекистон 8 мингга яқин маҳсулотни Буюк Британияга божсиз экспорт қилиш имконига эга бўлди
Фото: Буюк Британия элчихонаси ахборот хизмати

Ўзбекистон 7800 дан ортиқ маҳсулотларини Буюк Британияга импорт божларини тўламасдан экспорт қилиш имконига эга бўлди. Бирлашган Қироллик мамлакатни кенгайтирилган GSP тизимига қабул қилгани шундай имкониятни тақдим этмоқда. Бу ҳақда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ва Буюк Британия элчихонаси ҳамкорлигида ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинган.

Икки давлат ҳукуматларининг атиги 6 ойлик ҳамкорликдаги саъй-ҳаракатларидан сўнг, Ўзбекистон 2021 йил 1 ноябрда Буюк Британиянинг Кенгайтирилган GSP тизими аъзолигига расман қабул қилинди ва Бирлашган Қиролликнинг ушбу тизимига қабул қилинган дунёдаги илк давлат бўлди. Расмий Лондон Ўзбекистонга Кенгайтирилган GSP тизими бенефициари мақоми берилишининг сабабларини изоҳлар экан, Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари, меҳнат стандартлари, атроф-муҳит ва самарали бошқарув соҳасидаги 27та асосий халқаро конвенцияни муваффақиятли ратификация қилганини таъкидлаган. Ўзбекистон маҳсулотларига импорт божларининг бекор қилиниши эса, икки давлат ўртасида товар айирбошлаш ҳажми ошишига самарали таъсир кўрсатади.

Фото: Буюк Британия элчихонаси ахборот хизмати

Шундай қилиб, бу тизим Ўзбекистонга дунёнинг умумий қиймати 437 миллиард фунт стерлингдан ортиқ бўлган бешинчи энг йирик иқтисодиёти ҳамда етакчи халқаро истеъмол ва чакана савдо бозорига кириш имконини беради. Ўз навбатида, Буюк Британия учун ҳам минтақавий марказ бўлиб хизмат қиладиган ва минтақанинг энг жадал ўсаётган ва ривожланаётган бозорига кириши осонлашади ҳамда Ўзбекистоннинг ноёб тўқимачилик, қишлоқ хўжалиги ва бошқа турли хил маҳсулотларига йўл очади.

Фото: Буюк Британия элчихонаси ахборот хизмати

Буюк Британиянинг Шарқий Европа ва Марказий Осиё бўйича савдо комиссари жаноб Кенан Полеонинг айтишича, “Буюк Британия ўсиб бораётган ва ривожланаётган мамлакатлар савдодан қашшоқликни камайтириш учун восита сифатида фойдаланишини таъминлашга интилади”. Унинг таъкидлашича, “Бунда Буюк Британиянинг GSP тизими Қиролликнинг динамик бозорига имтиёзли киришни таъминлаш орқали жуда муҳим рол ўйнайди. Бу, ўз навбатида, аҳолиси ёш ва жадал ўсиб бораётган Ўзбекистонда янги иш ўринлари яратиш ҳамда тадбиркорликни рағбатлантиришга хизмат қилади”.

Top