10:05 / 01.12.2021
7543
Ўзбекистон делегацияси Умра зиёрати масаласини муҳокама қилиш учун Саудияга жўнаб кетди

Бугун, 1 декабрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин Холиқназаров ва Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқжон Тошбоев бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси аъзолари Саудия Арабистонига жўнаб кетди.

Фото: Omer Arslan

Kun.uz билан суҳбатлашган идора матбуот хизмати бошлиғи сафар давомида Ўзбекистон делегацияси Саудия подшоҳлиги масъуллари билан асосан фуқароларимиз учун Умра зиёратига юбориш, пандемия муносабати билан сафарнинг ўзига хос жиҳатлари тўғрисида музокаралар олиб боради.

Бир ҳафта давом этиши кутилаётган ушбу сафар давомида расмийлар Умра зиёратчиларига яратилган шароитлар, пандемия туфайли мамлакатда жорий қилинган янги тартиблар билан танишади ҳамда бир қанча масъуллар билан учрашув ўтказиши кутилмоқда.

Шунингдек, Ўзбекистон мусулмонлар идораси сафар давомида эришилган келишувлар бўйича алоҳида расмий маълумот берилишини билдирди.

Эслатиб ўтамиз, 2019-2020 йилларда пандемия туфайли бутун дунё мўмин-мусулмонлари «Ҳаж» ва «Умра» амалларини адо эта олмади.

Аввалроқ, Умра зиёратига борувчиларнинг 14 кун кутишлари шарт эмаслиги ҳақидаги талаб фақат Саудия Арабистони фуқаролари ва бу мамлакатда бўлиб турган хорижий фуқароларга тегишли эканлиги, хориждан келадиган фуқароларга қўйилган чекловлар ҳали бекор қилинмагани эълон қилинган эди.

Шунингдек, жорий йилнинг 10 августидан Саудия Арабистони ҳукумати зиёратчилар коронавирусга қарши барча зарур чораларни кўрган ҳолда, қиролликда тасдиқланган Pfizer, Moderna, Johnson & Johnson, AstraZeneca вакциналаридан бири билан тўлиқ эмланган бўлиши кераклигини билдирган.

Top