13:01 / 03.01.2022
20578
Давлат мукофоти, 2 хонали уй ва 250 миллион сўм – Нодирбек Абдусатторов муносиб тақдирланди

Тезкор шахмат (рапид) бўйича энг ёш жаҳон чемпиони, ўзбекистонлик Нодирбек Абдусатторовга «Мард ўғлон» давлат мукофоти ҳамда Тошкент шаҳрида 2 хонали уй калити топширилди.

3 январь куни Миллий Олимпия қўмитасида шахматнинг рапид йўналиши бўйича жаҳон чемпиони Нодирбек Абдусатторовни табриклаш маросими бўлиб ўтди. Унда президент матбуот котиби Шерзод Асадов, президентнинг ёшлар, фан, таълим, соғлиқни сақлаш ва спорт масалалари бўйича маслаҳатчиси Абдужаббор Абдувоҳидов, бош вазир ўринбосари, Ўзбекистон Шахмат федерацияси раиси Азиз Абдуҳакимов, МОҚ бош котиби Ойбек Қосимов иштирок этди.

Президентнинг фармонига мувофиқ, Нодирбек Абдусатторов «Мард ўғлон» давлат мукофоти билан тақдирланганди. Президент масалаҳатчиси Абдужаббор Абдувоҳидов ушбу мукофотни тантанали равишда топширди.

Шунингдек, унга совға қилинган 2 хонали хонадон калити топширилди.

Шунингдек, чемпионга 250 миллион сўм, мураббийларга 100 миллион сўмдан, Варшавадаги жаҳон чемпионатида блиц йўналишида иштирок этиб, соврин учун курашган Жавоҳир Синдоровга 50 миллион сўм, турнирда иштирок этган бошқа шахматчилар - Жаҳонгир Воҳидов ва Шамсиддин Воҳидовга ҳам пул мукофотлари берилди.

  • Декабрь ойи охирида Варшавада бўлиб ўтган тезкор шахмат (рапид) бўйича жаҳон чемпионатида 17 ёшли Нодирбек Абдусатторов ғалаба қозониб, мусобақа тарихидаги энг ёш чемпион бўлган эди.
  • 30 декабрь куни шахматнинг рапид ва блиц йўналиши бўйича жаҳон чемпионати ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Унда Абдусатторов шоҳсупа тепасига кўтарилди ва кубок ҳамда медални қабул қилиб олди. Унинг шарафига Ўзбекистон мадҳияси янгради.
Top