20:14 / 09.01.2022
5455
«Мен ғолиб» шиори остида ҳаваскорлар ўртасида оммавий югуриш мусобақаси ўтказилди

9 январь куни Тошкентда Ўзбекистон Қуролли кучлари ташкил этилганининг 30 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари кунига бағишланган "Мен ғолиб" шиори остида 10 км масофага югуриш мусобақаси ўтказилди.

Фото: Туризм ва спорт вазирлиги

Ўзбекистон Республикаси Туризм ва спорт вазирлиги, Мудофаа вазирлиги, Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси, Ўзбекистон триатлон федерацияси ташаббуси билан ватанпарварлик руҳида ташкил этилган ушбу тадбирда мамлакат Қуролли кучлари тизимига кирувчи тузилмалар ҳамда оддий аҳоли вакилларидан иборат ҳаваскорлар жамоалари иштирок этишди. Жумладан, 7та марказий давлат ташкилотлари жамоалари (ПДХХ, ДБҚ, ИИВ, МВ, ФВВ, МГ ва ДҲХ) қатнашди. Бу ҳақда Туризм ва спорт вазирлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.

Тадбирда Туризм ва спорт вазирлиги бошқарма бошлиғи Зарина Абдуллаева Ўзбекистон бош вазири ўринбосари - Туризм ва спорт вазири Азиз Абдуҳакимовнинг табрик нутқини ўқиб эшиттирди.

«Бугун сиз профессионал спортчи бўлмасангиз-да, мусобақадаги иштирокингиз билан кўп миллатли халқимиз орасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб этишда юксак намуна кўрсатмоқдасиз. Шуни чуқур англаш лозимки, давлатимиз сиёсий ҳаётида спортнинг юриш ва югуриш каби саломатлик учун энг фойдали бўлган турларини оммалаштириш устувор йўналишлардан бирига айланди.

Шу билан бирга, 2020 йил 30 октябрда давлатимиз раҳбари томонидан имзоланган "Соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги 6099-сонли президент фармонида ҳам юртимизда аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш ва ёшлар орасида соғлом турмуш тарзини фаол тарғиб этишга алоҳида урғу қаратилган», дейилади нутқда.

Ҳарбий хизматчилар орасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш, мунтазам равишда жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланишйўлида уларни бирлаштириш, югуришни оммалаштириш мақсадида ташкил этилган мазкур мусобақада таълим муассасалари орасидан 6та жамоа (ҚК академияси, Жамоатчилик хавфсизлиги университети, ИИВ академияси, ДХХ академияси ҳамда ФВВ академияси) мусобақалашишди. Жами 500 нафарга яқин иштирокчини қамраб олган мазкур мусобақада умумий ҳисобда 390 нафар кучишлатар ҳамда таълим муассасаларидан вакиллар қатнашишди.

Маълумот учун, “Мен ғолиб” югуриш мусобақасида ҳар бир жамоа 30 нафардан иштирокчи, улардан 3таси профессионал спортчи ҳамда 3 нафар аёлдан иборат бўлиши лозим. Жамоа ҳисобида энг яхши 25 натижа, улардан 3таси аёл қатнашчиларнинг натижалари қайд этилиши белгиланган.

Югуриш мусобақаси “Халқлар дўстлиги” саройи майдонидан старт олди. Фурқат, Бешёғоч, И.Каримов ҳамда А.Темур шоҳ кўчаси бўйлаб А.Темур ҳайкали айланма йўлига йўналиш олди. Шунингдек, хронометражнинг назорат нуқтаси шу ердан орқага қараб йўналиш олди.

Ҳар йили бир неча бор ўтказиладиган мазкур югуриш мусобақасида энг маҳоратли атлетлар, ҳарбий хизматчилар саралаб олинди.

Жумладан, қуйидаги номинациялар бўйича иштирокчилар тақдирланди:

Эркаклар ўртасида: Шоҳруҳ Давлатов - Абсолют – гендер кўрсаткичлари бўйича ажратилган югуриш иштирокчилари орасида;

Аёллар ўртасида:

Алима Ҳакимова - Абсолют – гендер кўрсаткичлари бўйича ажратилган югуриш иштирокчилари орасида;

Миллий гвардия - Кучишлатар тузилмалар жамоалари ўртасида жамоавий биринчилик;

ИИВ академияси - Кучишлатар тузилмалар таълим муассасалари ўртасида жамоавий биринчилик.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси спорт клубларининг ҳаваскор югурувчилари, скадинавча юриш ва югуриш ҳаваскорлар жамиятлари вакиллари ҳам югуриш мусобақасида иштирок этишди.

Top