14:08 / 01.02.2022
13107
Ўзбекистон миллий жамоасининг Янги Зеландияга қарши ўйини бекор қилинди

Бирлашган Араб Амирликларида йиғин ўтказаётган Ўзбекистон миллий жамоасининг навбатдаги ўртоқлик учрашуви бекор қилинди. 

Фото: ЎФА

ФИФА кунлари доирасида бугун, 1 февраль куни ўтказилиши белгиланган Янги Зеландияга қарши баҳс рақиб жамоа таркибидаги 12 нафар футболчида коронавирус аниқлангани сабабли ўтказилмайдиган бўлган. 

«Ўзбекистон миллий жамоаси Янги Зеландияга қарши учрашувга фаол тайёргарлик олиб борди. Ўйин олдидан топширилган ПТСР тестлар жамоамизнинг барча аъзоларида манфий чиқди ва ҳаммаси режа бўйича кетаётганди.

Бироқ бугун тонгда Янги Зеландия миллий жамоасининг 12 футболчисида ўйинолди текширувда коронавирус аниқлангани маълум бўлди. Рақиб жамоа вакиллари бундай ҳолатда ўйнай олмасликлари, мураббий эса таркиб шакллантириш учун етарлича футболчиларга эга эмаслигини билдирди. Ўз навбатида Ўзбекистон миллий жамоаси учун ҳам футболчилар саломатлиги устувор ҳисобланади. Натижада томонлар бугунги ўйинни қолдиришга қарор қилишди», - дейилади ЎФА хабарида.

Аввалроқ, Япония миллий жамоаси ҳам 21 январь куни Ўзбекистонга қарши баҳсни Токиодаги коронавирус бўйича вазият сабабли бекор қилган эди.

Шу тариқа, Ўзбекистон миллий жамоаси Дубайдаги уч ҳафталик йиғинни якунлаб, Тошкентга қайтади. Сречко Катанец шогирдлари БААда «Ал-Ваҳда» клуби (1:0) ва Жанубий Судан миллий жамоаси билан ўртоқлик учрашуви (3:0) ўтказишганди.

Top