13:52 / 11.03.2022
956
Навоийда ҳайдовчи 3 йилдан буён сохта “права” билан машина бошқариб юргани аниқланди 

У 2018 йилда ҳайдовчилик гувоҳномасини йўқотиб қўйган ҳамда ўзи рангли принтер ёрдамида сохтасини тайёрлаб олган.

Фото: ИИБ ахборот хизмати

Навоий шаҳрининг Тинчлик қўрғонида яшовчи фуқаро И.И. сохта ҳайдовчилик гувоҳномаси билан машина бошқариб юргани маълум бўлди. Бу ҳақда Kun.uz’га Навоий вилояти ИИБ ахборот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, 2022 йилнинг 12 январ куни И.И. тегишли ҳужжатларсиз Matiz машинасини бошқаргани аниқланган ва машина жарима майдонига жойлаштирилган. Сўнгра у машинасини жарима майдонидан чиқариш учун сохта ҳайдовчилик гувоҳномасини тақдим этиши мумкинлиги тўғрисида олинган маълумот асосида ИИВ ШХББ Навоий вилояти бўйича бўлими ходимлари томонидан тезкор тадбир ўтказилган.

Тадбир давомида ҳайдовчи томонидан тақдим этилган ҳайдовчилик гувоҳномасининг ҳақиқий эканига шубҳа уйғониб, ҳужжатлар расмийлаштириб олинган. Ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида Навоий вилояти ИИБ ЙҲХБ рўйхатдан ўтказиш ва имтиҳон олиш бўлими махсус базалари ҳамда архиви текширилганда, И.И. номига 2016 йилнинг 19 декабр куни ҳайдовчилик гувоҳномаси расмийлаштирилгани, аммо унинг йўқолгани бўйича мурожаат келиб тушмагани маълум бўлган. Ҳолат юзасидан ҳайдовчи 2018 йилнинг куз ойларида ҳайдовчилик гувоҳномасини йўқотиб қўйганини ҳамда рангли принтер ёрдамида унинг сохта нусхасини тайёрлаб, машина бошқаришда фойдаланиб юрганини билдирган. 

Ҳозирда ҳолат юзасидан ҳайдовчига нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Top