11:54 / 04.04.2022
3189
Украинани 4,1 миллиондан ортиқ киши тарк этган – БМТ

Мамлакатни тарк этган украиналикларнинг катта қисми Полша, Руминия, Молдова каби мамлакатларга қочиб ўтган.

Фото: Reuters

Украинада ҳарбий ҳаракатлар бошланганидан буён мамлакатни 4,1 миллиондан ортиқ инсон тарк этган. Бу ҳақда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Қочқинлар бўйича Олий комиссари бошқармаси (UNHCR)  маълум қилди.

Ташкилот веб-сайтида эълон қилинган маълумотларга кўра, 24 февралдан 2 апрелгача Украинани тарк этган қочқинлар сони 4 млн 176 минг 401 нафарга етган.

Қайд этилишича, украинларнинг катта қисми Полшага йўл олмоқда: мамлакатга 2 млн 429 минг 265 нафар украиналик келган.

Руминияга 636 мингга яқин, Молдовага 392 минг 933 киши ўтган. Шунингдек, Венгрияга 385,7 минг, Словакияга 298,1 минг киши кирган.

Бундан ташқари, Россияга ҳам 350 мингдан ортиқ қочқин ўтган.

Маълумот учун, 2022 йил 1 январь ҳолатига кўра, Украина аҳолиси (Қримсиз, лекин Донбасснинг бутун ҳудуди билан бирга) 41 миллион 167,3 минг кишини ташкил қилган.

Мавзу
Украина инқирози
2021 йил давомида Россия Украина билан чегарада қўшин тўплади. Сўнгги вақтларда минтақада вазият кескинлашмоқда.
Барчаси
Top