15:32 / 19.04.2022
13704
«Ўзбекнефтгаз» бошқарув раисининг иқтисодиёт ва молия бўйича ўринбосари лавозимидан озод этилди

“Ўзбекнефтгаз” АЖ бошқарув раиси Меҳриддин Абдуллаев бошчилигида ишлаб чиқариш ва қайта ишлаш жараёнларида янгича ёндашувни амалга ошириш, молиявий соғломлаштириш бўйича дебитор қарздорликларни ундиришга доир масалалар муҳокама қилинди.

Бошқарув раиси сўнгги вақтларда жамиятнинг иқтисодий йўналишида сансоларлик ва масъулиятсизлик ҳолатлари кузатилганини кескин танқид қилди ва дебитор қарздорликни ундириш, ҳамкорлар билан яқин алоқалар ўрнатилмаганини таъкидлаб ўтди.

Ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш ва уни ривожлантириш учун энг аввало молиявий имкониятларни яхшилаш, барча масъул раҳбарлар ўзларига бириктирилган вазифаларни бажариши лозимлиги билдирилди.

Бошқарув раиси томонидан раис ўринбосарлари фаолияти танқид қилиниб, улар ўз имкониятлари даражасида жамият манфаатларини ўйламаётгани, сўнгги икки ҳафтада кўплаб вазифалар бажарилмагани, “Ҳудудгазтаъминот” АЖ, “Ўзтрансгаз” АЖ ва ҳамкор банклар билан алоқаларда сусткашликка йўл қўйилгани билдирилди.

Департаментлар фаолияти ҳам қайта кўриб чиқилиши, уларнинг тизим корхона ва ташкилотлари билан мунтазам алоқа ўрнатиши йўлида янгича йўналишда иш бошланиши лозимлиги айтилди.

Шу вақтга қадар завод ва бошқармалар ҳамда Марказий аппарат ўртасидаги ўзаро алоқалар ҳанузгача эскича тизимда қолаётгани, бошқарув раиси ўринбосарлари ҳар куни завод директорлари билан суҳбатлашиб, уларнинг муаммоларини ўрганиши ҳамда ечим борасида қарорлар қабул қилиши хусусида топшириқлар берилди.

Бошқарув раиси йиғилиш давомида иқтисодиёт ва молия бўйича ўринбосар Улуғбек Ашуров ўз аризасига кўра лавозимидан озод этилганини билдирди. Унинг ўрнига вақтинчалик вазифасини бажариш Бухгалтерия ҳисоби ва корпоратив ҳисобот департаменти бошлиғи Иқбол Обидовга юклатилди.

Шунингдек, дебитор қарздорликларни бартараф этиш баробарида, бурғилаш, капитал таъмирлаш, табиий газ қудуқлари фаолиятини тўла таъминлаш борасидаги ишлар биринчи навбатда молиялаштирилиши бўйича вазифалар белгилаб берилди.

Муборак нефт ва газ қазиб чиқариш бошқармаси фаолияти ҳозирда қониқарсиз аҳволга келиб қолгани сабабли, табиий газ қазиб чиқариш ҳажмини ошириш мақсадида кечиктириб бўлмас чоралар кўрилиши таъкидланди ҳамда бошқарма бошлиғи фаолияти танқидий ўрганиб чиқилиши бўйича топшириқлар берилди.

Top