18:06 / 26.04.2022
6226
Салоҳияти ҳали ишга солинмаган туристик манзилларга сайёҳларни жалб этиш бўйича топшириқлар берилди

Ўзбекистондаги ҳар бир вилоятда туристлар учун жозибадор бўлган камида 20 миллион долларлик 1 тадан йирик лойиҳа бошланади.

Фото: Халқ сўзи

Туризм хизматлари кўламини кенгайтириш ва инфратузилмасини ривожлантириш бўйича видеоселекторда туризм вазири, унинг янги тайинланган ўринбосарлари, вилоят ҳокимлари ва туризм бўйича муовинлари олдидаги энг устувор вазифалардан бири - туризм соҳасида пандемиягача бўлган кўрсаткичларни тиклаш экани таъкидланди.

Туризм ва унга турдош соҳаларда камида 200 мингта янги иш ўринлари яратиш вазифаси қўйилди. Бунинг учун йил якунига қадар ҳар бир вилоятда туристлар учун жозибадор бўлган камида 20 миллион долларлик 1 тадан йирик лойиҳани бошлаш зарурлиги таъкидланди.

Мисол учун, Наманганда ишга туширилган «Афсоналар водийси», Бўстонлиқда «Амирсой мажмуаси»да ҳам болалар учун, ҳам катталар учун барча шароитлар яратилган бўлиб, кунига минглаб хорижий ва маҳаллий туристлар келмоқда.

Бундай йирик лойиҳаларни қўшни давлатлар учун қулай бўлган Андижон, Тошкент вилояти, Қашқадарё ва Хоразмда барпо этиш учун барча имкониятлар етарли.

Йиғилишда мамлакатда Чимён, Билдирсой ёки Зоминдан кам бўлмаган, лекин салоҳияти ҳали ишга солинмаган туристик манзиллар кўплиги таъкидланди. 

Масалан, Бойсундаги дунёда энг чуқур ғорлардан ҳисобланган Бойбулоқ (Осиёда энг чуқур, 1 минг 415 метр), ёнидаги Вишневский (715 метр), Неандартал одам қолдиғи топилган Тешиктош ғорлари, Дарбанд дараси, қадимий эллин маданияти ёдгорлиги – Узундара қалъаси бутун дунёдан сайёҳларни ўзига жалб қилади. 

Бу ерда меҳмонхона, кемпинг, тоғ спорти, дор йўли, туристлар уйлари каби объектларни ташкил этиш орқали 500 минг сайёҳни бемалол жалб қилиш мумкинлиги таъкидланди.

Бундай имкониятлар Бўстонлиқдаги Товоқсой, Оҳангарондаги Овжасой, Ангрендаги Янгиобод, Шаҳрисабздаги Мираки, Янгиқўрғондаги Нанай, Попдаги Чодак ҳудудларида ҳам мавжуд.

Чорвоқ ва Тўдакўлдан бошқа бирорта ҳудудда чўмилиш жойлари йўқлиги қайд этилди. Бу борада Нукусдаги Ашшикўл, Бухородаги Зикрикўл, Жиззахдаги Айдаркўл ва Тузкон кўлининг имкониятлари ишга солинмай турибди.

Президент мавзуни давом эттирди.

Боғотнинг «Қалъа-жиқ» ва Элликқалъадаги Ақчакўлда санаторий-курорт ташкил этиш, Бухорода «Қадимий Бухоро» ва «Ўнинчи аср этноқишлоғи», Наманганда «Оазис», Сирдарёда «Сирдарё экотуризм», Тошкент вилоятида «Гарден» туризм кластерлари ва Фарғонада «Фарғона парки» тематик боғини ташкил этиш бўйича йирик лойиҳаларни бошлаш кераклиги айтилди.

Вилоят ҳокимларига бир ой муддатда ушбу лойиҳаларни амалга ошириш учун ҳудудларни белгилаб, салоҳиятли инвесторларни аниқлаш ва амалий ишларни бошлаш топширилди.

Жорий йилда Ўзбекистон туризм магистрали бўйлаб 31 та туман (шаҳар) ҳудудидан ўтувчи йўл бўйида комплекс туризм хизматларини (автотураргоҳ, кемпинг, автосервис, овқатланиш, ёқилғи қуйиш) қамраб олган 1 тадан «карвонсарой» барпо этиш вазифаси қўйилди.

Бундай лойиҳаларга бир ой муддатда 1 триллион сўм кредит ресурслари ажратилади, йил якунига қадар яна 100 миллион доллар жалб қилинади.

Вилоят ҳокимлари ҳам камида 20 миллион долларлик лойиҳаларни ишга тушириши шартлиги кўрсатиб ўтилди.

Top