08:59 / 29.04.2022
3331
«Хавфсиз ва равон йўл» умуммиллий дастури лойиҳаси эълон қилинди
Фото: Kun.uz

Вазирлар Маҳкамасининг “2022-2026 йиллар давомида амалга оширилиши мўлжалланган “Хавфсиз ва равон йўл” умуммиллий дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Ҳужжатга кўра, автомобиль йўллари инфратузилмаси, йўллар сифати бугунги кун талабига жавоб бермайди. Йўл ҳаракати иштирокчиларининг хавфсиз ҳаракатланиши учун ишончли шарт-шароитлар яратилмаган.

Йўл ҳаракатини ташкил этиш рақамлаштирилмаган, бошқарув ва назорат тизимлари жорий қилинмаган. Автомобиль йўлларидаги 200 мингга яқин йўл белгилари ва кўрсаткичларининг ярми талабга жавоб бермайди, 370 мингдан ортиқ йўл белгилари етишмайди.

Лойиҳада қуйидаги асосий масалалар назарда тутилган:

2022-2026 йиллар давомида амалга оширилиши мўлжалланган “Хавфсиз ва равон йўл” умуммиллий дастурини тасдиқлаш, бунда:

  • йўл инфратузилмасини комплекс такомиллаштириш;
  • автомобиль йўлларида ҳаракатни бошқариш тизимини рақамлаштириш;
  • жамоат транспортини ривожлантириш ва рақамлаштириш;
  • йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бўйича ташвиқот ишларини кучайтириш, болаларга йўл ҳаракати қоидаларини амалий ўргатишни йўлга қўйиш;
  • Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан дастурда белгиланган тадбирларни амалга ошириш бўйича манзилли “Йўл харитаси”ни ҳар йили ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритиш, ҳар ойда амалга амалга оширилган ишлар юзасидан халқ депутатлари кенгашларига ҳисобот бериб бориш;
  • дастур доирасида амалга оширилаётган ишлар ва мавжуд камчиликларни Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш республика махсус комиссиясида ҳар чоракда ҳамда ҳудудий махсус комиссияларда ҳар ойда танқидий муҳокама қилиб бориш ва уларни бартараф этиш бўйича тегишли чоралар белгилаш;
  • дастурда белгиланган тадбирларнинг сифатли ва ўз вақтида бажарилишини сўзсиз таъминлаш учун шахсий жавобгарликни Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари, Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Автомобиль йўллари давлат қўмитасининг раиси, молия вазири, ички ишлар вазири зиммаларига юклаш.

Билдирилишича, лойиҳанинг қабул қилиниши натижасида:

  • автомобиль йўллари инфратузилмаси такомиллаштирилади, йўлларнинг сифати яхшиланади;
  • йўл ҳаракати иштирокчиларининг хавфсиз ҳаракатланиши учун ишончли шарт-шароитлар яратилади;
  • йўл ҳаракатини ташкил этиш рақамлаштирилади, шунингдек, илғор ахборот-коммуникация технологияларини жорий қилган ҳолда янги бошқарув ва назорат тизимлари жорий қилинади;
  • болаларга йўл ҳаракати қоидаларини амалий ўргатиш учун шароит яратилади.

Ҳар йили бюджетни шакллантириш параметрларида дастур доирасида амалга ошириладиган тадбирларни молиялаштириш назарда тутилмоқда.

Top