09:37 / 12.05.2022
1160
Чет эл фуқароларини Ўзбекистонга таклиф қилиш бўйича давлат хизмати кўрсатиш тартиби эълон қилинди

Вазирлар Маҳкамасининг “Чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни Ўзбекистонга таклиф қилиш бўйича давлат хизмати кўрсатишнинг маъмурий регламентини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Фото: Kun.uz

Белгиланишича:

чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни Ўзбекистонга таклиф қилиш учун Ички ишлар вазирлиги Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмалари (ваколатли давлат органи)га мурожаат қилиш бўйича давлат хизматини кўрсатиш Ягона интерактив давлат хизматлари портали (ЯИДХП) орқали амалга оширилади;

бунда, ваколатли давлат органи томонидан чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни хориждан таклиф қилиш учун ваколатли давлат органига анъанавий тарзда мурожаат қилиш бўйича давлат хизмати тартиби ҳам сақлаб қолинади.

Чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни Ўзбекистонга таклиф қилиш учун Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали давлат хизмати кўрсатишнинг маъмурий регламентига кўра, давлат хизмати ЯИДХП орқали Ички ишлар вазирлиги Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмалари томонидан кўрсатилади.

Маъмурий регламент чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни Ўзбекистонга таклиф қилиш учун электрон мурожаатларни автоматлаштирилган тизим орқали қабул қилиш, кўриб чиқиш жараёнида тизим иштирокчиларининг муайян вазифаларини белгилайди, хусусан:

автоматлаштирилган тизимга киритилган маълумотларга ишлов бериш, сақлаш ва улардан фойдаланиш ҳамда мурожаат ҳолати мониторингини юритиш;

автоматлаштирилган тизим доирасида жалб этилган вазирликлар ва идоралар ахборот тизимлари ўртасида ўзаро маълумот алмашиш;

жисмоний шахслар электрон талабномаларини идентификация қилиш;

тегишли статистик маълумотларни шакллантириш ва мониторинг олиб бориш.

Мурожаат этувчи чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни Ўзбекистонга таклиф қилиш учун ваколатли органга ўз хоҳишига кўра ЯИДХП орқали электрон рақамли имзодан фойдаланиб рўйхатдан ўтган ҳолда электрон тарзда мурожаат этади.

Бунда, мурожаат этувчи ЯИДХП орқали чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни Ўзбекистонга таклиф қилиш учун ваколатли органга мурожаат этиш бўйича электрон шаклдаги сўровномани тўлдиради ҳамда “Давлат божи тўғрисида”ги қонунда белгиланган миқдорда давлат божи тўловини амалга оширади. Давлат божи тўловлари амалга оширилгани ягона биллинг тизими орқали тасдиқланади.

Ваколатли орган томонидан сўровномага киритилган маълумотларнинг ҳаққонийлиги автоматлаштирилган ахборот тизими ёрдамида текширилади.

Ваколатли орган томонидан ўрганиб чиқиш натижаларига кўра ижобий деб топилган сўровнома Давлат хавфсизлик хизматига юборилади.

Давлат хавфсизлик хизмати етти иш кун ичида чет эл фуқароси ва фуқаролиги бўлмаган шахснинг Ўзбекистон ҳудудига таклиф қилиниши мақсадга мувофиқлиги ёки мувофиқ эмаслиги тўғрисида электрон тизим орқали фикрини беради.

Ваколатли орган томонидан ўрнатилган тартибда талабнома шакллантирилгандан сўнг мурожаат этувчига бир иш куни давомида QR-код билан ҳимояланган таклифнома расмийлаштирилади ва ЯИДХП орқали мурожаат этувчига тақдим этилади.

Top