21:10 / 03.09.2022
15343
Илк марта ўзбекистонлик 4 шахматчи FIDE рейтингида ТОП-100таликка кирди

Нодирбек Абдусатторов FIDE рейтингида кучли 30таликдан жой олди. Рустам Қосимжонов 72-ўринда қайд этилди. Нодирбек Ёқуббоев ва Жавоҳир Синдоров ҳам юқори юзликка кирди ва бу рейтингдаги ўзбекистонликлар сони тарихда биринчи марта 4 нафарга етди.

Нодирбек Абдусатторов /Фото: International Chess Federation / Lennart Ootes

Халқаро шахмат федерацияси (FIDE) сентябр ойи учун жаҳон шахматчилари рейтингини эълон қилди. Рейтингда ўзбекистонлик гроссмейстер Нодирбек Абдусатторов август ойидаги ўрнини сезиларли яхшилаган: у рейтингини 2713 га етказиб (+36), жаҳон рейтингида 64-ўриндан 30-ўринга кўтарилди.

Бунга Абдусатторовнинг ўтган ой Ҳиндистонда бўлиб ўтган жаҳон шахмат олимпиадаси ва Туркия суперлигасида жами 22 та ўйин ўтказиб, уларнинг аксариятида муваффақиятга эришгани сабаб бўлган. У ёш шахматчилар рейтингидаги ўрнини икки поғонага яхшилаб, 4-ўринга чиқди.

Нодирбек Ёқуббоев / Фото: Ўзбекистон шахмат федерацияси

FIDE'нинг ТОП-100 рейтингида ўзбекистонликлар сони илк марта 4 нафарга етди. Рустам Қосимжонов (2670) 72-ўринда бормоқда. Ўтган ойдаги олимпиада чемпионлари – Нодирбек Ёқуббоев (2656) ва Жавоҳир Синдоров (2651) кучли юзталикка кириб, мос равишда 89- ва 92-ўринларни банд этишди.

Ўзбекистон шахмат федерацияси FIDE рейтингида 18-ўринга кўтарилди (+1).

Жавоҳир Синдоров / Фото: Ўзбекистон шахмат федерацияси

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон эркаклар терма жамоаси август ойида бўлиб ўтган шахмат олимпиадасида бирорта ҳам мағлубиятга учрамаган ягона жамоа бўлиб, якунда чемпионликка эришганди. Жамоанинг юқорида исми тилга олинган уч аъзоси, шунингдек Жаҳонгир Воҳидов ва Шамсиддин Воҳидов “Ўзбекистон ифтихори” унвони, Equinox автомобили ва 600 млн сўмдан пул мукофотлари билан тақдирланди.

Шахмат тожи ҳамон норвегиялик Магнус Карлсенда (2861). Юқори учликда хитойлик Лирен Динг (2808) ва россиялик Ян Непомняший (2792) бормоқда. ТОП-10таликдаги тўрт гроссмейстер – америкалик.

Top