19:14 / 17.01.2023
9525
Германия мудофаа вазири истеъфоси. У Украинага ёрдам масаласида қатъиятсизлиги учун танқид қилинаётганди

Германия мудофаа вазири Кристина Ламбрехт истеъфога чиқди. Уни сўнгги ойларда Украинага ёрдам масаласидаги қатъиятсизлиги учун танқид қилиб келишаётганди.

Фото: Getty Images

Бу қарорни у Германияда ишлаб чиқарилган жанговар танклар Украинага етказилишига рухсат бериш бўйича Берлинга бўлаётган босимлар ўсиши ва Киевга қурол етказишни мувофиқлаштирувчи Украина мудофааси масалалари бўйича Контакт гуруҳининг жума кунги учрашуви арафасида қабул қилди.

Немис матбуотида тарқалган истеъфо тўғрисидаги баёнотда 57 ёшли Ламбрехт шундай деган: «ОАВнинг кўп ойлар давомида менга бўлган эътибори менга фактларни ёритишга ва аскарлар, армия ва хавфсизлик сиёсатини Германия манфаатларини кўзлаб муҳокама қилишга имкон бермайди».

Хатоликлар ва муваффақиятсизликлар

2022 йил январида, Россиянинг Украинага босқини бошланишидан олдинроқ, немис матбуоти Ламбрехтни кулги остига олганди, ўшанда мудофаа вазири Германия Украинага 5000 та каска жўнатгани ҳақида хабар берганди - бу вақтда эса Киев россияликларнинг эҳтимолий ҳужумини қайтариш учун оғир қуроллар сўраётганди.

Май ойида нашрлар унинг таътилини ҳам кўздан қочирмади - ўшанда у ўғли билан ҳукумат вертолётида таътилга жўнаб кетганди. Немис нашрлари бундай қарор тўғри бўлганини шубҳа остига олган, Bild газетаси эса Украинадаги инқироз чоғида таътилга чиқиш қанчалик зарурат экани ҳақида тўғридан тўғри савол қўйганди.

Мудофаа вазири сифатида олти ой ишлаганидан кейин ҳам у барча ҳарбий унвонларни эслаб қолмаганини тан олган интервьюси учун танқид қилинди.  

Январ ойи бошида Ламбрехт ижтимоий тармоқда жойлаштирган видео ҳам баҳсларга сабаб бўлди, видеода у йил «Украинанинг бўлажак марказида давом этаётган уруш» билан якунлангани ҳақида фикр юритади. Видеода Берлиндаги байрам мушакбозлиги фонида Ламбреҳт Украинадаги уруш «кўплаб ўзгача таассуротлар» олиб келгани ва унга «ажойиб ва қизиқарли инсонлар билан» учрашиш имкониятини берганини айтади.

Шундан сўнг нашрлар очиқчасига у тез орада истеъфога чиқиши ва у мудофаа вазири мажбуриятларини бажаришга қодир эмаслигини ёза бошлади.

Матбуот шунингдек Ламбрехт Германия қуролли кучларининг қурол-яроғ билан таъминланишини яхшилай олмагани ҳақида эслатади, сўнгги йилларда армия ҳолати мамлакатнинг ўзида ҳам, НАТО бўйича иттифоқчилар томонидан ҳам тез-тез танқидга учрайди.

Ламбрехтни Берлиннинг Украинага оғир қуроллар, жумладан замонавий Leopard-2 танклари етказиб бериш масаласидаги суст позицияси учун фаол танқид қилиб келишаётганди. Фото: Getty Images

Ҳавас қилиб бўлмайдиган лавозим

Ламбрехт ўрнига янги мудофаа вазири ким бўлиши бўйича Германия социал-демократлар партиясидаги қатор номдор шахслар, жумладан қуролли кучлар бўйича парламент комиссари Ева Ҳёглнинг номи санаб ўтилди.

Шолц раҳбарлигидаги социал-демократларнинг коалиция бўйича ҳамкори, либерал Германия эркин демократик партияси ҳам бу лавозимга ўз вакилини қўйишга ҳаракат қилди.

Партия раиси ўринбосари Вольфганг Кубицки шундай деди: «Бу сафар фавқулодда муҳим вазирликни муҳим билимларга эга бўлган шахс бошқарса яхши бўларди».

ОАВ бундай сифатларга эга шахс сифатида Бундестагнинг мудофаа бўйича комиссияси раиси Мари-Агнес Штрак-Циммерманни эслатиб ўтди.

Ниҳоят Олаф Шолц Германиянинг янги мудофаа вазири ким бўлишини маълум қилди — Борис Писториус.

«Мамлакатимизнинг таниқли сиёсатчиси Борис Писториус янги мудофаа вазири бўлишидан мамнунман. Ўз тажрибаси, малакаси ва қатъиятлиги, шунингдек, улкан юраги билан у Бундесвер учун идеал даражада мос келади», — дея ёзди ГФР канцлери твиттерида.

Қайд этиш керакки, Бундесвердаги умумий ҳолат сўнгги йилларда мудофаа вазири лавозимини «тавқи лаънат»га айлантирган - парламентда ва ОАВда кўпчилик бу жойни «катапульта кресло» деб атайди.

Шу билан бирга, Россиянинг Украинага босқини Германия мудофаа сиёсатида бурилиш нуқтасига айланди.

Уруш бошлангач, Олаф Шолц немис ҳукумати Бундесверга миллий ЯИМнинг 2 фоизи миқдорида инвестиция киритишини ваъда қилди - бу НАТОнинг барча мамлакатлари учун умумий талаб бўлиб, Берлин бунгача бу талабни ортиқча деб ҳисоблаб келарди.

Май ойида немис парламенти армия модернизацияси учун 100 млрд евролик фонд ташкил этиш бўйича келишишга муваффақ бўлди.

Йиллар давомида керакли молиялаштириш бўлмагани туфайли 2022 йил сентябрида Шолц мамлакат қуролли кучларини Европанинг энг яхши жиҳозланган армияларидан бирига айлантиришга ваъда берди.

Мавзу
Россия-Украина уруши
2022 йил 22 феврал куни Россия Украина чегарасидан ўтиб, қўшни мамлакатга бостириб кирди. Украина армияси жанг таклиф қилди.
Барчаси
Top