Сўнгги пайтларда Тошкент шаҳри ҳавонинг ифлослиги бўйича IQAir рейтингида дунёда тез-тез юқори ўринларда қайд этилмоқда. Kun.uz мавзу юзасидан шаҳарликлар фикри билан қизиқди.
Сўровда қатнашганларнинг фикрича, Тошкент ҳавоси ифлосланиши сон-саноқсиз дарахтлар кесилгани, чангни ушлаб қоладиган яшиллик камайгани ҳамда палапартиш қурилишлар билан боғлиқ. Айримлар пойтахт ҳавосининг бу ифлослиги жамоат транспорти камлиги сабаб шаҳарда автомобиллар кўпайиб, улардан чиқадиган газлар ортиб бораётгани фонида юз бераётганини таъкидлашди. Баъзи респондентлар эса атроф-муҳит ва экология муаммолари оқибатида турли касалликлар кўпайиб бораётганини айтишган.
Пойтахт ҳавоси яхши ҳолатда деб баҳолаганлар ҳам бор. Уларга кўра, дарахтлар гуллаб, барг чиқарса, ҳаво сифати янада яхшиланиши ва чанг кузатилмаслиги мумкин.
Гидрометеоролог Эркин Абдулаҳатовнинг фикрича, ҳаво ифлосланиши табиий ва антропоген сабабга кўра юзага келади:
“Тошкент шаҳрини қайси моддалар ифлослантираётганини аниқлаш бўйича катта лойиҳа амалга оширилмоқда. Биламизки, ҳозир қўшни Қозоғистон жанубида кучли чўлланиш жараёни кузатиляпти. Шунингдек, Тошкент шаҳрида охирги пайтларда шарқий ҳудудлардан эсадиган шамол 20 фоизга кўпайган. Ангрен, Олмалиқ ва Оҳангарон саноатлашган шаҳарлар ҳисобланиб, у ерларда кўп завод-фабрикалар бор. Шу ҳудудлардан эсаётган шамоллар ҳисобига Тошкент ҳавоси ифлосланаётган бўлиши мумкин. Шарқий ҳудудлардан шамол ифлослантирувчи моддаларни олиб келиши бор гап ва бу бўйича илмий ишлар қилинган.
Охирги пайтларда антропоген омиллар таъсири ҳам ортган. Яшилликнинг камайиши, қурилишлар экология бўйича норматив меъёрлар асосида амалга оширилмаслиги ўз-ўзидан цемент ва бошқа қурилиш материалларидан чиқаётган моддалар тепага кўтарилишини тезлаштиради. Мана шу омиллар туфайли шаҳар ҳавосида ифлосланиш даражаси кўпайган”.
Маълумот ўрнида, Тошкент шаҳрида ҳавонинг ифлосланиш даражаси тўғрисидаги маълумот “Ўзгидромет”нинг monitoring.meteo.uz ва халқаро IQAir сайтида эълон қилиб борилади.
Бахтиёр Тўхтаев.
Тасвирчи ва монтаж устаси: Асрор Алмурадов.