Инфаркт ва инсултда тиббий ёрдам “олтин соат” тамойили асосида кўрсатилади
Миллий дастур доирасида ўткир юрак-қон томир ва цереброваскуляр касалликларни даволашда тиббий хизматлар халқаро стандартларга асосланган қатъий вақт меъёрлари бўйича ташкил этилади. Бу беморлар ҳаётини сақлаб қолиш имкониятини сезиларли оширишга қаратилган.
Президент қарорига мувофиқ, инфаркт ва инсулт ҳолатларида тиббий ёрдам кўрсатишда “олтин соат” тамойили асосий мезон сифатида белгиланмоқда. Бунда беморларга шошилинч ёрдамни имкони борича тез ва самарали кўрсатиш таъминланади.
Хусусан, тез тиббий ёрдам хизмати томонидан кўрсатиладиган хизматлар алгоритми ҳамда беморни ихтисослашган тиббиёт муассасасига етказишгача бўлган клиник маршрутлар аниқ вақт меъёрлари асосида ташкил этилади. Шунингдек, бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари ва стационар тиббиёт муассасалари фаолиятида аҳолини мақсадли тиббий текширувдан ўтказиш ҳамда беморларнинг ҳаракат йўналишини белгилашда вақт омили устувор ҳисобланади.
Аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ва хабардорликни ошириш мақсадида оммавий ахборот воситалари ҳамда ижтимоий тармоқларда “Ҳозироқ ҳаракатлан – ҳаётни сақлаб қол!” мавзусида ижтимоий роликлар намойиш этилади.
Шунингдек, ҳар йили 29 сентябр — Бутунжаҳон юрак куни ва 29 октябр — Бутунжаҳон инсултга қарши курашиш куни муносабати билан аҳоли ўртасида қон босими, қанд ва холестерин миқдорини ўлчаш, инфаркт ва инсульт пайтида биринчи ёрдам кўрсатиш бўйича саводхонликни оширишга қаратилган оммавий профилактик тадбирлар ўтказилади.
Бундан ташқари, 2026 йил 1 мартдан республика тиббиёт марказлари мутахассислари ҳамда хорижий экспертлардан иборат таркибда ўткир юрак-қон томир ва цереброваскуляр касалликларни даволаш бўйича мувофиқлаштирувчи кенгаш фаолияти йўлга қўйилади. Ушбу кенгаш соҳада тиббий хизмат сифатини ошириш ва ягона ёндашувни таъминлашга хизмат қилади.