Коррупцияга қарши курашиш агентлиги матбуот котиби Шерзод Сапаровнинг ёзишича, агентлик вилоят ҳокимлигига ҳолат юзасидан қонунчиликда белгиланган тартибда хизмат текшируви ўтказиш ҳамда ҳуқуқий баҳо бериш бўйича тақдимнома киритган.
Тақдимнома натижаларига кўра, Ҳ.Умаровга нисбатан «ҳайфсан» интизомий жазоси қўлланилган.
“Агентлик томонидан давлат хизматчилари томонидан одоб-ахлоқ қоидаларига қатъий риоя этилишини таъминлаш, давлат хизматида юксак касбий ва ахлоқий стандартларни қарор топтириш ҳамда қонун бузилиши ҳолатларига нисбатан жавобгарлик муқаррарлигини таъминлаш ишлари изчил давом эттирилади”, дея таъкидлаган Коррупцияга қарши курашиш агентлиги матбуот котиби.
Эслатиб ўтамиз, аудиоёзувда Қува тумани ҳокими Ҳалимжон Умаров экани айтилган шахс фермерлар билан ўтказилган йиғилишда улардан бирини ҳақорат қилган.
“Эй сен, к.., гаплашгинг келмаяптими мен билан? ...қа ўйин қиляпсанми? Уч кундан бери ахтараман сени, топилмайсан. ... тиқиб қўяйми ҳозир?! Тиқилгинг келяптими?”, деган у фермер билан суҳбатда.
Фарғона вилояти ҳокимлиги ҳолатга аниқлик киритиш учун хизмат текшируви тайинланганини билдирганди.
Маълумот учун, Ҳалимжон Умаров 2021 йил февралидан Қува тумани ҳокими лавозимида ишлаб келади. Бунгача у Фарғона вилояти ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари бўлган.



