Ўзбекистон | 19:59 / 18.12.2024
6066
3 дақиқада ўқилади

Тошкентда йўлбўйи автотураргоҳларини ташкил этиш учун бошқа компания танланди

Биринчи аукционда 120 млрд сўм нарх таклифи билан ғолиб деб топилган Balcomuz билан шартнома тузилмади. Сўнг такрорий ўтказилган аукционни Street Systems икки баробар пастроқ нарх – 57 млрд сўмлик таклиф билан ютиб олди. Унинг таъсисчилари қаторида икки йил олдин ҳокимият томонидан шундай лойиҳа учун тендерсиз танланган Kasy Park ҳам бор.

Пулли автотураргоҳ ташкил этиладиган йўл бўйларидан бири / Фото: E-auksion

17 декабр куни E-auksion порталида Тошкент шаҳри кўчаларида пулли автотураргоҳлар ташкил этиш бўйича такрорий аукцион бўлиб ўтди. Маълум бўлишича, 25 ноябр куни бўлиб ўтган аукцион ғолиби билан шартнома тузилмаган.

Такрорий аукционда 62,94 млрд сўм нарх таклиф қилган Street Systems компанияси ғолиб деб топилган.

Аукцион 20 дақиқадан сал кўпроқ вақт давом этган ва иккита қадам билан якунланган. Street Systems таклиф қилган нарх – бошланғич нарх (57,2 млрд сўм)дан 10 фоизга юқори бўлган.

Уч ҳафта олдин ўтказилган аукцион 2 соат-у 10 дақиқа давом этиб, 22 та қадамдан иборат бўлган ва унда Balcomuz 120,15 млрд сўм таклиф билан ғолиб деб топилган эди. Аммо бу компания билан кейинги босқичда шартнома тузилмаган.

Биринчи аукционда ҳам, иккинчисида ҳам захира ғолиби эълон қилинмади.

Йўлбўйи пулли автотураргоҳ ташкил этиладиган пойтахт марказидаги кўчалар / Фото: E-auksion

Эндиликда Street Systems Тошкентнинг барча туманларида йўл бўйларида ажратилган жойларда жами майдони 262,8 минг квадрат метр бўлган пулли автотураргоҳлар тармоғини ташкил этиши керак.

Пойтахт ҳокимининг қарори билан, тўловлар миқдори тариф зоналарига қараб соатига 5 минг сўмдан 12 минг сўмгача деб белгиланган.

Янги ғолиб ҳақида

КТЯДРга кўра, Streetpark Systems жорий йил 13 ноябр куни рўйхатга олинган. МЧЖ таъсисчилари – Қудратбек Дилшодович Ёқубов (75 фоиз), iCell Mobilsoft Zrt. (Венгрия, 12,5 фоиз), “Kasy Park” МЧЖ (12,5 фоиз).

Асосий ҳиссадор Қудратбек Ёқубов сўнгги уч йилда таъсис этилган Leader Great Trade, Aziz Export 777 ва Prime Avto Consulting'да ҳам улушларга эга.

Streetpark Systems'нинг таъсисчиларидан бўлмиш Kasy Park 2023 йилда пойтахтнинг 10 та марказий кўчасида пулли паркоматлар ташкил этиш учун шаҳар ҳокимлиги томонидан тендерсиз танлаб олинган, лекин лойиҳа амалга ошмаган эди.

Kasy Park'нинг жорий таъсисчилари сифатида Миродил Ниғматжон ўғли Фозилов (55 фоиз; у шунингдек Oazis Lux Investments, Benchmark Distribution, ADM Invest'да ҳам улушларга эга), Гулнора Акромовна Ниғманова (5 фоиз) ва OldFolk (40 фоиз) кўрсатилган.

Мавзуга оид