Энергетикада янги чеклов. Электромобилларни зарядлаш станциялари ҳам тармоқдан узилмоқда
Ҳеч қандай ҳуқуқий асос кўрсатмаган ҳолда электромобилларни қувватлаш станцияларини ҳам ўчириб қўйиш бошланди. Қуйи бўғиндаги масъуллар ҳолатни “тепадан шундай буйруқ бўлди” деган жумла билан изоҳлаяпти. “Газ ҳозир муаммо, бензин қиммат, энди буям муаммо бўлса, одамлар нима қилсин?” дейди Kun.uz билан боғланган электромобил ҳайдовчиларидан бири.
Шу кунларда Ўзбекистондаги электромобилларни қувватлаш учун ўрнатилган станцияларни ўчириб қўйиш бошланган. Бу борада Kun.uz'га мурожаатлар келиб тушди.
“Мен яқинда BYD олгандим, ўзим Сергелида яшайман. Қиш бошланганидан кейин машинамни зарядлаш муаммо бўляпти. Атрофимимиздаги станциялар ишламаяпти. Spectre, Megawatt, Tok Bor фирмалариникиям ўчирилган. Жой эгаларидан сўрасам, сабабини билмаймиз дейишяпти. Биласиз, газ ҳозир муаммо, бензин қиммат, шу сабабдан электромобил сотволгандим. Энди буям муаммо бўлса, одамлар нима қилсин?” – дейди мурожаатчилардан бири.
Бошқа бир мурожаатчи эса уйи яқинидаги 2 та станция ишламаётганини айтди. Шундан кейин у хизмат кўрсатаётган станция топган, лекин 2 соат навбатда туришга мажбур бўлган. “Мендан кейин ҳам узун навбат бор эди”, дейди у.
“Тепадан шундай буйруқ бўлди”
Kun.uz ҳолатга аниқлик киритиш учун қувватлаш станциялари бозоридаги компаниялар билан боғланди. Уларнинг таъкидлашича, барча ҳужжатлар жойида бўлишига қарамай, ҳудудий электр таъминоти корхоналари ходимлари келиб, ҳеч қандай изоҳсиз станцияларни токдан узиб қўйяпти.
“Ҳудудий электр таъминотидан келишиб, ҳеч қандай сабабсиз станцияларимизни ўчириб ташлашяпти. Нима сабабдан ўчиряпсан, бу трансформатор қонуний ёқилган, деяпмиз. Улар эса “тепадан шундай буйруқ бўлди” дейишяпти. Бошқа ҳеч қандай гап йўқ. Рақобатчи компаниялар билан ҳам худди шундай бўляпти, битта бизда эмас.
Одамлардан мурожаатлар ҳам кўпайиб кетди. Улар 5-6 соатлаб навбатда турганини айтяпти. Мижозларимиз 6-7 км йўл босиб боришганида, станция ўчиқлигига гувоҳ бўляпти. Instagram, Telegram профилларимизнинг комментария қисмида бу бўйича кўплаб изоҳлар қолдирилган.
Бизни ўчириш бўйича огоҳлантиришаётгани ҳам йўқ, кейин биляпмиз. “РЭС”га борганимиздан кейин бу нарсалар чиқиб келяпти. Уларга ҳужжатларимизни тақдим этганимиздан кейин ҳам кутинглар дейишяпти. Мана шунақа вазият. Олдин умуман бунақа бўлмаган”, – дейди бозордаги етакчи компаниялардан бирининг вакили.
Унинг қўшимча қилишича, бу ҳолат Тошкент шаҳрининг барча туманларида кузатиляпти. Вилоятларда ҳам станциялар узилган, аммо талаб Тошкентдагидек юқори бўлмагани учун жиддий муаммоларни юзага келтирмаяпти. “Тошкент шаҳрида жиддий муаммолар бўляпти”, дейди у.
Қувватлаш станциялари электрдан узилаётганини бозордаги бошқа бир йирик компания вакиллари ҳам Kun.uz'га тасдиқлади.
Энергетика вазири электр энергияси ишлаб чиқариш бўйича ҳеч қандай муаммо йўқлигини айтганди
Роппа-роса бир йил олдин энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов Ўзбекистонда электр энергияси ишлаб чиқариш кўрсаткичлари 2024 йилда талаб энг юқори бўладиган пайтларда ҳам эҳтиёжни 100 фоиз қондира оладиган даражага етишини айтганди.
“Албатта, тизимда қаердадир тармоқ узилиши, трансформатор куйиши, ёниши ёки носозлик келиб чиқиши каби ҳодисалар бўлади, лекин генерация тарафидан биз кейинги йилдан 100 фоиз ўзимизнинг ички эҳтиёжимизни қоплаш имкониятимиз пайдо бўлади. Буни таъминлаймиз ва шундай вазифа бизга қўйилган. Агар қўйилган вазифани бажара олмасак, нафақат мен, балки тизимимиздаги барча масъуллар ишлашга нолойиқмиз деб ўйлайман”, – деганди вазир.
Мирзамаҳмудов октябр ойида “Лолазор” подкастидаги чиқишида “қишда свет ўчмайдими” деган саволга жавобан, бу йил электр энергияси ишлаб чиқариш кескин ошганини айтганди. Бир тарафдан генерация кўпайгани, иккинчи тарафдан нархлар оширилгач аҳоли светни тежай бошлагани туфайли, электр энергияси таклифи ҳажми талаб ҳажмидан ошиб кетди, деганди у.
Вазирнинг матбуот котиби Ҳасан Тошхўжаев ҳам бир неча кун олдин Kun.uz'га берган интервьюсида электр энергияси етишмовчилиги муаммоси йўқлигини айтганди.
“Ўзбекистон айни пайтда генерация бўйича вазиримиз айтиб ўтганидек ўз эҳтиёжини тўлиқ қоплаш имкониятига эга. Айни пайтда бизда генерация бўйича ҳеч қандай муаммо йўқ. Энди, жойларда электр энергиясининг ўчишлари етказиб бериш ва тақсимлаш тармоқларидаги муаммолар билан боғлиқ. 30-40 йилдан бери ишлатилаётган асбоб-ускуналар кўп. Уларни бир кун ичида алмаштириб бўлмайди”, – деганди Тошхўжаев.
Вазирлик расмийси, шунингдек, метан-шохобчалардаги навбатлар ҳақида гапира туриб, аҳолига электромобилнинг афзалликлари ҳақида айтиб ўтганди.
“Бизда ҳозир мана, электромобиллар ҳам ниҳоятда кўп кириб келган. Вилоятларда ҳам сотиб олаётган ҳайдовчиларимиз бор. Электромобилни қувватлаш анча арзон. Бензин билан тўлиқ бакни тўлдириш 200-300 минг сўмга тушадиган бўлса, электромобилда 60-80 минг, боринг ана, узоғи 90 минг сўм бўлади”, – деганди у.
Ушбу интервюда Тошхўжаевнинг ҳайдовчиларга “газ йўқ бўлса, бензин олиш” ҳақидаги маслаҳати ижтимоий тармоқларда ўн минглаб салбий изоҳларга сабаб бўлди.
Аввалроқ энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов жамоатчилик фаоли Отабек Бакиров устидан ҳуқуқ органларига ариза бергани маълум бўлганди.
Мавзуга оид
22:57 / 21.12.2024
Фарғонадаги портлаш, Жиззахга янги ҳоким ва кадастрдан тадбиркорларга “қора хат” — ҳафта дайжести
20:49 / 21.12.2024
“Таннархни тушириш – кенгайиш, ҳажмни ошириш билан бўлади” — Зафар Ҳошимов
18:02 / 21.12.2024
Фаолиятда қонун бузилиши, сертификатсиз ўқитувчилар ва норози ота-оналар – “NEWTON ACADEMY” ўқув маркази ҳақида нималар маълум?
18:36 / 20.12.2024