Жаҳон | 08:46 / 13.04.2017
15331
2 дақиқада ўқилади

Трамп КХДРга атом сувости кемалари билан таҳдид қилди

Фото: Reuters

АҚШ президенти Дональд Трамп ХХР раиси Си Цзиньпин билан ўтказган телефон орқали мулоқотида Шимолий Корея раҳбариятига, Америка ҳарбий-денгиз кучлари таркибида нафақат авиаташувчилар, балки атом сувости кемалари мавжудлигини етказиб қўйишни сўраган. Бу ҳақда Трамп The Wall Street Journal нашрига берган интервьюсида маълум қилди.

"КХДР каби давлатнинг ядро кучига, ядро қуролларига эга бўлишига йўл қўйиб бўлмайди", - деб таъкидлаган АҚШ раҳбари ҳамда Хитой етакчисидан сўраган илтимосини айтиб берган. 

"Бу оммавий қирғиндир. Пхеньян ҳозирча ядро каллагини етказиш воситасига эга эмас. Аммо уларни ола билади. Кўп жиҳатдан бу воситаларни ишлаб чиқариш жуда содда", - дея фикр юритган Трамп. Нашрнинг ёзишича, у Си Цзиньпинга КХДРга денгиз орқали кўмир етказиб беришни қайта кўриб чиқишни таклиф қилган. 

Айни вақтда Корея ярим оролига АҚШ ҳарбий-денгиз кучларининг Carl Vinson авиаташувчиси етакчилигида зарба бериш гуруҳи яқинлашмоқда. Унинг таркибига ракетали крейсер ва иккита ракетали эсминец ҳам киради. Япония ОАВ маълумотларига кўра, АҚШнинг яна иккита жанговар кемаси ушбу гуруҳни кучайтириш учун Сан-Диего шаҳридаги ҳарбий-денгиз базасида йўлга чиққан.

Мавзуга оид