Ўзбекистон | 21:49 / 18.04.2017
11132
2 дақиқада ўқилади

Шаҳарсозликдаги эскирган нормативларни тубдан қайта кўриб чиқишга кўрсатма берилди

Ўзбекистон Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси «тубдан қайта ташкил этилади». Бу ҳақда Ўзбекистон ҳукуматининг 2017 йил биринчи чораги якунларига бағишланган мажлисида айтиб ўтилган.

Мажлисда Давархитектқурилиш қўмитаси раиси Ботир Зокировга шаҳарсозликдаги эскирган нормативларни тубдан қайта кўриб чиқишни ва капитал қурилишдаги номутаносибликларни бартараф этишни назарда тутган ҳолда қўмитанинг бутун тизимини тубдан қайта ташкил этиш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар туркуми пакетини ишлаб чиқишни тугаллашни тезлаштириш ва тасдиқлаш учун киритиш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.

«Ўзбекистон Президентининг 12 апрелда Чилонзор туманига ташрифи давомида аниқланган меъморий қиёфани, йўл-транспорт тизимини ва уй-жой-коммунал инфратузилмани яхшилаш, хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари иши самарадорлигини ошириш билан боғлиқ камчиликларни бартараф этишга алоҳида эътибор қаратилди», — дейилган ЎзА хабарида.

Эслатиб ўтамиз, 11 апрель куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси раиси Зокиров ва унинг биринчи ўринбосари Тўхтаев  ҳам ҳайфсан олганди.

Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси қаттиқ танқидга учради

Мавзуга оид