12:15 / 29.09.2021
12821

СЧР тўловини бўлиб-бўлиб тўлаш механизми жорий этилиши мумкин

Олий Мажлис Сенатининг 29 сентябрь куни бўлиб ўтаётган ялпи мажлисида Сафарбарлик чақируви резервидаги ҳарбий хизмат учун тўлов миқдорини камайтириш масаласи муҳокама қилинди.

«Ўтган мажлисимизда “Умумий ҳарбий мажбурият, ҳарбий хизмат тўғрисида”ги қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунни муҳокама қилган пайтимизда Сафарбарлик чақируви резервидаги ҳарбий хизмат учун тўлов миқдорини камайтириш бўйича аҳолидан кўплаб мурожаатлар тушганлиги учун сенаторларимиз томонидан шу масала ўртага ташланганди.

Мурожаатчилар амалдаги тўлов миқдори юқорилигини билдиришган. Айни пайтда бир ойлик хизмат учун тўланадиган тўлов миқдори 5 778 000 сўмни ташкил этади. Молия вазирлиги вакили бу масалани кўриб чиқиш мумкин деб айтганди. Шунинг учун яна мавзуга қайтиб сўрайман. Бу масала бўйича қандай жавоб берилади?» дея Танзила Норбоеванинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

“Сентябрь ойи давомида масалани тўлиқ кўриб чиқишга ҳаракат қилдик. Чақирув резерви шунақа йўлга қўйилган эканки, йилда икки марта чақириларкан. 2018 йилда қабул қилинган президент фармонида агар шартномалар берилган бўлса, энг кам ойлик иш ҳақи ошган бўлса ҳам контрактдаги суммалар ўзгармаслиги кўзда тутилган экан. Бу дегани 2021 йил июль ойигача берилган ҳамма шартномалар бўйича 5 253 000 сўмдан тўлов ундирилиб келмоқда. Бу нарса 2022 йил мартгача йиғиб келинади. Сентябрь ойидаги дастлабки ҳисоб-китобларни кўрдик, унга кўра тақчиллик мавжуд. Сабаби ойликлар ошган, қолаверса, ҳарбий кийим-кечаклар, озиқ-овқатлар бўйича янги нархлар асосидаги шартномалар тузилмаган.

Яна шуни айтиб ўтиш керакки, президентимиз томонидан хизматчиларни қўллаб-қувватлаш бўйича ҳарбий пул таъминоти миқдорларини 2021 йилнинг 1 октябридан бошлаб сезиларли даражада ошириш кўзда тутилган. Шуни инобатга олган ҳолда битта нарсани илтимос қилмоқчи эдим. Биринчи навбатда кам таъминланганларга, “Темир дафтар”га кирганларга шароитидан келиб чиқиб, муддатли ҳарбий хизматга боролмаган бўлса, бир ойлик ҳарбий йиғинга бораётган бўлса, тўловни “Темир дафтар”дан қоплаб беришни таклиф қилмоқчиман. Иккинчи масала шуки, ўтган ҳафта Мудофаа вазирлиги билан СЧР тўловини бўлиб-бўлиб тўлаш механизмини жорий қилиш ҳақида гаплашдик. Мана шу иккита механизмни октябрь-ноябрь ойларида қўллаб кўриб, натижаларини таҳлил қилганимиздан сўнг таклиф киритсак, мақсадга мувофиқ бўлади”, дейди молия вазири ўринбосари Дилшод Султонов.

Аввалроқ «Ёшлар дафтари»га киритилганларнинг сафарбарлик чақируви резерви хизмати бадали давлат бюджетидан қопланиши, Сирдарёда ушбу тоифага мансуб фуқароларга СЧР хизмати учун пул маблағи ўтказиб берилгани хабар қилинган эди.

Қонунчиликка мувофиқ, пул бадалларини тўлаган, бироқ ҳарбий йиғинлардан ўтмаган сафарбарлик чақируви резерви хизматчисига тўланган маблағлар, агарда у ҳарбий хизматга яроқсиз деб топилганда ва унга тиббий-меҳнат экспертиза комиссияси (ТМЭК) томонидан 27 ёшгача I, II ёки III гуруҳ ногиронлиги берилган ҳолатда қайтариб берилади.

Top