19:21 / 19.03.2022
28806

Нега шифокорларнинг вазири иқтисодчи, врачларга минг доллар маош, аҳолининг кўп қисмида ортиқча вазн — президентнинг шифокорлар билан учрашувидан асосий иқтибослар

“Мен тиббиёт соҳаси вакиллари билан учрашувга узоқ тайёргарлик кўрдим ва унинг муддатини бир неча марта ортга сурдим. Чунки соҳадаги муаммолар жуда жиддий ва уларнинг ечими бўйича пухта режалар зарур. Керакли маблағлар манбаси аниқ бўлиши керак” – Шавкат Мирзиёев.

Фото: Президент матбуот хизмати

Учрашув зарурати ҳақида

* “Меҳр кўзда”, дейдилар. Сизлар билан учрашиб, очиқ мулоқот қилмасак, муаммоларни яширмай гаплашиб, ечимини изламасак, мақсадимизга эриша олмаймиз. Ҳеч бир давлат ўзининг муаммоларини ечишга ҳаракат қилмай, яшириб, тараққиётга эриша олмаган”;

* Соҳадаги ютуқни – ютуқ, камчиликни – камчилик деб айтиб, тизимдаги “касалликлар”га тўғри диагноз қўйиб, уларнинг давосини топишга ҳаракат қилишимиз зарур. Тиббиёт шундай соҳаки, унга дахлдор бўлмаган инсоннинг ўзи йўқ. Ҳаммамиз ҳам иссиқ жонмиз, тиббиёт муассасаларига кунда-кунора мурожаат қилмаган кишини топиш қийин”;

* “Бугун ҳаммангизни бир савол ўйлантиряпти – қани, бу мулоқотда нима ўзгараркан? Лекин бир нарсани айтай, биз бир-биримизни тушунмасак, ҳеч нарса бўлмайди. Мақсад – жонажон ватанимизни, аҳолимизни қийнаётган муаммоларни биргаликда ечиш. Аммо бу фақат қарор, фармонлар билан ҳал бўлмайди. Қўл қўйиш осон, қоғоз ҳамма нарсани кўтаради. Лекин уни бажариш-чи? Бугунги мулоқотда ҳам мен сизлардан айнан пастдаги муаммолар ва уларнинг ечими бўйича таклифлар кутяпман”.

Вазир нега шифокор эмас, иқтисодчи?

* “Кўпчилигингиз ўйлашингиз мумкин, нега вазиримиз иқтисодчи деб? Шунча йил шифокорларни вазир қилиб ишлатдик, лекин натижа нима бўлди? Бугун ҳамма жойда трансформация жараёни кетяпти. Вазир биринчи навбатда ҳисоб-китобни билиши шарт. Мен Беҳзод Мусаевга вазир бўлиши ҳақида айтганимда мазаси қочиб, ўзига шифокор керак бўлиб қолди. Лекин тиним билмай ишлади, энди-энди талабимни тушуняпти”.

Ажратилаётган маблағ ва янгиликлар

* “2022 йилнинг ўзида соҳага бюджетдан 24 триллион сўм ёки 2016 йилга нисбатан 4 баробар кўп маблағ йўналтирилмоқда. Ўтган беш йилда шифохоналар ва тез тиббий ёрдам пунктларини дори-дармон, тиббиёт буюмлари билан таъминлашга ажратилаётган маблағлар 12 баробар кўпайтирилди. Шу даврда соғлиқни сақлаш тизимини яхшилаш учун халқаро молия ташкилотларидан 700 миллион доллардан зиёд маблағлар жалб қилинди.

Бирламчи тизимга 20 мингта ўрта тиббиёт ходимлари қўшилди. Шунингдек, қишлоқларда жойлашган 801 та оилавий поликлиника янги замонавий “УЗИ” ва “ЭКГ” аппаратлари билан таъминланди. Шу орқали қишлоқ ва маҳаллаларда 8 турдаги янги тиббий хизматлар йўлга қўйилди. Жумладан, саломатлик кўрсаткичлари бўйича хавф гуруҳига кирган 12 миллион аҳолини мақсадли скринингдан ўтказиш бошланди. Ҳудудларда 23 та республика ихтисослашган тиббиёт марказининг юздан ортиқ филиаллари ўз фаолиятини бошлади”.

Мураккаб операциялар

* “Олдин пойтахтда амалга оширилган 210 турдаги операция ва диагностика жараёнларини маҳаллий шифохоналарда ўтказиш имконияти яратилди. 130 турдаги жарроҳлик амалиётлари вилоят шифохоналарида, 60 тури эса туманларда биринчи марта йўлга қўйилди. Сўнгги беш йилда 200 турдаги янги жарроҳлик амалиёти жорий этилди, жумладан, буйрак ва жигар трансплантацияси республикамиз шифохоналарида йўлга қўйилди. Буйрак трансплантацияси орқали шу кунгача 700 га яқин фуқароларимизнинг ҳаёти сақлаб қолинди”.

Аҳоли турмуш тарзи, ортиқча вазн

* “Мустақилликдан олдин аҳоли сони бўйича 20 миллионга ҳам етмасдик, ҳозир 35 миллиондан ошдик. Бу ҳам Аллоҳнинг марҳамати. Энди бу халқимизнинг муносиб турмуш тарзи ҳақида ўйлашимиз керак”;

* “Тўғри овқатланмаслик ва ҳаракатсизлик оқибатида бугунги кунда аҳолимизнинг 75 фоизида ортиқча вазн борлиги, 30 фоизида эса холестерин ва қон босими юқори экани барчамизни ўйлантириши керак. Шунинг учун жорий йилдан бошлаб 17 мингдан зиёд тиббий бригада, 2 мингдан ортиқ оилавий шифокор пунктлари ва поликлиникаларнинг иш самарадорлигини баҳолаш бўйича рейтинг тизими жорий қилинади.

Ижобий кўрсаткичларга эришган тиббиёт ходимлари ҳар чоракда мукофотланади, йил якунида эса ҳар бир вилоятда энг яхши натижа кўрсатган поликлиникага мукофот ва совғалар берилади. Бу борада шахсий намуна бўлган тиббиёт ходимлари ва жамоатчилик вакиллари учун алоҳида “Халқ саломатлиги посбони” кўкрак нишони таъсис этилади”.

Хусусий тиббиёт ҳақида

* “Бир гапни таъкидлайман – хусусий шифохоналарни ҳам тиббиётда бир оила деб қабул қилишимиз керак. Мен ўзим жойларга борганимда давлат тиббий масканлари билан бирга хусусий шифохоналарга ҳам кираман. Такрор айтаман – биз учун тиббиёт масканининг мулк шакли муҳим эмас. Энг асосий мақсадимиз – одамларимизнинг соғлиғини асраш, уларнинг дардига дармон бўлишдан иборат”;

* “Хусусий тиббиёт учун солиқ ва божхона имтиёзлари, субсидияларни қамраб олган қўллаб-қувватлаш тизими жорий этилди. Натижада биргина солиқ имтиёзлари ҳисобидан сўнгги беш йилда хусусий сектор ихтиёрида 1,3 триллион сўм маблағ қолди”.

Кадрлар масаласи

* “Олис ва чекка ҳудудлар аҳолиси оилавий шифокор пунктларида врачлар етишмаслиги сабабли зарур тиббий хизматлар олиш имконияти йўқлиги ҳақида шикоят қилинган. 56 та тумандаги 243 та олис ва чекка маҳаллада 562 та шифокор лавозими вакант бўлиб турибди. Масалан, Қашқадарёда юрак-қон томир касалликлари биринчи ўринда бўлиб, ҳар йили камида 10 фоизга ошмоқда. Лекин кардиологлар штати ва шифохона ўринлари сони сўнгги 20 йилда ўзгармасдан келмоқда”.

* “Тиббиёт олийгоҳларининг магистратура босқичида ва бакалавриатнинг 5-6-курсларида ўқиётган талабаларга йўлланма асосида бирламчи ва тез ёрдам тизимида шифокор бўлиб ишлашга рухсат берилади. Бу орқали ҳар йили 7 мингга яқин талаба иш ҳақи олиб, таълимни амалиёт билан бирга олиб бориш имконига эга бўлади”.

* “Ҳар йили 2 мингдан зиёд малакали шифокорлар пенсияга чиқади. Келиб тушган мурожаатларда уларнинг 60 фоизи ўз фаолиятини давом эттириш истагини билдирган. Уларнинг тажрибаси жуда катта, лекин биз уларни пенсияга чиқариб юборишга ўрганиб қолганмиз. Пенсияга чиқарилган шифокорлар жамиятга кераксиз ҳис қилиб, ўзлари ҳам касал бўлиб қолишмоқда. Бирламчи тизим қамровини кенгайтириш ва юкламани камайтириш мақсадида, биз эндиликда бундай тажрибали шифокорларнинг якка тартибдаги оилавий шифокорлик фаолиятини юритишига рухсат берамиз”;

* “Бугун тиббий таълим муассасалари сонини кўпайтириш, уларда чуқур билим ва малакага, юксак ахлоқий сифатларга эга бўлган кадрлар тайёрлашга алоҳида эътибор беряпмиз. Мисол учун, сўнгги беш йилда 6 та янги тиббиёт олийгоҳи ташкил этилиб, уларнинг умумий сони 14 тага етказилди, қабул квотаси эса 4 баробар ошди”.

Маошлар

* “Эсингизда бўлса, мен бир вақтлар шифокорларга ҳам 1000 доллар маош берамиз, дегандим. Мана, шу кунлар ҳам келяпти. Бу йил ҳам бюджет ташкилотлари қаторида, тиббиёт ходимларининг ойлик иш ҳақини ҳам камида 10 фоизга оширишни режа қилганмиз.

Бунга қўшимча равишда, соҳа вакилларининг машаққатли меҳнатини янада рағбатлантириш мақсадида, жорий йил 1 июндан:

  • тиббиёт ходимларининг ойлик маоши малака тоифасига қараб, яна 15 фоизгача оширилади;
  • юқори технологик мураккаб операцияларни бажарган шифокорларга эса яна 25 фоиз миқдорида устама тўланади.

Тиббиёт ходимларини рағбатлантириш жамғармасига йилига 1,5 триллион сўм ажратилади. Ушбу маблағлар ҳисобидан:

  • алоҳида натижага эришган, ҳалол ва виждонан ишлаётган шифокор ва ҳамшираларга 100 фоизгача ойлик устамалар ҳам белгиланади;
  • янги иш бошлаган фидойи ёш шифокорларга 1 миллион сўмгача махсус ойлик устама тўлаш тартиби жорий этилади.

Ҳозирги кунда олий тоифали шифокор 4 миллион сўм маош олса, энди иш ҳақининг ошиши ва янги устамалар ҳисобига, 8-9 миллион сўмгача маош олиши мумкин бўлади. Ҳамширалар эса, ҳозирги 1,5 миллион сўм ўрнига, тоифаси ва эришган натижаларига қараб, 3-4 миллион сўмгача ойлик олиши мумкин”.

* “Энди “Қишлоқ шифокори” дастури янада такомиллаштирилади ва 2022 йил 1 майдан бошлаб олис ва чекка ҳудудларда фаолият олиб бораётган шифокорларнинг ойлик иш ҳақига 2 миллион сўмдан қўшимча устама тўланади. Ушбу шифокорларга ипотека асосида уй-жой сотиб олиш харажатининг 50 фоизгача қисми маҳаллий бюджетлардан қоплаб берилади. Бундан буён олис ва чекка ҳудудда узлуксиз уч йил ишлаган шифокор клиник ординатурага имтиҳонсиз қабул қилинади”.

Шифохоналар моддий-техник базаси

* “Сўнгги беш йилда 9 триллион сўм ҳисобидан 2 мингга яқин тиббиёт муассасаси қурилиб, таъмирланди. Шунингдек, 500 миллион доллар сарфланиб, 2 минг 500 та муассаса замонавий тиббий техника ва асбоб-ускуналар билан жиҳозланди. Лекин ичимлик суви, иситиш тизими бўлмаган, электр таъминоти яроқсиз мингдан зиёд тиббиёт муассасалари мавжуд. 2022-2025 йилларга мўлжалланган алоҳида дастур амалга оширилади. Бунда, энг аввало, 182 та оилавий шифокор пунктида ичимлик суви тармоғи, 450 дан ортиқ муассасада иситиш, 650 тасида электр тизими тўлиқ таъмирланади. Шулар қаторида 1 минг 100 та тиббиёт муассасаси қайта қурилиб, жиҳозланади. 227 та туғуруқ комплекслари таъмирланиб, уларга замонавий тиббий асбоб-ускуналар етказиб берилади. Бундан ташқари, 39 та болалар шифохонасининг ҳолати ва улардаги шарт-шароитлар тубдан яхшиланади. Бу ишларга 6 триллион сўм маблағ жалб қилинади”;

* “Санитария-эпидемиологик осойишталик тизимининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш мақсадида 165 миллион долларлик дастур амалга оширилади. Бунда 2022 йил 1 майдан бошлаб санитария-эпидемиологик осойишталик хизмати учун туманларда 11 та янги бино барпо этилади, 190 та бино реконструкция қилиниб, мукаммал таъмирланади. Ҳудудий лабораториялардаги эскирган 9 мингта асбоб-ускуна тўлиқ янгиланади”.

Коррупция ва тажовуз

* “Тиббиёт соҳаси вакилларига, айниқса, шошилинч ва тез тиббий ёрдам ходимларига нисбатан куч ишлатиш (тажовуз) ҳолатлари ҳам учраб турибди. Энди тиббиёт ходимлари фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашган, уларнинг ишига тўсқинлик қилган ҳамда тажовуз кўрсатган кимсаларга нисбатан қонунчиликда алоҳида маъмурий ва жиноий жавобгарлик белгиланади. Ўзбекистонда “қонун – устувор, жазо – муқаррар” эканини ҳеч ким эсидан чиқармаслиги керак”;

* “Шифокорнинг нафақат устидаги халати, энг аввало, кўнгли ҳам, қўли ҳам пок бўлиши лозим. Давлат тиббиёт тизимини ривожлантириш, соҳа ходимларини қўллаб-қувватлаш учун шунча катта маблағ ва ресурсларни сафарбар этаётган экан, энди бу борада ҳар қандай қонунбузилишларига, тамагирлик ва порахўрлик кўринишларига қарши қатъий кураш олиб боради.

Минг афсуски, соғлиқни сақлаш муассасаларида айрим шифокорларнинг аҳоли билан қўпол муомалада бўлиши, одамларни менсимаслик, ўз вазифасини суиистеъмол қилиши каби салбий ҳолатлар ҳамон учраб турибди”.

Top