Ўзбекистон | 21:21 / 25.12.2024
2669
6 дақиқада ўқилади

25 декабр янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар

Маоши оширилаётган ҳокимлик ва тиббиёт ходимлари, чиқинди хизматлари учун янги тартиб ва ўзбек армиясининг дрон машқлари — кун давомида Kun.uz’да ёритилган Ўзбекистон янгиликлари билан таништирамиз.

Ҳокимлик ходимлари иш ҳақи оширилади

Ўзбекистонда ҳокимликлар ходимларининг иш ҳақини ошириш режалаштирилмоқда. Икки ой муддатда ходимларнинг меҳнат ҳақи ва моддий рағбатлантириш миқдорини ошириш бўйича таклифлар тайёрланади.

Бундан ташқари, Қашқадарё ва Тошкент вилоятларида ҳокимнинг янги биринчи ўринбосари лавозими жорий этилди. Хитой билан ҳамкорлик, рақамлаштириш ва қишлоқ хўжалиги масалалари бўйича маслаҳатчилар лавозимлари ҳамда протокол бўлими ташкил қилинмоқда.

Маҳаллий ҳокимликлар фаолияти samaradorlik.uz платформасида баҳоланади. Ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш йўналишидаги 10 та асосий кўрсаткич бўйича баҳолаш амалиёти жорий этилади.

Тиббиёт ходимларининг маоши оширилади

2025 йилда тиббиёт соҳасига 41 трлн сўм ажратилиб, шифохоналар ташкил этиш ва тиббий хизмат қамровини кенгайтиришга йўналтирилади.

Президент Мирзиёев ҳузурида ўтган йиғилишда тиббий ёрдам сифати ва ҳудудлардаги муассасаларни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. Тиббиёт ходимларининг ойликлари оширилиб, оилавий шифокорларга самарадорликка асосланган устама тизими жорий этилади.

Қорақалпоғистон ва бошқа ҳудудларда давлат тиббий суғуртаси амалиёти жорий этилади. 35 йўналишда 400 та клиник протоколлар ишлаб чиқилиб, халқаро аккредитация учун 7 та ихтисослашган марказ тайёрланади. Тиббий ўқув юртларида таълим сифати оширилиб, кадрлар тайёрлашга эътибор кучайтирилади.

2025 йилда 100 та янги мактаб қурилади

2025 йилда Ўзбекистонда 100 дан ортиқ мактаб ва 162 та мактабгача таълим муассасаси ташкил этилади. Бу орқали 257 минг ўқувчи ўрни яратилиши ва мактабгача таълим қамрови 78 фоизгача оширилиши кутилмоқда.

Президент Шавкат Мирзиёев асосий эътиборни таълим тизими сифатини оширишга, айниқса, чекка ҳудудларга қаратишни топширди.

Мактабларда иккинчи хорижий тил ва касб-ҳунар ўқитиш кенгайтирилади, ҳарбий ватанпарварлик дарслари сони кўпайтирилади. Шунингдек, «Жасорат мактаби» лойиҳаси доирасида 208 та мактаб ташкил этилади.

Ўқитувчилар малакасини оширишга инновацион ёндашув жорий қилинади: уларга рақамли баҳолаш тизими асосида 70 фоизгача устама тўланади. Мактаб ва боғчалар раҳбарлари моддий рағбатлантирилади. Мактабгача таълим муассасалари учун янги лавозим ва малака ошириш шакллари жорий этилади.

Чиқинди хизматлари учун янги тартиб

Қонунчилик палатаси чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш соҳасида янги тўлов механизмларини жорий қилишни кўзда тутувчи қонун лойиҳасини қабул қилди.

Унга кўра, истеъмолчиларга чиқинди хизмати учун қарздорликни тўлаш учун SMS хабар орқали беш кунлик муддат берилади. Агар қарздорлик бартараф этилмаса, электр энергияси тўловларини қабул қилиш вақтинчалик тўхтатилиши мумкин.

Қонун лойиҳасида ташкилотлар томонидан тўловларнинг ҳаққоний ҳисобланишига жавобгарлик белгиланган. Шунингдек, бу талаб бузилган тақдирда истеъмолчининг зарари қопланиши кафолатланади.

Қонун чиқиндиларни йиғиш ва олиб чиқиш хизматларини такомиллаштириш ва сифатни оширишга қаратилган.

Янги йилда ўзбекистонликлар неча кун дам олади?

2025 йилда Ўзбекистонда Янги йил байрами муносабати билан 6 кунлик иш ҳафтасида ишлайдиганлар кетма-кет 5 кун — 29 декабрдан – 2 январгача дам олишади. 5 кунлик иш ҳафтасида ишлайдиганлар эса 6 кун — 28 декабрдан – 2 январгача дам олади.

Президент қарорига асосан, 2 январ куни 6 кунлик иш ҳафтаси учун қўшимча дам олиш куни этиб белгиланди, 5 кунлик иш ҳафтаси учун эса дам олиш куни 4 январ кунидан 2 январга кўчирилди. Шу тариқа, барчага узлуксиз дам олиш кунлари ташкил этилди.

Демак:

28 декабр — 6 кунлик иш ҳафтаси учун иш куни, 5 кунликлар учун дам олиш куни;

29 декабр — барча учун дам олиш куни;

30 декабр — қўшимча дам олиш куни;

31 декабр — қўшимча дам олиш куни;

1 январ — Янги йил байрами;

2 январ — барча учун дам олиш куни.

Ўзбекистон армияси дронлар билан машқлар ўтказмоқда

Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги армияси 2024 йилда жанговар шайлик тадбирларини 1,5 баробарга оширди. Олий Мажлис Сенатида ўтказилган муҳокамада вазир Шуҳрат Холмуҳамедов армиянинг жанговар тайёргарлиги замонавий қуролли тўқнашувлар таҳлили ва хорижий тажриба асосида ташкил этилганини таъкидлади.

Армия АҚШ, Ҳиндистон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон армиялари билан ҳамкорликда машқлар ўтказиб, учувчисиз учиш аппаратларини бошқариш ва уларга қарши курашиш бўйича янги тактик ҳаракатларни ўзлаштирди.

2024 йилда жанговар мутахассислик бўйича Озарбойжон, Қозоғистон ва Туркманистон ҳарбийлари ҳам ўқитилди.

Носвойлардаги заҳарли моддалар

Япониянинг Киото университетида ўзбек носвойлари устида ўтказилган тадқиқотларда 10 хил заҳарли органик моддалар аниқланди. Тадқиқот ўтказган олим Жасур Жўраевнинг маълумотига кўра, мазкур моддалар инсон саломатлиги ва атроф-муҳит учун жуда хавфлидир.

Турғун органик моддалар, жумладан пестицидлар, ўсимлик зараркунандаларига қарши қўлланса-да, носвойда уларнинг мавжудлиги оғиз саратони, юрак-қон томир касалликлари, бепуштлик ва иммунитет тизими бузилишларини келтириши мумкин. Жўраев, шунингдек, нос истеъмоли сигаретга нисбатан зарарсиз, деган тушунча нотўғри эканини таъкидлади.

Тадқиқотда турли ҳудудлардан олинган носвойларда сигаретларга нисбатан кўпроқ заҳарли моддалар топилди.  

Мавзуга оид