Олимлар қиш мавсуми учун энг фойдали ичимликни маълум қилди
Замонавий тадқиқотлар какао нафақат яхши кайфият бериши, балки юрак ва мия саломатлигига ҳисса қўшишини исботламоқда.
Юрагингиз “раҳмат” дейди
Тадқиқотларга кўра, какао таркибидаги флавоноидлар юрак саломатлигига ижобий таъсир кўрсатиши мумкин. Бу моддалар яллиғланишни камайтиради, қон оқимини яхшилайди ва қон босимини меъёрда ушлаб туришга ёрдам беради.
2017 йилда Цюрих университети олимлари томонидан олиб борилган “Cоcоа, Blood Pressure, and Vascular Function” номли тадқиқот натижаларига кўра, какаони мунтазам истеъмол қилиш қон томирлари фаолиятига ижобий таъсир кўрсатади ва артериал қон босимини пасайтиради. Тадқиқотда қайд этилишича, какао қон томирларни кенгайтирувчи ва уларнинг эластиклигини сақлаб қолишга ёрдам берувчи азот оксиди ишлаб чиқарилишини яхшилайди.
Холестерин миқдорини камайтиради
Қон босимини туширишдан ташқари, какао юрак хуружлари ва инсульт хавфини камайтириши мумкин бўлган бошқа хусусиятларга ҳам эга. Тадқиқотлар какао “зарарли” холестерин даражасини пасайтириши, яллиғланишни камайтириши ва аспирин каби қонни суюлтирувчи табиий восита бўла олишини кўрсатди.
2016 йилда Ҳарвард тиббиёт мактаби ва Браун университети олимлари томонидан ўтказилган мета-таҳлилда 1100 дан ортиқ иштирокчи қатнашган 19 та клиник тадқиқот натижалари ўрганилди. Хулоса қилинишича, какаони мунтазам истеъмол қилиш организмнинг инсулинга сезувчанлигини оширади, бу эса ўз навбатида юрак хуружлари ва инсульт хавфини камайтиради.
Аммо какао ишлов бериш ва қиздириш жараёнида ўз фойдали хусусиятларини 60 фоизгача йўқотиши мумкин.
Мия саломатлиги
Бостондаги Hebrew SeniorLife кексайиш тадқиқотлари институтидан Фарзане Соронд ва унинг жамоаси ўтказган тадқиқотда ҳар куни какао истеъмол қиладиган 34 нафар кекса кўнгиллида ўрта мия артериясидаги қон оқими тезлиги сезиларли даражада яхшилангани кузатилди.
Флаванолга бой какао истеъмол қилингандан сўнг, мияга қон оқими бир ҳафта ичида 8 фоизга, икки ҳафта ичида 10 фоизга ошган. Демак, ҳатто қисқа муддатли истеъмол ҳам хотира ва диққатга ижобий таъсир кўрсатиши мумкин.
Ёшлар орасида олиб борилган тадқиқотлар эса какаони мунтазам истеъмол қилиш диққатни жамлаш қобилиятини ошириши ва нейронлар ўсишига ёрдам беришини кўрсатган. 366 нафар иштирокчи билан ўтказилган 11 та клиник тадқиқот какао мия фаолиятини қўллаб-қувватлаши ва ақлий қобилиятларни яхшилаши мумкинлигини исботлаган.
Какаони тўғри истеъмол қилиш
Максимал фойда олиш учун таркибида шакар ва қўшимчалари бўлмаган какаони танлаш керак.
Европа озиқ-овқат хавфсизлиги агентлиги кунига таркибида юқори миқдорда флаваноллар бўлган тахминан 2,5 грамм какао кукуни ёки таркибида камида 70 фоиз какао мавжуд бўлган 10 грамм қора шоколад истеъмол қилишни тавсия этади.
Какаони истеъмол қилиш усуллари:
· Иссиқ шоколад тайёрлаш.
· Эрталабки смузиларга какао қўшиш.
· Какаодан фойдали ширинликлар тайёрлашда фойдаланиш.
· Мевалар устига сепиш, айниқса банан ёки қулупнай билан жуда мазали кетади.
Аллергия, қандли диабет ёки бошқа касалликлар билан оғриган одамларга какаони истеъмол қилишдан олдин шифокор билан маслаҳатлашиш тавсия этилади!
Мавзуга оид
18:36
Ўзбекистон ва россиялик олимлар кўча зўравонлигини аниқловчи нейрон тармоқ яратди
21:14 / 08.01.2025
Кунига 10 минг қадам юрганларни рағбатлантириш таклиф этилмоқда
16:40 / 07.01.2025
Хотирани яхшилашда энг самарали бўлган парҳез аниқланди
14:22 / 06.01.2025