Ўзбекистон | 22:57 / 22.12.2025
7052
6 дақиқада ўқилади

Фарғонада метан муаммоси: шохобчалар очилмади, вазир ваъда қилган контейнерлардан дарак йўқ

Ҳаво ҳарорати пасайиши ортидан метан заправкалар фаолиятига чекловлар киритилган эди. Бунгача куннинг маълум вақтида ишлаб турган водийдаги АГТСлар 19 декабрга келиб фаолият юритишдан тўхтади. Энергетика вазирининг тақчиллик пайтда заправкаларга кўчма контейнерларда газ етказиб берилиши ҳақидаги ваъдаси чиппакка чиқди. Фарғонадаги заправкаларда ҳайдовчилар ҳануз йўқ газга навбати келишини кутиб туришибди.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов Олий Мажлис Қонунчилик палатасида энергетика тизимида амалга оширилган ишлар юзасидан ҳисобот берар экан бу йилги қиш мавсумида водий вилоятларидаги газ қуйиш станцияларида юзага келиши мумкин бўлган тақчилликни бартараф этиш мақсадида кўчма контейнерларда газ етказиб берилишини маълум қилганди. Бу хабар қиш қаршисида турган ҳайдовчиларни хурсанд қилди. Лекин бу хурсандчилик узоққа чўзилмади. Водий вилоятларидаги метан заправкаларининг дарвозасига ҳамон қулф осилган. Энергетика вазирлиги 22 декабр кунидан соат 10:00 дан 16:00 га қадар республика бўйича барча метан қуйиш шохобчалари одатдаги режимда фаолият юритиши ҳақида маълум қилди. Кейинчалик вазирлик заправкаларнинг иш вақти ҳокимликлар билан келишилган ҳолда, газ босимидан келиб чиқиб амалга оширилишини билдирди. Бироқ шунда ҳам Фарғонадаги заправкалар очилмади. Kun.uz мухбири Фарғонадаги бир нечта АГТСларда бўлиб ҳолат билан танишди:

Кўчма контейнернинг дараги йўқ...

“Заправкага соат 12:00 да келгандим. Газ берилишини кутиб заправка атрофида айланиб юрибмиз-да энди. Газ йўқ ҳеч қаерда. Telegramʼда бугундан соат 10:00 дан соат 16:00 гача заправкалар ишлайди, деган хабарни ўқидим. Ҳар йили водий вилоятларида шунақанги сарсонгарчиликлар бўлади-да. Бу масалага ечим топиш керакку ахир. Оддий халқнинг нима айби бор экан, энди билмадим. Кўпчилик қийналяпти-да. Бензин қиммат. Кўчма контейнерлар тақчиллик пайтда ёрдамга келади дейишганди. У ҳам йўқ. Дараги йўқолиб кетди, бу ҳақда ёзмай ҳам қўйишди. Энди бунинг учун қаерга учрашиш керак, кимга яна мурожаат қилиш керак, билмаяпмиз. Нима қиламиз энди. Йўқ газни кутиб ўтирибмиз. Чиқмаган жондан умид”, дейди ҳайдовчилардан бири.

Соат 10:00 да очилади дегани ёлғон экан...

“Бугун телефонимда соат 10:00 да заправка очилади, деган хабарни ўқиб дарров етиб келдим. Шу келганимча мана кеч тушяпти, ҳали метан очилмади. Яхши ниятда умид қилиб турибмиз. Кўчма контейнер келади дейишди. Лекин ўша айтган контейнери бирор жойда келиб газ қуйганини эшитган, кўрганим йўқ ҳали. Муаммо асл ҳолича турибди. Энди билмайман қачон очилар экан бу газлар. Бензин арзон бўлса экан, бензин олиб қуйсак. Бензинлар ҳам қиммат юргани”, дейди ҳайдовчилардан бири.

Фарғона шаҳридаги метан заправкалардан бирида фаолият юритувчи ходимнинг маълум қилишича, Фарғонада ҳали ҳеч қайси заправка кўчма контейнер олиб келиб, газ қуйиб кўргани йўқ.

“Бугун соат 10:00 дан соат 16:00 гача заправкаларга газ берилади дейилганди. Газ босими тушиб кетганлиги учун заправкалар ишламаяпти. 19 декабрдан бери ишлаганимиз йўқ.

Кўчма контейнерлар ҳақида бизга ҳали тўлиқ маълумот келгани йўқ. Уни ҳам осонликча олиб келиб бўлмайди. Ҳисоб рақамига пул ўтказиш керак экан. Кейин у заправкаларга ўхшаб 200 босимда газ қўймас экан. Ҳайдовчилар уч-тўрт кундан бери заправка остонасида ётишибди. Фарғонада ҳали ҳеч қайси заправка кўчма контейнер олиб келиб, газ қуйиб кўргани йўқ”, дейди заправка ходими.

Kun.uz Энергетика вазирлиги матбуот котибидан ҳолат бўйича изоҳ сўради. У метан заправкалар 22 декабр кунидан очилиши кутилаётгани, янгилик бўлиши билан қўшимча хабар қилишини маълум қилди.

Қўшни давлатдаги газ тармоғида кузатилган техник носозлик туфайли импорт қилинаётган табиий газ қисқаргани сабабли Ўзбекистонда метан заправкалар фаолиятига вақтинча чеклов киритилди.

2025 йил 11 декабр куни энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов Олий Мажлис Қонунчилик палатасида энергетика тизимида амалга оширилган ишлар юзасидан ҳисобот берди. Унда Мирзамаҳмудов 2025-2026 йилги қиш мавсумида водий вилоятларидаги газ қуйиш станцияларида юзага келиши мумкин бўлган тақчилликни бартараф этиш мақсадида 2 хил ечим ишлаб чиқилганини маълум қилди:

«Янги ташаббус ташкил қилинди. Бу босим паст бўладиган Фарғона водийсидаги автомобилларга газ қуйиш станцияларига (АГҚС) кўпроқ таъсир қилиши инобатга олинади. Иккита йўналишда иш ташкил қилдик. Биринчиси, қўшни давлатдаги мавжуд транзит трубалардан фойдаланган ҳолда яқинроқ масофадан таъминотни амалга ошириш. Хавос-Фарғона линиясидан фойдаланиляпти. Иккинчиси, 150 та кўчма газ қуйиш шохобчаларини олиб келдик. 22 декабргача Бешариқдаги газ қуйиш шохобчаси тўлиқ ишга тушади ва ҳозир технологик ускуналар, трейлерлар ва контейнерлар олиб келиняпти. Бу газ заправка ўчган пайтда кўчма шохобчаларни тўлдирган ҳолда 5 мингдан 10 минг куб метргача газ етказиб бериш имконини беради. Ҳозирги кунда 14 та АГКС билан мазкур тизим синаб кўрилди. 22 декабрдан кейин бу Фарғона водийсида захира тизим сифатида жорий қилинади», деди Мирзамаҳмудов.

Энергетика вазирлиги бугун — 22 декабр куни соат 10:00 дан 16:00 га қадар республика бўйича барча метан қуйиш шохобчалари одатдаги режимда фаолият юритиши ҳақида маълум қилганди.

Сарвар Зиёев,
Сардор Мамиров,
Kun.uz

Муаллиф:  Сарвар Зияев

Мавзуга оид