Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Хоразмдаги «тадбиркор» давлат хизматчилари ва Самарқанддаги шартли ёлланма қотил – маҳаллий дайжест
Кун давомида Kun.uz ёритган муҳим маҳаллий янгиликлар билан таништирамиз.
Хоразм ҳокимликларида 60 га яқин ходимнинг тадбиркорлик фаолияти аниқланди
Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева бошчилигида Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгашининг Ҳазорасп туманида ўтказилган сайёр йиғилишида Хоразм вилоятидаги вазият кескин танқид қилинди. 2025 йилда коррупциявий жиноятлар 34 фоизга камайгани қайд этилган бўлса-да, айрим хавф-хатар юқори соҳаларда профилактика ва бартараф этиш чоралари етарлича таъминланмаётгани айтилди.
Вилоят, туман ва шаҳар ҳокимликларида ўтказилган ўрганишлар натижасида 60 га яқин бошқарув ходимларининг тадбиркорлик субъектларида таъсисчи ёки раҳбар сифатидаги фаолияти сақланиб қолаётгани маълум бўлди. 2025 йилда вилоятда манфаатлар тўқнашувига йўл қўйгани ҳамда давлат хизматида тадбиркорлик билан шуғулланишга оид чекловлар бўйича қонунчилик талабларига амал қилмагани учун 12 нафар шахс маъмурий жавобгарликка тортилди.
Самарқандда ёлланма қотил орқали танишини ўлдирмоқчи бўлган шахслар ушланди
Вилоят ИИБ хабарига кўра, 2002 йилда туғилган эркак Тошкент шаҳрида яшовчи танишини ўлдириш мақсадида ёлланма қотил излаётгани ҳақида тезкор маълумот олинган. Шундан сўнг, тезкор тадбирга шартли ёлланма қотил жалб этилган.
Буюртмачи шартли ёлланма қотилга ўзи билан келишмовчилиги бўлган шахсни ўлдиришни буюриб, бунинг эвазига 2200 доллар беришни ваъда қилган. 27 январ куни Самарқанд шаҳрида ўтказилган тезкор тадбирда буюртмачи эркак шартли ёлланма қотилдан гримланган мурда фотосуратини олиб, унга 2000 доллар берган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Айрим талабаларнинг турар жойда яшаш харажатлари қоплаб берилади
Ҳукумат қарори билан тасдиқланган Низомга кўра, давлат олий таълим ташкилотларида фақат кундузги таълим шаклида ўқийдиганларнинг талабалар турар жойларидаги (ТТЖ) яшаш харажатлари давлат гранти ёки тўлов-контрактда ўқишидан қатъи назар, давлат бюджети ҳисобидан қоплаб берилади.
Талабанинг бундай ҳуқуқи унинг оиласи Ижтимоий реестрнинг “камбағаллик чегарасидаги оила” тоифасига киритилган санадан бошлаб, 12 ой давомида сақланиб қолади. Шунингдек, мазкур тоифадаги талабалар устуворлик асосида, навбатсиз давлат ОТМ талабалар турар жойига қабул қилинади.
Ўзбекистонда никоҳдан ажрашиш ҳолатлари ошди
2025 йилда фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан ажрашиш билан боғлиқ 70535 та иш кўрилиб, 37544 таси қаноатлантирилди. Бу турдаги ишлар сони 2024 йилга нисбатан 6692 тага, қаноатлантирилган даъво талаблари эса 5327 тага кўпайди.
Маълум қилинишича, ўтган йилда фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан 10,8 триллион сўмдан зиёд мажбурий тўловлар ундириш ҳақида 1,5 миллиондан ортиқ суд буйруғи чиқарилган. Судларда қарийб 650 мингта фуқаролик иши кўриб чиқилиб, уларнинг 506 мингтаси бўйича талаблар қаноатлантирилган.
Энг кўп фуқаролик низолари Тошкент шаҳар, Тошкент, Фарғона, Самарқанд ва Андижон вилоятларида кўриб чиқилган.
Бензин сифати шубҳа уйғотса, қаерга мурожаат қилиш керак?
Агар ёнилғи қуйиш шохобчасида сотилган бензин сифатига шубҳа туғилса, истеъмолчи чекни сақлаган ҳолда ва зарур ҳужжатлар билан «Ўзэнергоинспекция»га мурожаат қилиши лозим.
Аввало ёнилғи сотиб олинган АЁҚШ номи ва манзили, шунингдек, маҳсулот учун тўлов қилинганини тасдиқловчи чек сақланган бўлиши шарт. Бу кейинги мурожаатларни расмийлаштириш учун асосий далил ҳисобланади.
Агар автотранспорт воситаси двигателидаги носозлик айнан сифатсиз ёнилғи оқибатида келиб чиққан деб ҳисобланса, у ҳолда таъмирлаш ишлари олиб борилаётган техник хизмат кўрсатиш шохобчаси томонидан берилган расмий хулоса талаб этилади.
Мавзуга оид
21:32 / 28.01.2026
ИИВ тизимида тайинловлар, 1 йил сақланадиган сим-карта ва муомаладаги сохта “права”лар – маҳаллий дайжест
23:06 / 27.01.2026
Коррупцияда айбланган мансабдорлар, “Малика”даги бебошлик ва Ҳажга онлайн навбат – маҳаллий дайжест
22:01 / 26.01.2026
Китобхонлик тарғиботи бўйича янги дастур ва Хивага пулли автомобил йўли – маҳаллий дайжест
22:04 / 23.01.2026