Ҳукумат қарори билан тасдиқланган низомга мувофиқ, давлат олий таълим ташкилотларида фақат кундузги таълим шаклида ўқийдиган талабаларнинг талабалар турар жойлари (ТТЖ)даги яшаш харажатлари давлат гранти ёки тўлов-контрактда ўқишидан қатъи назар, давлат бюджети ҳисобидан қоплаб берилади.
Низомда белгиланишича, талабанинг ТТЖдаги яшаш харажатини қоплаб бериш ҳуқуқи унинг оиласи Ижтимоий реестрнинг “камбағаллик чегарасидаги оила” тоифасига киритилган санадан бошлаб 12 ой давомида сақланиб қолади.
Шунингдек, мазкур тоифадаги талабалар устуворлик асосида, навбатсиз давлат ОТМнинг талабалар турар жойига қабул қилинади.
Ариза берувчи ҳар ойнинг 7-санасига қадар ўзи таҳсил олаётган олий таълим ташкилоти ректори (филиал директори) номига ариза билан мурожаат қилади.
Талаба аризани мустақил равишда kontrakt.edu.uz орқали ҳам юбориши мумкин.
Ариза тегишли ўқув йили учун бир марта тақдим этилади.
Факултетларда ёшлар билан ишлаш бўйича декан ўринбосарлари (масъуллар) электрон тарзда келиб тушган аризаларни 1 кун ичида умумлаштириб комиссияга тақдим этади.
Комиссия тақдим этилган аризаларни 1 кун муддатда ўрганиб чиқади ва тегишли қарор қабул қилади.











