Ўзбекистон | 22:41 / 18.09.2025
3446
4 дақиқада ўқилади

Жазоланган чиптасиз йўловчилар, кўчада “исмли давлат рақами” ва камбағал оилаларга бепул дори – маҳаллий дайжест

1 октябрдан мопед ва скутер ҳайдовчилари учун гувоҳномалар мажбурий бўлади. Камбағал оилаларга бепул дори ва кафолатланган тиббий хизматлар пакети берилади. Шов-шувли «Guangzhou» клиникасида ишлаган хитойлик ота-ўғил жаримага тортилди. Тошкентда 6 мингдан ортиқ йўловчи автобусда чиптасиз ҳаракатлангани учун жазоланди. Сирдарёда исм ёзилган давлат белгисини машинасига тақиб олган ҳайдовчига чора кўрилди. Кун давомида Kun.uz ёритган муҳим маҳаллий янгиликлар билан таништирамиз.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

1 октябрдан мопед ва скутер ҳайдовчилари учун гувоҳномалар мажбурий бўлади

Вазирлар Маҳкамаси қарори билан амалдаги Йўл ҳаракати қоидаларига бир қанча ўзгартиришлар киритилди. Жумладан, электромотоцикл, мопед ва скутер учун алоҳида фарқловчи давлат рақам белгиси жорий этилди.

Мопед ёки скутерни давлат рўйхатидан ўтказиш ЙҲХХ ҳудудий бошқармаларининг рўйхатдан ўтказиш ва имтиҳон олиш бўлинмалари томонидан амалга оширилади.

Мопед ва скутерни гувоҳномасиз бошқарганлар жаримага тортилади.

Камбағал оилаларга бепул дори ва кафолатланган тиббий хизматлар пакети берилади

Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев «Камбағалликдан фаровонлик сари» халқаро форумида баён қилди. Қайд қилинишича, инсон саломатлигини муҳофаза қилмай туриб, унинг имкониятларини тўлақонли рўёбга чиқариб бўлмайди.

Шунинг учун кафолатланган тиббий хизматлар кўпайтирилиб, камбағал оилаларнинг бунга сарф қиладиган харажати 2 карра қисқартирилади. Бунда уларга бепул дори ва кафолатланган тиббий хизматлар пакети тақдим этилади.

Шов-шувли «Guangzhou» клиникасида ишлаган хитойлик ота-ўғил жаримага тортилди

3,5 йил олдин жиноят иши қўзғатилган «Guangzhou» клиникасида шифокор бўлиб ишлаган Хе Кианг ва унинг ўғли Хе Фенгга суд ҳукми ўқилди. Суд 100 нафар фуқарони чув туширган ота-ўғилни «гарчи оғир жиноятларни содир этган бўлса-да, кимёвий эмас, гиёҳлардан тайёрланган дориларни ўтказганини инобатга олиб, жамиятдан ажратмаган ҳолда ахлоқан тузатиш мумкин» деган қатъий хулосага келган. Суд ҳукми билан ота ва ўғилга жарима жазоси тайинланди.

Жиноят ишининг бошқа қисми алоҳида иш юритувига олинган. Бу бўйича гумонланувчиларга нисбатан қидирув эълон қилинган.

Тошкентда 6 мингдан ортиқ йўловчи автобусда чиптасиз ҳаракатлангани учун жазоланди

Транспорт назорати инспекцияси ҳамда Тошкент шаҳар жамоат транспортини мониторинг ва назорат қилиш давлат муассасаси томонидан пойтахт автобусларида йўл ҳақини тўламасдан ҳаракатланаётган йўловчиларга нисбатан кучайтирилган рейд тадбирлари ўтказилмоқда.

Хабарга кўра, жорий йилнинг ўтган даврида 6182 нафар қоидабузарга нисбатан маъмурий чора кўрилган ва базавий ҳисоблаш миқдорининг ўндан бир қисми (41 минг 200 сўм) миқдорида жаримага тортилган.

Сирдарёда исм ёзилган давлат белгисини машинасига тақиб олган ҳайдовчига чора кўрилди

Ҳайдовчи юк машинасига давлат рақам белгиси ўрнига 20 FARRUX белгисини тақиб ҳаракатланган. Қоидабузарлик бўйича маъмурий баённома расмийлаштирилган, транспорт воситаси эса вақтинчалик сақлаш учун жарима майдонига жойлаштирилган.

Қонунчиликка кўра, олтитагача ҳарф ва (ёки) рақамлар комбинациясидан иборат бўлган «ноёб» давлат рақами белгиларини кимошди электрон савдолари орқали сотиш

2026 йил 1 январдан бошланади. Бунда «ноёб» давлат рақами белгилари амалдаги давлат рақами белгиларини такрорламаслиги, қонунчиликка ва ахлоқий нормаларга хилоф маънога эга бўлмаслиги керак.

Муаллиф:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид