Жамият | 16:19 / 18.09.2025
11564
2 дақиқада ўқилади

Сирдарёда давлат рақам белгисини ўзгартириб, исмини ёзиб олган ҳайдовчига қонуний чора кўрилди

Ҳайдовчи юк машинасига давлат рақам белгиси ўрнига 20 FARRUX белгисини тақиб ҳаракатланган. Қоидабузарлик бўйича маъмурий баённома расмийлаштирилган, транспорт воситаси эса вақтинчалик сақлаш учун жарима майдонига жойлаштирилган.

Фото: Видеодан кадр

Сирдарёда давлат рақам белгисини ўзгартирган ҳолда тақиб ҳаракатланган юк машинаси ҳайдовчисига чора кўрилди. Бу ҳақда вилоят ИИБ ЙҲХБ ахборот хизмати хабар берди.

Ижтимоий тармоқларда ЗИЛ-53 русумли транспорт воситаси ҳайдовчиси давлат рақам белгисини ўзгартирган ҳолда тақиб ҳаракатлангани акс этган видеолар тарқалди. Унда кўринишича, ҳайдовчи юк машинасига давлат рақам белгиси ўрнига 20 FARRUX белгисини тақиб олган.

Ҳолат Сирдарё вилояти ЙҲХБ масъул ходимлари томонидан ўрганилиб, қоидабузар ҳайдовчи аниқланди. Ҳайдовчи бу иш қонунбузарлик эканини билганини айтиб, кечирим сўраган.

“Қонунбузарлик эканини билардим. Энди ўша номерлар чиқади деганга қизиқишга қўйдик. Узр сўрайман. Бошқаларга бундай ўзбошимчалик билан иш қилмасликларини сўраб қоламиз”, деган ҳайдовчи.

Қоидабузарлик бўйича йўл-патрул хизмати инспекторлари томонидан белгиланган тартибда маъмурий баённома расмийлаштирилган ҳамда транспорт воситаси вақтинчалик сақлаш учун жарима майдонига жойлаштирилган.

Маълумот учун, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 125-моддаси 6-қисмига кўра, давлат рақам белгиси ясама ёки ўзга усулларда ўзгартирилган транспорт воситаларини, худди шунингдек, давлат рақам белгиси айни шу транспорт воситасига тегишли бўлмаган транспорт воситасини бошқариш БҲМнинг 10 баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Эслатиб ўтамиз, 2026 йил 1 январдан бошлаб олтитагача ҳарф ва (ёки) рақамлар комбинациясидан иборат бўлган “ноёб” давлат рақами белгиларини кимошди электрон савдолари орқали сотиш бошланади. Бунда “ноёб” давлат рақами белгилари амалдаги давлат рақами белгиларини такрорламаслиги, қонунчиликка ва ахлоқий нормаларга хилоф маънога эга бўлмаслиги керак.

Тайёрлаган:  Руслан Сабуров

Мавзуга оид