Спорт | 02:32 / 12.02.2021
4227
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистондаги спорт иншоотларининг бир кунлик қуввати қарийб 1,5 млн кишини ташкил этади — Адлия вазирлиги

Адлия вазирлиги Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги билан ҳамкорликда ўтказган ўрганишлар натижасига кўра, мавжуд спорт иншоотларининг бир кунлик спорт машғулотларини ўтказиш қуввати қарийб 1,5 млн кишини ташкил этади. Яъни умумий аҳолининг сонига нисбатан спорт иншоотлари билан таъминланиш даражаси 4,5 фоиздан ошмайди.

Фото: Pixabay

Маълум қилинишича, Ўзбекистонда фойдаланишга топширилган спорт иншоотлари сони 12 мингдан ошган. Шунга қарамай, мавжуд спорт иншоотларидан фойдаланиш аҳволи қониқарсизлигича қолмоқда.

«Давлат раҳбари томонидан бугунги кунда спорт иншоотларидан фойдаланиш аҳволи қониқарсиз деб топилиб, кўплаб спорт объектларидан фойдаланилмай келинаётгани, уларнинг фойдали иш коэффициенти 50 фоиздан пастлиги таъкидлаб ўтилди.

Шу билан бир қаторда, Адлия вазирлиги томонидан Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги билан ҳамкорликда ўтказилган ўрганишлар натижасига кўра, мавжуд спорт иншоотларининг (стадион, спорт зали, бассейн, манеж ва бошқалар) бир кунлик спорт машғулотларини ўтказиш қуввати қарийб 1,5 млн кишини ташкил этиб, умумий аҳолининг сонига нисбатан спорт иншоотлари билан таъминланиш даражаси 4,5 фоиздан ошмайди», – дейилади Адлия вазирлиги Kun.uz'га тақдим этган маълумотда.

Таъкидланишича, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги тизимида жами 1 434 та спорт иншооти мавжуд бўлиб, бугунги кунда улардаги мавжуд бўш ер майдонлари ва биноларнинг мавжуд имкониятларидан тўлиқ фойдаланилмасдан келинмоқда.

Қайд этилган спорт иншоотларининг бўш турган қисмидан давлат-хусусий шериклик асосида фойдаланиш бўйича 120га яқин объектларнинг рўйхати ишлаб чиқилган бўлса-да, бугунги кунга қадар бирорта ДХШ битимлари имзоланмаган.

Жумладан, Қорақалпоғистон Республикасида 10 та, Андижонда 4 та, Бухорода 4 та, Жиззахда 10 та, Қашқадарёда 9 та, Навоийда 8 та, Самарқандда 11 та, Сирдарёда 6 та, Сурхондарёда 6 та, Тошкент вилоятида 4 та, Фарғонада 12 та, Хоразмда 14 та, Тошкент шаҳрида 12 та спорт муассасаларининг бўш турган бино ва ер майдонлари мавжуд.

Ўрганиш давомида Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги тизимидаги спорт мактабларининг рейтинги натижаларига кўра улардан 285 тасининг фаолияти самарадорлиги қониқарсизлигича қолаётгани, спорт мактабларининг фаолияти самарадорлигига балансида спорт иншоотлари мавжуд эмаслиги, спорт анжомлари таъмирталаб ва яроқсиз ҳолатга келиб қолгани, спорт разрядлари бажарилмагани, спортчиларнинг мусобақаларда эришган натижалари пастлиги, методик тавсиялар ва қўлланмалар ишлаб чиқилмагани, тренерлар, методистлар ва шифокорларни қайта тайёрлаш ва малака ошириши таъминланмагани каби тизимли камчиликлар аниқланган.

Бундан ташқари, республика бўйича маҳаллалар бўйлаб ўтказилган ўрганишлар натижаси 9168 та маҳалла фуқаролари йиғинларининг 3 210 тасида ҳудуд аҳолисининг жисмоний тарбия ва спорт машғулотлари билан шуғулланишлари учун спорт иншоотлари ташкил этилмаганини кўрсатмоқда.

Сенат: Халқ таълими вазирлиги тизимидаги мактабларнинг 24 фоизида спорт заллари мавжуд эмас

Кейинги ўқув йилидан барча синфларда жисмоний тарбия дарси ҳафтада 2 соатдан ўтилади

Ўзбекистон бўйлаб «Саломатлик йўлаклари» қурилади

Тайёрлаган:  Жамшид Ниёзов

Мавзуга оид