«Америкаликлар ёлғончи президентдан чарчашди» — Сандерс пойгадаги устунлигини мустаҳкамламоқда, Байден қайтмоқда
Сенатор Берни Сандерс Невада штатидаги кокусда ҳам ишончли ғалабага эришди ва сайловолди пойгасида демократлар орасидаги етакчилигини мустаҳкамлади. Собиқ вице-президент Жо Байден эса иккинчи ўринга кўтарилди, бу эса унинг президентлик кампаниясига янги импульс бериши мумкин.
Кокусларнинг дастлабки натижалари шуни кўрсатмоқдаки, Сандерс ноябрда бўлиб ўтадиган президентлик сайловига номзод бўлиш учун демократлар орасидаги асосий даъвогардир. Аммо Демократик партиянинг якуний танловини ҳали узоқ кутишга тўғри келади.
Дастлабки натижалар яна шуни англатадики, Байден Невадада аввалги икки штат (Айова ва Нью-Ҳэмпшир)дагидан кўра яхшироқ нуфузга эга.
Айовадаги кокусда Пит Буттижич кичик устунлик билан биринчи бўлган, Сандерс 0,1 фоизлик фарқ билан иккинчи ўринни эгаллаганди.
Нью-Ҳэмпширдаги праймеризда эса 78 ёшли Сандерс 26 фоиз овоз олиб, ғалаба қозонди, 1,6 фоиз камроқ овозга эга бўлган Буттижич бу сафар иккинчи бўлди.
Ҳозир эса Невадада бюллетенларнинг 50 фоизи ҳисоблаб чиқилган вақтда сенатор Сандерс 46,6 фоиз овоз олган, Байденда - 20 фоиз. Кейинги ўринларда Буттижич (15,4 фоиз) ва Элизабет Уоррен (10,3 фоиз) боришмоқда. Бу эса Байденнинг сайловолди кампаниясида сезиларли ўсиш бўлганини кўрсатади, Айовада ва Нью-Ҳэмпширда у тўртинчи ва бешинчи ўринлардан юқорига кўтарила олмаганди.
Июлда партия съездида якуний сайловлар ўтказилади. Бирламчи сайловлардаги муҳим босқич 3 март куни бўлиб ўтадиган «суперсешанба»дир, шу куни АҚШнинг биратўла 14та штатида праймериз ўтказилади.
Шанба кунигача Сандерсда уни қўллаб-қувватлаётган 21 делегат бор эди. У президентликка номзоди кўрсатилиши учун 3979 делегатдан 1990 нафарини ўзига оғдириши керак бўлади.
Невададаги сайловдан кейин Сандерс ўз чиқишида жамоасини мақтади ва амалдаги президент Дональд Трампни танқид қилди. «Америкаликлар ҳамиша ёлғон гапирадиган президентдан чарчашди», - деди у. Байденнинг кампанияси ҳам муҳим тадбир ўтказди. Унинг ўзи «Қайтиш шу ердан [Невададан] бошлангани»ни маълум қилди.
«Матбуот одамларни ўлганга чиқаришга шошилади, аммо биз тирикмиз, биз қайтдик ва ғалаба учун ҳозирланмоқдамиз», - деди Байден.
Трамп жаноб Сандерсни ғалаба билан табриклади, аммо у бу сафар ҳам уни «Тентак Берни» деб атади. «Табриклайман, Берни, унга олдинга ўтишга йўл қўйма!» - дея ёзди президент Невададаги кокус натижалари бўйича янгиликларга билдирган муносабатида.
Сандерс жума кунги чиқишида, Америка махсус хизматлари уни Россия унга сайловолди кампаниясида ёрдам кўрсатишга ҳаракат қилаётгани ҳақида огоҳлантиргани ҳақида айтди ва бундай ёрдамга муҳтож эмаслигини билдириб, Россияни Америка сайловларидан «узоқроқ туриш»га чақирди.
Трамп эса демократларнинг ўзи сенаторни обрўсизлантиришга ҳаракат қилаётгани, бундан мақсад унинг ноябрдаги сайловда қатнашмаслигини таъминлаш эканини айтиб ўтди.
Демократ номзодлар орасидаги етакчилигини мустаҳкамлаётган Сандерс эса демократларнинг хавотирини уйғотгани аниқ, чунки у ҳаддан ташқари либерал бўлгани учун Трампни енгиши қийин номзод сифатида кўрилмоқда.
АҚШда Сандерсни социалист деб аташади. Унинг рақобатчилари у ёшлигида Америка Социалистик партиясининг ёшлар қаноти аъзоси бўлган. 1988 йил Россияда иш ташрифи билан бориб баҳонада «асал ойи»ни ҳам Ярославлда ўтказган. АҚШда бу фактга алоҳида эътибор беришмоқда. Агар Сандерс Трампнинг асосий рақибига айланиши аниқ бўлса, унинг Россиядаги сафари ҳақида қизил маълумотлар чиқиб қолиши кутса бўлаверади.
Ассошиэйтед пресснинг ёзишича, Невададаги кокусларнинг аҳамияти Айова ва Нью-Ҳэмпширдаги бирламчи сайловларнинг аҳамиятидан юқорироқ. Айтишларича, Невададаги лотин америкаликлар жамоати Сандерсни қўллади. Унинг ўзи айни вақтда штатни тарк этган ва Техасга йўл олган, «суперсешанба»да номзодлар учун энг кўп миқдордаги делегатларни айнан шу штатда қўлга киритишлари мумкин.
Мавзуга оид
18:42 / 06.01.2025
Байден АҚШ қирғоқлари яқинида денгизда нефт ва газ бурғулашни расман тақиқлади
16:39 / 02.01.2025
АҚШ бутун дунё учун масхара объектига айланди — Трамп
20:16 / 24.12.2024
WP: Байден Путинга «хайрлашув зарбаси» — Россия энергетикасига қарши санкциялар тайёрламоқда
17:40 / 24.12.2024