Ўзбекистон | 21:28 / 25.12.2025
5352
3 дақиқада ўқилади

Депутатлар яширинча тасдиқлаган 41 трлн сўм ва ЙҲХХ раддияси – маҳаллий дайжест

Кун давомида Kun.uz ёритган муҳим маҳаллий янгиликлар билан таништирамиз.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

1 январдан “Бюрократияни бартараф этиш – 2030” дастури ишга туширилади

2026 йил 1 январдан давлат бошқарувини рақамли трансформация қилиш ва самарадорлигини оширишга қаратилган “Бюрократияни бартараф этиш – 2030” дастури жорий этилади.

Давлат хизматларидан тез ва қулай фойдаланиш орқали фуқароларнинг ҳаёт сифатини яхшилаш дастурнинг асосий вазифаси сифатида белгиланган.

Дастур давлат хизматларини рақамлаштириш ва жараёнларни соддалаштириш орқали фуқаролар ҳамда бизнес учун қулай муҳит яратиш, шунингдек, шаффофликни оширишга хизмат қилиши кутилмоқда.

Депутатлар қонундан ташқари ишлатилган 41 трлн сўм харажатни «яширинча» тасдиқлаб бергани маълум бўлди

Давлат органлари ва ташкилотларининг 2025 йилги харажатлари қонунда кўрсатилганидан қарийб 41 трлн сўмга ёки 14,5 фоизга ошиб кетган. Бу харажатларни постфактум қонунга киритиб қўйиш юзасидан Қонунчилик палатасининг йиғилиши жонли эфирсиз ўтгани маълум бўлди. Сенатда ҳам қўшимча харажатларнинг 26 трлн сўмга яқин қисми нимага ишлатилгани айтилди, қолган 15 трлн қандай тақсимлангани эса аниқлаштирилмади.

2024 йилнинг якунида ҳам давлат органлари va ташкилотларининг 2024 йилдаги харажатлари қонунда ёзилганидан 10 триллион сўмга ошиб кетганди. Қонунчилик палатаси давлат бюджети тўғрисидаги қонунни ҳукумат сўраганидек қилиб 9 дақиқа ичида учта ўқишдан ўтказиб берганди. Бунга бирор депутат қарши овоз бермаганди.

ЙҲХХ йўллардаги камералардан шахсий маълумотлар сизиб чиққанини рад этди

Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматига кўра, Ўзбекистон йўллардаги ҳаракатни жонли кузатиш алоҳида ёпиқ серверларда амалга оширилади ва у тизимга ҳеч ким кирмаган. TechCrunch аниқлаган ҳолат эса, синов жараёнидаги қурилмалар қайд этган қоидабузарликлар ёзилган очиқ сервер, деди ЙҲХХ бўлим бошлиғи Сухроб Турсунов.

23 декабр куни АҚШнинг TechCrunch нашри киберхавфсизлик нуқсони туфайли Ўзбекистондаги йўл ҳодисалари, инсонлар юзи ва автомобил рақамларини кузатиш тизимининг юзлаб камералари интернетда очиқ қолдирилгани ҳақида ёзганди.

24 декабр куни Сухроб Турсунов ОАВ вакиллари билан учрашувда бу даъволарни рад қилди.

Зўравонликдан жабрланган болалар учун профессионал тутинган оила хизмати йўлга қўйилади

Президент фармони билан 2026–2030 йилларга мўлжалланган Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш стратегияси тасдиқланди. Унда белгиланишича, 2026 йил 1 февралдан бошлаб, зўравонлик оқибатида оиласидан олинган ва ўзига нисбатан зўравонлик содир этилиши хавфи остида бўлган, шунингдек, ижтимоий жиҳатдан хавфли аҳволда бўлган болалар учун профессионал тутинган оила хизмати йўлга қўйилади.

Фармонда қайд этилишича, профессионал тутинган оилани ташкил этишга номзодлар ижтимоий-реабилитация дастурлари асосида ўқитилади.

Зўравонлик оқибатида оиласидан олинган ижтимоий ҳимояга муҳтож болалар профессионал тутинган оилага «Инсон» ижтимоий хизматлар марказлари ва мазкур оилалар ўртасида тузилган шартнома асосида жойлаштирилади.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид