Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Депутатлар қонундан ташқари ишлатилган 41 трлн сўм харажатни “яширинча” тасдиқлаб берган
Давлат органлари va ташкилотларининг 2025 йилги харажатлари қонунда кўрсатилганидан қарийб 41 трлн сўмга ёки 14,5 фоизга ошиб кетган. Бу харажатларни постфактум қонунга киритиб қўйиш юзасидан Қонунчилик палатасининг йиғилиши жонли эфирсиз ўтиб кетгани маълум бўлди. Сенатда ҳам қўшимча харажатларнинг 26 трлн сўмга яқин қисми нимага ишлатилгани айтилди, қолган 15 трлн қандай тақсимлангани эса аниқлаштирилмади.
Фото: Қонунчилик палатаси
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси декабр ойи бошида 2025 йилга мўлжалланган давлат бюджети тўғрисидаги қонунга давлат харажатларини сезиларли даражада оширишни назарда тутувчи тузатишларни маъқуллаган, дея ёзди Gazeta.uz.
Тузатишлар кўриб чиқилгани va қабул қилингани ҳақидаги маълумотлар парламент қуйи палатасининг расмий манбаларида эълон қилинмаган, ушбу масала юзасидан мажлислар трансляцияси ҳам бўлмаган.
Ҳужжат 2026 йилга мўлжалланган давлат бюджети va солиқ сиёсати тўғрисидаги қонун кўриб чиқилиб, қабул қилинган кунларда — 3 va 5 декабр кунлари муҳокама этилган.
2025 йил учун давлат бюджети тўғрисидаги қонунга киритилаётган ўзгартиришлар қабул қилингани ҳақида 18 декабр куни Сенатда улар кўриб чиқилаётган пайтда маълум қилинган. Белгиланган тартибга кўра, қонун лойиҳалари аввало Қонунчилик палатасида уч ўқишда кўриб чиқилади, шундан сўнг парламентнинг юқори палатаси — Сенатга юборилади.
Иқтисодиёт va молия вазирлиги йил давомида бюджет харажатларини ошириш бўйича ташаббусларни парламент муҳокамасига чиқармаган, шунингдек, қўшимча харажатлар заруриятига оид асословчи материалларни депутатларга тақдим этмаган. Давлат бюджетига тузатишлар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси йил охирида Қонунчилик палатасига киритилган.
2024 йилнинг якунида ҳам давлат органлари va ташкилотларининг 2024 йилдаги харажатлари қонунда ёзилганидан 10 триллион сўмга ошиб кетганди. Қонунчилик палатаси давлат бюджети тўғрисидаги қонунни ҳукумат сўраганидек қилиб 9 дақиқа ичида учта ўқишдан ўтказиб берганди. Бирорта депутат қарши овоз бермаганди.
2023 йилда ҳам йил якунига 15 кун қолганда давлат бюджети тўғрисидаги қонун ўзгартирилганди. Депутатлар консолидацияланган бюджет тақчиллиги лимитини ЯИМга нисбатан 3 фоиздан 5,5 фоизгача, йиллик ташқи қарз лимитини 4,5 млрд доллардан 5,5 млрд долларгача кўпайтиришни 20 дақиқа ичида тасдиқлаб беришганди.
2022 йилги давлат бюджети тўғрисидаги қонунда ҳам дефицит бўйича 3 фоизлик лимит кўрсатилган, лекин давлат харажатлари даромадлардан кескин ортиб кетиши ортидан, бюджет қонунига ўзгартириш киритилиб, лимит 4 фоизга кўтарилганди.
41 трлн сўм миқдоридаги қўшимча харажатлар
Сенатнинг бюджет ва иқтисодий масалалар қўмитаси раиси Эркин Гадоев 2025 йилда қўшимча харажатлар ҳажми 40,9 трлн сўмни ташкил этишини маълум қилди. Бу Жаҳон иқтисодиёти ўсишининг секинлашуви, озиқ-овқат ва энергоресурслар нархларининг ўсиши, жаҳон молия бозорларида фоиз ставкаларининг кўтарилиши ташқи хатарларни кучайтириб, давлат бюджетига қўшимча юкламаларнинг ошишига сабаб бўлгани билан изоҳланган.
Киритилган тузатишлар натижасида республика бюджетидан биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчиларга (вазирлик ва идоралар) ажратиладиган маблағларнинг чекланган миқдорлари аввал тасдиқланган 281,6 трлн сўмдан 322,5 трлн сўмгача кўпайтирилди.
Эркин Гадоевнинг сўзларига кўра, қўшимча харажатларнинг салмоқли қисми аҳоли турмуш даражасини ошириш билан боғлиқ. Иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар учун 5,8 трлн сўм назарда тутилган бўлиб, шундан 5,3 трлн сўм 2025 йил 1 июлдан пенсия ва нафақаларни 10 фоизга, 1 августдан эса бюджет ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи ва стипендияларни 10 фоизга оширишни қоплашга йўналтирилган. Бюджет параметрларида пенсия ва нафақалар миқдорини 1 сентябрдан, иш ҳақи миқдорини 1 октябрдан 7 фоизга ошириш кўзда тутилган бўлган.
Айрим соҳалар ходимларининг иш ҳақини ошириш учун қўшимча маблағлар ҳам назарда тутилган:
- 79 млрд сўм — болалар мусиқа ва санъат мактаблари ходимларининг иш ҳақи оширилиши билан боғлиқ харажатларни қоплашга;
- 298 млрд сўм — давлат маданият муассасалари ва ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи оширилиши муносабати билан қўшимча харажатларга;
- 76 млрд сўм — Миллий статистика қўмитаси ходимларининг меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари ўзгарганлиги билан боғлиқ харажатларга.
Иссиқлик таъминоти тизимини ислоҳ қилиш доирасида ижтимоий соҳа муассасалари ва кўп квартирали уйларнинг энергия самарадорлигини ошириш учун 2,7 трлн сўм маблағ ажратиш назарда тутилган.
Аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича чора-тадбирлар доирасида аҳолига тиббий хизматлар кўрсатиш сифатини яхшилаш тадбирлари учун қўшимча 435 млрд сўм, соғлиқни сақлаш ва таълим муассасаларида қўл ювиш жойларини зарур санитария-гигиена воситалари билан таъминлаш учун қўшимча 311 млрд сўм жами 1,9 трлн сўм ажратилган.
Аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш чораларига, жумладан тиббий хизматлар сифатини яхшилаш, соғлиқни сақлаш ва таълим муассасаларини санитария-гигиена воситалари билан таъминлашга 1,9 трлн сўм ажратиш назарда тутилган. Шу жумладан:
- 435 млрд сўм — аҳолига тиббий хизматлар кўрсатиш сифатини яхшилаш тадбирларига;
- 311 млрд сўм — соғлиқни сақлаш ва таълим муассасаларида қўл ювиш жойларини зарур санитария-гигиена воситалари билан таъминлашга.
«Камбағалликдан фаровонлик сари» дастури доирасида 2025 йил учун режалаштирилган 3,2 трлн сўмга қўшимча равишда яна 1,6 трлн сўм ажратилган.
Миллий футбол марказини ташкил этиш ва соҳани рақамлаштиришга 458 млрд сўм йўналтирилиши режалаштирилган. Қишлоқ ва сув хўжалигида ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш учун жами 3,6 трлн сўм ажратиш кўзда тутилган. Жумладан, пахта-хомашёга субсидиялар, сув тежовчи технологияларни жорий этиш ва яйловларни тиклаш ишлари молиялаштирилади. Шундан:
- 3 трлн сўм — кластерларга биржа савдолари орқали сотилган ҳар бир тонна пахта хомашёси учун бир миллион сўмдан субсидия ажратишга;
- 308 млрд сўм — сувни тежайдиган технологияларни жорий этишни янада қўллаб-қувватлашга;
- 112 млрд сўм — яйловларни тиклаш ҳамда уларда суғориш иншоотларини барпо этишга.
Бундан ташқари, марказлашган инвестиция лойиҳалари ва ҳудудлар инфратузилмаларини ривожлантириш харажатлари учун қўшимча 5,8 трлн сўм маблағ ажратиш назарда тутилган. Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигига ажратилган маблағларнинг чекланган (59,2 трлн сўм) миқдори 737 млрд сўмга оширилган ҳолда 59 трлн 901 млрд сўм, Қишлоқ хўжалиги вазирлигига ажратилган маблағларнинг чекланган (1,8 трлн сўм) миқдори 222,6 млрд сўмга оширилиб, 2 трлн 21 млрд сўм миқдорида белгиланган ёки 12,4 фоизга кўпайган. Шундан, мактабгача таълим ва умумтаълим мактабларини қуриш ва жиҳозлаш учун қўшимча 191,7 млрд сўм ажратилган. Давлат мақсадли жамғармаларига давлат бюджетидан ажратилаётган трансфертларни 4,1 трлн сўмга ва уларнинг харажатларини 7,7 трлн сўмга ошириш кўзда тутилган.
Сенатор томонидан қўшимча харажатларнинг қарийб 26 трлн сўмга тенг йўналишлари айтилган бўлса-да, қолган бир қисми умумлаштирилган шаклда тақдим этилди. Яъни 15 трлн сўм нимага ишлатилганига аниқлик киритилмади.
Мавзуга оид
13:32 / 18.12.2025
Сенат 2026 йилги давлат бюджетини маъқуллади
09:30 / 13.12.2025
Тадбиркорликка ажратилган субсидиялар бўйича янги назорат тартиби жорий этилди
00:21 / 30.11.2025
Энг яхши солиқ тўловчи маҳаллалар учун рағбатлар эълон қилинди
22:53 / 29.11.2025