23 декабр куни АҚШнинг TechCrunch нашри киберхавфсизлик нуқсони туфайли Ўзбекистондаги йўл ҳодисалари, инсонлар юзи ва автомобил рақамларини кузатиш тизимининг юзлаб камералари интернетда очиқ қолдирилгани ҳақида ёзганди.
24 декабр куни ИИВ ЖХД Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати бўлим бошлиғи подполковник Сухроб Турсунов ОАВ вакиллари билан учрашувда ҳолат юзасидан изоҳ берди.
У ташқи манбалар Ўзбекистондаги транспорт воситаларининг ҳаракатини онлайн кузатиши, шахсий маълумотлар очиқ туриши ва тизимда заифлик борлиги ҳақидаги хабарлар ҳақиқатга тўғри келмаслигини таъкидлади. Kun.uz мухбири ИИВ расмийсининг изоҳларини қисқа шаклда келтириб ўтади.
«Улар камераларни жонли кўришга рухсат олмаган»
«Биз нафақат Хитой, балки Беларус, Россия каби бошқа давлатлардан олинган 10 дан ортиқ тизимдан фойдаланамиз. Бу тизим маълумотлари Ўзбекистонда сақланади ва унга четдан киришнинг имкони бўлмайди.
Бу тизимларни ишга туширишдан олдин, Киберхавфсизлик маркази 3 босқичли синов ва экспертизадан ўтказади. Шундан сўнг тизимга мувофиқлик сертификати берилади. Кейин биз синовдан ўтказамиз ва амалиётда қўллашни бошлаймиз.
Хуллас, йўллардаги ҳаракатни жонли кузатиш ва қайд этиш тизими алоҳида ёпиқ серверда жойлашган. Бу тизимга ҳеч ким кирмаган. Фуқаролар қайд этган қоидабузарлиги видеоларини қирқиб олиб, ўзларига кўрсатадиган cloud серверлари эса бошқа нарса. У орқали камераларни жонли кузатиб бўлмайди.
Мақолада айтилган ҳолатда улар синов жараёнидаги айрим қурилмаларимизда қайд этилган қоидабузарликлар ёзилган синов серверларимизга кирган. Бу серверлар очиқ бўлган, чунки уларда шахсий маълумотлар йўқ».
Қоидабузарликлар видеоси учун ва алоҳида синов серверлари ҳақида
«Масалан, биз расмийлаштирилган маъмурий баённомадаги QR-код орқали қоидабузарлик видеоларини кўриш имконига эга бўламиз. Бу қоидабузарлик видеолари бизнинг алоҳида серверимизда шаклланади. Бунга логин ва парол билан кириб кўриш қўшимча мураккабликлар келтириб чиқаради ва зарурати йўқ.
Юқоридаги сайтда чиқиб кетган расмлар эса, синов тариқасида очилган серверларимиздан олинган. Бу синов серверларида ҳар бир камерани ёки янги турдаги қоидабузарликларни ёзиб олишни текшириб кўрамиз. Синов пайтида бу қоидабузарликлар учун баённома тузилмайди.








