Ўзбекистон | 21:35 / 08.10.2025
4695
4 дақиқада ўқилади

Тасвирга олишдаги розилик ва шовқин учун кучайтириладиган жазо – маҳаллий дайжест

Кун давомида Kun.uz ёритган муҳим маҳаллий янгиликлар билан таништирамиз.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Фуқароларни розилигисиз тасвирга олиш тақиқланиши мумкин

Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида кўриб чиқилган қонун лойиҳасига кўра, шахснинг тасвирини суратга олиш ва фойдаланиш учун мажбурий равишда розилигини олиш талаби жорий этилади. Шунингдек, болалар ҳам ўз тасвири бўйича мустақил ҳуқуқ субъекти ҳисобланиши белгилаб қўйилди.

Ҳужжатда, шунингдек, қайси ҳолларда шахснинг розилигисиз тасвирга олиш ва тасвирдан фойдаланиш мумкинлиги ҳамда видеокузатув амалга оширилаётганда шахсий ҳаёт дахлсизлигини таъминлаш бўйича талаблар аниқ белгилаб берилган.

Шу билан бирга, жамоат жойларига видеокузатув тизимлари ўрнатилганда, бу ҳақда кўриниб турадиган ва осон тушунилган ҳолдаги огоҳлантирувчи белги жойлаштирилиши мажбурий ҳисобланади.

Қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қабул қилинди ва Сенатга юборилди.

Пискент полигони ёпилиши ортидан Ўзбекистонга автомобил импорти кескин ошди

Жорий йил сентябр ойида Ўзбекистонга енгил автомобил импорти қиймат жиҳатдан 2,25 баробарга, миқдор жиҳатдан эса 2,22 баробарга ошди. Миқдор жиҳатдан энг катта ўсиш электромобиллар импортида кузатилган – 3,5 баробар. Бензинли енгил автомобиллар импорти ҳам 48 фоизга кўпайган бўлса, гибрид автомобиллар олиб кириш қисқаришда давом этяпти.

Эслатиб ўтамиз, 2024 йил 1 ноябрдан бошлаб импорт қилинган автомобилларни божхона ҳудудида эмас, Пискентдаги полигонда техник синовлардан ўтказиш бошланганди. Шунингдек, якка тартибда ёки хусусий тадбиркорлар томонидан импорт қилинадиган машиналар учун электромагнит мослашувчанлик текшируви ҳам жорий қилинди. Автополигоннинг мавжуд қуввати реал талабдан бир неча баробарга камлиги импорт ҳажмининг кескин қисқаришига таъсир ўтказиб келаётганди.

Фуқароларнинг нормал дам олишини бузганлик учун жавобгарлик кучайтирилади

«Аҳолини шовқиннинг зарарли таъсиридан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонунга ўзгартиришлар киритилмоқда. Лойиҳа билан фуқароларнинг нормал дам олишини бузишга йўл қўйилмайдиган вақтлар оралиғини амалдаги 7 соатдан (соат 23:00 дан 6:00 гача) 8 соатга (соат 23:00 дан 7:00 гача), дам олиш кунлари ва қонунчилик билан белгиланган ишланмайдиган байрам кунлари эса соат 22:00 дан 9:00 гача бўлган вақт оралиғига ўзгартириш таклиф этилмоқда.

Ушбу вақт оралиғида фуқароларнинг осойишталиги ва нормал дам олишини бузганлик учун маъмурий жавобгарлик чоралари кучайтирилади.

Ўзбекистонда Meta компанияси ваколатхонаси очилиши мумкин

Истиқболли лойиҳалар миллий агентлигида Meta компанияси (Facebook, Instagram, WhatsApp, Threads) вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди.

Муҳокама чоғида Ўзбекистонда Meta ваколатхонасини очиш истиқболлари, рекламани илгари суриш ва компания платформаларида жойлаштиришда фирибгарликнинг олдини олиш бўйича ҳамкорликни ривожлантириш, шунингдек, контентни монетизация қилиш ва мамлакатдаги рақамли контент яратувчиларини қўллаб-қувватлаш масалалари муҳокама қилинди.

Учрашув якунлари бўйича ўзаро ҳамкорликни давом эттириш ва ҳамкорликнинг муайян йўналишларини ўрганиш бўйича келишувга эришилди.

Тошкент вилоятида прокуратуранинг икки ходими қўлга олинди

Бекободдаги тезкор тадбирда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Гулистон туман бўлими бошлиғи ва Бекобод шаҳар бўлими катта тезкор вакили фуқародан 25 минг доллар олган вақтида ушланди.

Маълум бўлишича, улар Зангиота туманида фаолият юритувчи 4 та корхона норасмий раҳбари ва бошқаларга нисбатан Жиноят кодексининг 184-моддаси 3-қисми билан қўзғатилиб, ҳозир жиноят ишлари бўйича Зангиота туман судида кўрилаётган жиноят ишини ижобий ҳал қилишни ҳамда Сирдарё вилояти Солиқ бошқармаси томонидан 2 та корхонада ўтказилган камерал солиқ текширувларини ноқонуний деб топиб беришни ваъда қилишган.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид