Авто | 11:54 / 08.10.2025
9901
2 дақиқада ўқилади

​​​​​​​Пискент полигонининг ёпилиши фонида Ўзбекистонга автомобил импорти кескин ошди

Жорий йил сентябр ойида Ўзбекистонга енгил автомобил импорти қиймат жиҳатдан 2,25 баробарга, миқдор жиҳатдан эса 2,22 баробарга ошди. Миқдор жиҳатдан энг катта ўсиш электромобиллар импортида кузатилган – 3,5 баробар. Бензинли енгил автомобиллар импорти ҳам 48 фоизга кўпайган бўлса, гибрид автомобиллар олиб кириш қисқаришда давом этяпти.

2025 йилнинг сентябр ойида Ўзбекистонга қиймати 167,1 млн долларлик 14 минг 171 дона енгил автомобил импорт қилинди. Бу ҳақда Божхона қўмитасининг ойлик ҳисоботида келтирилган.

Таққослаш учун, ўтган йилнинг мос даврида 74,2 млн долларлик 6 минг 355 дона енгил автомобиллар импорти амалга оширилган. Сентябр ойида автомобил импорти қиймат жиҳатдан 2,25 баробарга, миқдор жиҳатдан эса 2,22 баробарга ошган.

Миқдор жиҳатдан энг катта ўсиш электромобиллар импортида кузатилган – 3,5 баробар. Бензинли енгил автомобиллар импорти ҳам 48 фоизга ошган. Ўз навбатида гибрид автомобиллар импорти қисқаришда давом этяпти. Сентябрда бу кўрсаткич – 5,8 баробар бўлган.

Ўтган ойда автомобил олиб киришнинг кескин ўсиши импорт мошиналарни Пискентдаги автополигонда синовдан ўтказиш амалиёти бекор қилиниши фонида юз берди. Шу пайтгача Ўзбекистонга жисмонан олиб кирилган, лекин «импорт» сифатида рўйхатдан ўтмаган автотранспорт воситаларининг мамлакатга кириши тезлашган бўлиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, 2024 йил 1 ноябрдан бошлаб импорт қилинган автомобилларни божхона ҳудудида эмас, Пискентдаги полигонда техник синовлардан ўтказиш бошланганди. Шунингдек, якка тартибда ёки хусусий тадбиркорлар томонидан импорт қилинадиган машиналар учун электромагнит мослашувчанлик текшируви ҳам жорий қилинди. Автополигоннинг мавжуд қуввати реал талабдан бир неча баробарга камлиги импорт ҳажмининг кескин қисқаришига таъсир ўтказиб келаётганди.

Мавзуга оид