Ўзбекистон | 18:56 / 30.10.2023
10651
3 дақиқада ўқилади

Афғонистон Ўзбекистондан транзит тўловини пасайтиришни сўради

Кобулдаги ҳукуматлараро учрашувда Афғонистон томони Ўзбекистон орқали ўтадиган афғон юкларининг транзит тўловини камайтиришни сўради. Ўзбекистон Транспорт вазирлигининг Kun.uz'га маълум қилишича, иккала давлат ҳудудида миллий ташувчилардан ундириладиган тўловларни солиштириш ва ечимлар топиш бўйича қўшма ишчи гуруҳ тузилган.

Фото: Афғонистон ҳукуматининг матбуот хизмати

29 октябр куни Афғонистон бош вазирининг иқтисодий масалалар бўйича ўринбосари Абдул Ғани Бародар Охунд ва Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Жамшид Хўжаев бошчилигида ҳукуматлараро учрашув бўлиб ўтди. Бу ҳақда Афғонистон ҳукуматининг расмий сайтида хабар қилинди.

Қайд этилишича, Афғонистон раҳбарининг қароргоҳи бўлмиш Аркдаги Чаҳар Чинор саройида ўтган йиғилишда савдо-иқтисодий, транзит, темирйўл, транспорт, кончилик, қишлоқ ва сув қишлоқ хўжалиги каби соҳаларда ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинган.

Бародар Охунднинг айтишича, Афғонистон минтақада асосий транзит нуқтаси бўлиб хизмат қилишга интиляпти ҳамда бу борада Жанубий ва Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги алоқани кучайтириш учун йўлларни реконструкция қилишга сармоя киритяпти. У учрашувда Ўзбекистон орқали олиб ўтиладиган афғон юкларининг юқори транзит тўловлари масаласини кўтариб, ўзбек томонидан бу тўловлар миқдори камайтирилишини сўраган.

“Толибон” расмийси, шунингдек, Афғонистон ва Ўзбекистон ўртасидаги савдо алоқаларини юқори баҳолаб, Афғонистоннинг Ўзбекистонга экспорти сезиларли даражада ошишини кутаётганини айтган. Шу муносабат билан у Ўзбекистонга махсус имтиёзли тарифлар ва дўстона савдо алоқаларини йўлга қўйиш ҳақида ўйлаб кўришни таклиф қилган.

Жамшид Хўжаев Афғонистоннинг Ўзбекистонга экспортини кўпайтиришга мўлжалланган савдо йўллари харитасини тақдим этган. Бу йўл харитада кўзда тутилган чоралар билан икки томонлама товар айирбошлаш ҳажмини 3 миллиард долларга етказиш кўзда тутилган. Ўзбекистон томони афғон тадбиркорлари ва ҳайдовчилари учун виза олиш жараёнини ҳам соддалаштириш, Тошкентда Афғонистон маҳсулотлари кўргазмасини ўтказиш ва афғон ишбилармонлари учун Термиз шаҳрида йирик бизнес марказини барпо этиш режа қилинаётганини билдиргани айтилмоқда.

Ўзбекистон Транспорт вазирлиги матбуот котиби Наврўз Ашурматовнинг Kun.uz сўровига жавобан берган маълумотига кўра, афғон юкларининг транзит тўловлари қайта кўриб чиқилиши мумкин.

“Бу масала бўйича учрашувда икки давлат ҳудудида миллий ташувчилардан ундириладиган йиғим ва тўловлар миқдорини солиштириш, юк ташувларида мавжуд муаммоларни икки давлат ташувчилари, мутасадди давлат идоралари иштирокида муҳокама этиш ва ечимини топиш мақсадида идоралараро қўшма ишчи гуруҳ шакллантиришга келишилди”, – дейди вазирлик матбуот котиби.

Эслатиб ўтамиз, октябр ойи бошида “Толибон” Қўштепа канали қурилишининг 1-босқичини якунлаб, сўнгги 2-босқичга старт берганди.

Мавзуга оид