Ўзбекистон | 17:35 / 29.07.2021
6935
2 дақиқада ўқилади

Қашқадарёда ўқувчиларга синфхона етишмайдиган мактаб директори унинг бир қисмини ижарага бериб юборгани маълум бўлди

Ижтимоий тармоқларда Қарши туманида жойлашган 6-мактабдаги ҳолат ҳақида хабарлар тарқалди. Унга кўра, мазкур мактабда ўқувчиларга синфхона етишмайди. Мактаб директори эса ана шундай ҳолатда унинг бир қисмини тадбиркорга ижарага бериб юборган. Вилоят халқ таълими бошқармаси мазкур хабар бўйича муносабат билдирди

Муносабатда маълум қилинишича, Қарши тумани «Сарой» МФЙ ҳудудида жойлашган 6-мактаби 2 та бинодан иборат. 1-бино 1989 йилда, 2-бино 2018 йилда қурилган. Мактабнинг қуввати 1060 ўринли бўлиб, бугунги кунда мактабда 1951 нафар ўқувчи таълим олмоқда. Мактабнинг навбатлилик коэффициенти 1,84 ни ташкил этади.

Қайд этилишича, 2021 йил 1 июнь куни мактаб маъмурияти ва тадбиркор Б. Р. ўртасида №1-сонли икки томонлама шартнома тузилган. Шартномада, тадбиркор мактаб ўқув биносидаги 389,4 метр квадрат жойдан ижарага фойдаланиши кўзда тутилган.

Қарши туман халқ таълими бўлими томонидан ўрганиш жараёнида мактаб директори ва тадбиркор президентнинг «Халқ таълими тизимига бошқарувнинг янги тамойилларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 2018 йил 5 сентябрдаги ПҚ-3931-сонли қарорининг 10-банди бузилгани аниқланган. Қарорда мактаб ва ундан ташқари муассасаларнинг ер участкалари ва кўчмас мулкини Халқ таълими вазири билан келишмасдан бегоналаштириш таъқиқланган. Туман ХТБ бу тўғрисида тадбиркор ва директорни огоҳлантирган ҳамда мактаб биносида олиб борилаётган таъмирлаш ишлари тўхтатилган.

Таъкидланишича, ҳозирги кунда ушбу мактаб қуввати юқорилиги сабабли 2021 йил «Обод қишлоқ» дастури доирасида «Сарой» МФЙ ҳудудида алоҳида қўшимча 420 ўринли бино қурилади. 6-мактабдаги мавжуд 640 ўринли бинода мукаммал таъмирлаш ишлари амалга оширилмоқда.

Ғайрат Йўлдошев
Тайёрлаган Ғайрат Йўлдошев

Мавзуга оид