Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«Салар» оқова сув тозалаш иншооти ва канал бўйида жойлашган корхоналар Тошкент вилоятига кўчирилади
Тошкентдаги «Салар» оқова сув тозалаш иншооти фаолиятини ўрганиш учун бош вазир ўринбосари Беҳзод Мусаев бошчилигида Ҳукумат комиссияси ташкил этилди. «Салар» оқова сув тозалаш иншооти ва «Салар» канали бўйида жойлашган корхоналарни Тошкент вилоятига кўчириш режалаштирилган.
Комиссия жорий йилнинг 10 июлига қадар:
- «Салар» оқова сув тозалаш иншооти ва «Салар» канали бўйида жойлашган юридик ва жисмоний шахсларнинг белгиланган меъёрларга мувофиқ оқова сув иншоотига уланганлиги ҳамда ишлаб чиқариш жараёнида ҳосил бўладиган чиқиндиларни ташлаш бўйича нормаларга амал қилиш ҳолати;
- ҳудуддаги корхоналар тегишли экологик ҳамда санитария қоидаларига мос равишда фаолият юритаётганлигини ўрганиш ва таҳлил қилиш;
- «Салар» оқова сув тозалаш иншоотининг фаолияти белгиланган талабларга мувофиқлиги, шу жумладан, уни модернизация қилиш орқали сақлаб қолиш ёки аҳоли яшаш пунктига яқин бўлмаган бошқа ҳудудга кўчириш масаласини ўрганиб чиқиш;
- «Салар» оқова сув тозалаш иншооти ва «Салар» канали бўйида жойлашган ва белгиланган нормаларга риоя қилмаган ҳолда ишлаб чиқариш чиқиндиларини оқова сув тармоғига ташлаётган корхоналарни Тошкент вилоятининг Олмалиқ шаҳри ва Оҳангарон тумани ҳудудидан зарур ер участкаси ажратган ҳолда кўчириш бўйича таклифлар тайёрлайди.
«Тошкент шаҳар сув таъминот» МЧЖ матбуот хизмати Kun.uz’га берган маълумотига кўра, мазкур ҳудудда фаолият юритувчи терини қайта ишловчи корхоналар ва ҳайвонлар сўйиладиган кушхоналар кун давомида йиққан чиқинди аралаш сувларини «Салар» иншоотига ташлашган ва ҳозирда уларнинг фаолияти тўхтатилди.
«Энг ачинарлиси, саноатда қўлланувчи ўта кучли кимёвий аралашмалар иншоотда сувни тозалаш жараёнидаги биологик мироорганизмларни ўлдириб қўйган ва бу иншоот фаолиятига етказилган энг катта зарар ҳисобланади.
Ҳозирда иншоот атрофидаги корхоналар фаолияти вақтинча тўхтатилди. Шаҳар ичидаги бундай корхоналар эса ҳамон оқова сувларини тозаламай, иншоотга ташламоқдалар», дейилади маълумотда.
Аввалроқ, «Салар» тўйинтириш иншоотига турли корхона ва ташкилотлар томонидан оқова сувлар ва чиқиндилар оқизилиши оқибатида чиқаётган бадбўй ҳид атрофда яшайдиган аҳолининг норозилигига сабаб бўлди.
Шундан сўнг Бектемир ва Салар оқова сув тозалаш иншоотларига техник сувларни ташловчи корхоналарда президент ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича бизнес-омбудсман рухсатига асосан текширувлар амалга оширилиб, 22 нафар масъулга маъмурий иш қўзғатилган эди.
Мавзуга оид
17:08 / 06.10.2023
Ботқоқликка айланган Бўзсув ва Салар: муаммолар гирдобидаги ҳудуд эътиборга муҳтож
11:35 / 27.04.2023
Тошкентда Салар каналига тушиб кетган «Дамас» чиқариб олинди
15:36 / 24.12.2022
Поезд уриб кетиши туфайли 17 ёшли ўсмир вафот этди
10:13 / 04.08.2021