Жаҳон | 15:29 / 10.05.2023
25724
7 дақиқада ўқилади

Парад арафасидаги зарбалар ва Креминна атрофидаги украин ҳарбийлари. Уруш суратлари

Украинада урушнинг 440-куни ўтди. Асосий маълумотлар:

  • Москвада Ғалаба паради ўтказилди. Унда иштирок этиш учун етти хорижий давлат раҳбари, жумладан, Марказий Осиёнинг барча мамлакатлари етакчилари ташриф буюрди. Украина Марказий Осиё етакчилари Москвадаги парадда иштирок этишини «дўстона бўлмаган қадам» деб атади.
  • Ғалаба паради авжига чиққан маҳалда Евгений Пригожин навбатдаги видеосини эълон қилиб, унда 9 Май — «боболарнинг» Ғалаба куни эканини айтди ва Россиянинг келажаги боғлиқ бўлган қандайдир «хушчақчақ чол»ни тилга олиб, «у ҳаммаси яхши эканини айтаётгани», аслида эса у «ўтакетган аҳмоқ бўлиб чиқиши мумкинлиги»ни айтган.
  • Бундан ташқари, Пригожин мунтазам армиянинг Бахмут атрофида «Вагнер» отрядлари қанотини ҳимоялашга масъул бўлган бўлинмаси ўз позицияларини ташлаб қочганини айтган. Шунингдек, Пригожиннинг тасдиқлашича, унинг ёлланма жангчилари Бахмутдан кетса, ватанга хиёнатда айбланиш таҳдиди остида қолганини маълум қилган.
  • 9 май тонгида Россия қўшини Украина бўйлаб ёппасига ракета зарбалари йўллади. Днипрода ракета парчалари турар жой биносига тушиб, бир аёлни яралади. Киевда 15 ракета уриб туширилган, жабрланганлар йўқ.
  • Воронеж областидаги ҳарбий аэродром яқинида 9 май куни «номаълум учиш объекти» уриб туширилди. Astra нашри ёзишича, гап Балтимор аэродроми ҳақида бормоқда, гўёки бу ерга Москвадаги Ғалаба паради бошланиши арафасида ҳужум қилишга уриниш содир бўлган. Телеграм-канал маълумотига кўра, ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари ракетани уриб туширган. Маҳаллий расмийлар ҳодиса ҳақида хабар беришмаган.

Кун кадри. Часив Ярдаги уй ҳовлисидаги қабр

Часив Яр ўққа тутилиши оқибатида ҳалок бўлган тинч аҳоли вакилининг қабри — бу шаҳар ўтган йил ёзидан буён жанглар кетаётган Бахмутдан 13 километр ғарбда жойлашган. Россия қўшини мунтазам равишда Часив Яр бўйлаб зарба бермоқда, чунки Бахмутдаги Украина гарнизони таъминоти айнан шу шаҳар орқали амалга оширилади. 9 май куни Часив Яр атрофида Agence France-Presse (AFP) журналисти Арман Солдин ҳалок бўлди.
Iryna Rybakova / AP / Scanpix / LETA

Украина босқини фонидаги Ғалаба парадлари

Советларнинг Т-34 танки Москвада Қизил майдонда ҳарбий техникалар карвони бошида. Бу йил пойтахтдаги парад олдиндан режалаштирилганидек кечмади: 3 май куни Кремлга дронлар ҳужуми рўй беришидан олдинроқ ҳам Россия ҳукумати қатор маросимларни, масалан, «Ўлмас полк» ва авиашоуни бекор қилганди. Ҳарбий техникалар сони ҳам қисқартирилди — Қизил майдондан жами Т-34-85 русумли учта танк ўтди, буларнинг бари 1950-йилларда ишлаб чиқарилган.
Пелагия Тихонова / Агентство «Москва» / AP / Scanpix / LETA
Новий Арбатда ҳарбий техникалар карвони ўтишини кутаётган москваликлар. Ўтган йилларда бўлгани каби, Қизил майдонга фақат таклифнома билан кириш мумкин эди, бундай таклифномалар уруш фахрийлари, амалдорлар ва айрим таниқли шахсларгагина берилади. Москва аҳолиси ва май байрамларини ўтказиш учун шаҳарга келганлар ҳарбий техникалар колоннасини фақат Кремлдаги байрамдан кейин улар Москвани тарк этаётганидагина жонли кўриши мумкин. Фото: «Медуза»
Великий Новгород шаҳрида яшовчилар совет армияси сержанти Фёдор Третьяков ҳамда Украинада ҳалок бўлган Россия армияси лейтенанти Ренат Гайсиннинг портретларини кўтариб ўтишмоқда
Антон Ваганов / Reuters / Scanpix / LETA
Православ руҳонийси Омск аҳолисига советлар ҳарбий автомобили ЗИС-5 кузовидан (уни «трехтонка» деб ҳам аташади) салом йўлламоқда. Фото: AP / Scanpix / LETA
Россия ва Эстонияни ажратиб турувчи Нарва дарёсининг Россия томондаги қирғоғида жойлашган Ивангород шаҳрида ғалаба паради атайин Эстония чегараси яқинида ўтказилиб, Россия мадҳияси баландлатиб қўйилди. Байрам арафасида Эстония томонга қаратилган экран ва саҳна ўрнатилди. Экранга жой очиш учун Ивангород қалъаси олди кўп асрлик дарахтлардан тозаланган. Бунга жавобан Нарванинг ўзидаги қалъа деворида 9 май куни «Путин — ҳарбий жиноятчи» ёзуви туширилган баннер пайдо бўлди. Россия томони плакатни олиб ташлашни сўради, аммо Нарва мэри Катри Райк бу Эстония қонунларига зид келмаслиги ва полиция рухсати билан ўрнатилганини маълум қилди. Бу фотосурат Нарвада олинган.
Евгений Фельдман / «Медуза»
Евгений Фельдман / «Медуза»

Луҳанск областидаги украин аскарлари

Украиналик ҳарбий россияликларнинг аннексия қилинган Луҳанскдан тахминан 100 километр шимоли-ғарбда жойлашган Креминна шаҳри атрофидаги позицияларини танкка қарши қўл гранатомётидан (РПГ) ўққа тутмоқда
Libkos / AP / Scanpix / LETA
Украина ҚК жангчиси Креминна яқинидаги позицияда украинлар зирҳли транспортёри (БТР) ўтишини кузатмоқда
Libkos / AP / Scanpix / LETA
Креминна яқинидаги фронт чизиғида окопда турган украин аскари
Libkos / AP / Scanpix / LETA

Фронтнинг турли нуқталаридаги украин ҳарбийлари

Украина бўйлаб навбатдаги ёппасига зарбалар

Киев устида уриб туширилган Россия ракетаси портлашидан кейинги тутун. Киев шаҳар ҳарбий маъмуриятига кўра, 9 май куни эрта тонгда РФ армияси Киев бўйлаб 15 ракета учирган — уларнинг бари ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари орқали уриб туширилган. Жабрланганлар ва жиддий вайронгарчиликлар ҳақида хабар берилмаган.
Sergei Supinsky / AFP / Scanpix / LETA
Днипрода 9 май кунги зарбалардан шикастланган уйлардан биридаги квартира. Днипропетровск области ҳарбий маъмуриятига кўра, РФ армияси шаҳарга жами саккизта ракета учирган. Ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими уларнинг барчасини уриб туширган, аммо ракеталардан бирининг қолиқлари турар жой биносига тушиб, бир аёлни яралаган. 9 май куни Киев ва Днипропетровск областларидан ташқари Черкасс областига ҳам зарба берилган — бу ерда ҳеч ким ҳалок бўлмаган ва жабрланмаган.
Mykola Miakshykov / Укринформ / ZUMA Press Wire / Scanpix / LETA
Азиз Қаршиев
Муаллиф Азиз Қаршиев

Мавзуга оид