Ўзбекистонда автобусларни харид қилишда уларнинг йўловчи сиғими ҳисобга олинади
Президент автобусларни харид қилишда уларнинг йўловчи сиғимига кўпроқ эътибор қаратиш, шунингдек Тошкент метросидаги вагонлар сонини ошириш бўйича топшириқ берди. Аҳоли элетромобилларга ўтишга рағбатлантирилади.
Президент Шавкат Мирзиёев 29 январ куни ўтказган видеоселектор йиғилишида жамоат транспортини ривожлантириш борасидаги ишларни янада жадаллаштириш бўйича топшириқ берди.
«Таҳлилларга кўра, тирбандликлар ҳам ҳавонинг тозалигига салбий таъсир кўрсатаяпти.
Чунки, ҳаракатдаги автомобилга қараганда тирбандликда турганлари ҳавони кўпроқ ифлослантиради.
Шу сабабли, жамоат транспортини ривожлантириш борасидаги ишлар янада жадаллаштирилади», дейилади президент матбуот хизмати хабарида.
Эндиликда автобуслар харид қилишда уларнинг йўловчи сиғимига кўпроқ эътибор қаратиш кераклиги таъкидланди.
Шунингдек, метро вагонлари сонини ошириш бўйича амалий чораларни ҳам тезлаштириш лозимлиги кўрсатиб ўтилган.
Бундан ташқари, «яшил энергетика»ни қўллаб-қувватлаш, экологик муаммоларнинг олдини олиш ва зарарли оқибатларни камайтириш мақсадида аҳолини электромобилларга ўтишини рағбатлантириш тизими жорий қилинади.
Маълумот учун, 2023 йил апрелида Россиянинг «Метровагонмаш» компанияси йил охирига қадар Тошкент метрополитени учун яна 56 та вагон (14 та таркиб) етказиб бериши кутилаётгани ҳақида хабар берилганди. Компания бунга қадар 2019−2021 йилларда жами 60 та вагон етказиб берган.
2023 йил октябрида Тошкент метрополитени 2024 йилда қўшимча 104 вагон қабул қилиб олиниши режалаштирилганини маълум қилганди.
- Бугунги йиғилишда президент бош вазир ўринбосари Очилбой Раматов ва бошқа масъул раҳбарларга Тошкент шаҳридаги тирбандликлар муаммосини ҳал этиш бўйича таклифлар тайёрлашни топширди. «Шаҳарсозлик ва йўл ҳаракатига масъул барча бўғиндаги раҳбарлар „Шаҳар — пиёдалар учун“ деган шиорни ўзининг асосий тамойили қилиб олиши шарт. Бунда, жамоат транспортига ҳар томонлама устунлик берилиши, автомобиллар эса ҳашаматга айланиши керак», — деди Шавкат Мирзиёев.
- Шунингдек, президент бош вазир Абдулла Ариповга Ўзбекистонда 2025 йилдан Аи-80 бензинидан воз кечиш масаласини узил-кесил ҳал қилишни топширди. Бундан ташқари, оғир юк машиналари, 10 йилдан ошган автомобиллар ҳамда Евро-4 стандартидан паст ёнилғини ишлатишнинг атроф-муҳитга зарарини камайтириш механизмлари ишлаб чиқилади.
Мавзуга оид
12:24 / 08.01.2025
“Жарима чиптасизлар учун” – Тошкент автобусларида йўлкирани нақд пулда тўлайдиганларга жарима солиниши рад этилди
16:47 / 07.01.2025
Тошкентдаги автобусларда йўлкирани нақд пул шаклида берганлар жаримага тортилади
13:11 / 05.01.2025
Ўзбекистонда 11 ойда қанча автобус ишлаб чиқарилгани маълум қилинди
21:07 / 28.12.2024