Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Аҳмад ал Аҳмад — Австралиянинг суриялик қаҳрамони
Сиднейдаги отишмада бир ҳужумчини қуролсизлантирган Аҳмаднинг жасорати — нафақат Австралия ва Сурияда, балки бутун дунёда қаҳрамонлик сифатида эътироф қилинмоқда. Бу воқеа — 15 киши ўлдирилган фожиа ортидан австралияликлар учун бирдамлик рамзига айланди. Аҳмаднинг даволаниши учун очилган хайрия фондига аллақачон 1,5 миллион доллар йиғилди.
14 декабрь куни Сиднейдаги Бонди пляжида даҳшатли отишма юз берди. Отишма яҳудийларнинг диний байрами – Ханукининг илк кунига тўғри келди: икки ҳужумчи – ота-бола пиёдалар кўпригида турган ҳолда пляждагиларни ўққа тутган.
Австралиянинг сўнгги ўн йилликлардаги тарихида энг қонли воқеа сифатида кўрилган ҳужум қурбонлари 15 киши бўлди. 40 дан ортиқ инсонлар жароҳатланди, уларнинг 22 нафари шифохоналарда қолмоқда.
Бугунги қаҳрамонимиз 43 ёшли Аҳмад – ҳужумчилардан бирини йиқитиб, қуролсизлантирган инсон. Унинг шуҳрати – ҳужум ҳақидаги шов-шувдан ҳам ошиб кетди. Дунёнинг барча йирик ОАВлари Аҳмаднинг қаҳрамонлиги ҳақида ёзиб чиқди.
Энг керакли вақтда, бошқалар учун жонини хатарга қўйган инсон
Австралиянинг иссиқ ёз оқшомида Бонди пляжида сайр қилаётган кўплаб австралияликлар каби, Аҳмад ал Аҳмад ҳам дўсти билан қаҳва ичмоқчи эди. Аммо у турган жой яқинида, қирғоқ бўйидаги боғда қонли қирғин бошланди.
Аҳмад эса тўхтаб турган икки машина орасидан секин юриб ўтиб, қуролланган шахслардан бирига қараб тўғри югурди. Бутун дунё бўйлаб миллионлаб марта томоша қилинган видеоларда, Аҳмад – қуролланган шахсни йиқитиб, унинг қўлидаги милтиқни тортиб олгани ва қуролни ҳужумчининг ўзига қарата буриб юборгани акс этган.
Кейинроқ, иккинчи ҳужумчи томонидан ўқ узилгач, Аҳмад қуролни ерга қўйган. Унинг ўзи ҳам қўли ва билагидан ўқ еган. Шундан сўнг, ҳужумчилардан бири – 50 ёшли шахс полиция томонидан отиб ташланган, унинг ўғли эса қўлга олинган.
The Associated Press'нинг ёзишича, келиб чиқиши суриялик бўлган мусулмон ҳақидаги бу воқеа – 15 киши ўлдирилган фожиа ортидан таскин излаётган Австралияда катта рамзга айланди.
Аҳмад ал Аҳмад – суриялик қаҳрамон, собиқ полициячи
Ал Аҳмад Австралияга келишидан олдин Суриянинг Идлиб минтақасидаги Найраб шаҳрида яшаган. У 2006 йилда таълимини тугатиб Сурияни тарк этган.
Бу йил Сиднейга у билан кўришиш учун келган ал Аҳмаднинг ота-онаси ўғлининг илгари полицияда ва Суриянинг марказий хавфсизлик кучларида хизмат қилганини айтган. Отаси Муҳаммад Фотиҳ ал Аҳмаднинг сўзларига кўра, ўғлини ҳаракатга ундаган нарса унинг «виждони ва қалби» бўлган.
«Мен фахр ва шараф ҳис қиляпман, чунки ўғлим Австралиянинг қаҳрамони,» — деди у.
Унинг Суриядаги амакиси Муҳаммад ал Аҳмаднинг айтишича, у жиянини тармоқлардаги видеолар орқали таниган.
«Биз у билан фахрланамиз. Умуман олганда, бутун Сурия у билан фахрланади. У ўлдирилаётган одамлар ким эканини, уларнинг дини нима – мусулмонми, насронийми ёки яҳудийми, деб ўйлаб ўтирмай, дарҳол ҳаракат қилди. Уни шу нарса ўрнидан туришга ва бу қаҳрамонона ишни қилишга ундади», дея амакисининг сўзларини келтирмоқда Reuters.
«У бутун дунёга, мусулмонлар – уруш қўзғатувчилар эмас, балки тинчликпарварлар эканини исботлайди», – деган Аҳмаднинг яна бир амакиси.
Ал Аҳмад учун ёрдам ва қўллаб-қувватлов
Австралия фуқароси ҳисобланган Ал Аҳмаднинг рафиқаси ва икки нафар кичик қизи бор. Уни олдинда узоқ ва оғир тикланиш жараёни кутмоқда: у чап қўлидан бир неча марта ўққа тутилган. Тахминларга кўра, бу – ҳужум пайтида пиёдалар кўпригидан бетартиб ўқ узган иккинчи қуролланган шахс томонидан амалга оширилган.
Аҳмад аллақачон биринчи жарроҳлик амалиётидан ўтган ва яна бир нечта операциялар режалаштирилган. Расмийларга кўра, у жуда ҳолдан тойган ва камида олти ойлик тикланиш даври уни кутмоқда.
Ал Аҳмадни шахсан танимаган австралияликлар томонидан унга ёрдам бериш учун Go FoundMe'да хайрия саҳифаси очилди. 17 декабрь тушга қадар 41 мингдан ортиқ инсонлар уни қўллаб-қувватлаб, жами 1,6 миллион доллардан кўпроқ пул йиққан бу хайрия давом этмоқда.
Бундан ташқари, Сиднейнинг чекка ҳудудида – темирйўл вокзали қаршисида жойлашган ал Аҳмадга тегишли дўкон олдида гуллар ва миннатдорчилик хатлари тобора кўпайиб бормоқда.
Австралия ва дунё етакчилари уни эътироф қилмоқда
Ал Аҳмад – дунёнинг кўплаб етакчилари ва австралияликлар томонидан қаҳрамон сифатида эътироф этилди.
Сешанба куни юқори мартабали меҳмонлар: Австралия бош вазири Энтони Албанези, қирол Чарлз III нинг Австралиядаги вакили Сем Мостин ва Суриянинг юқори даражали дипломати – Аҳмадни зиёрат қилиш учун у даволанаётган Сиднейдаги шифохонага борди.
«У ҳақиқий австралиялик қаҳрамон,» — деди бош вазир шифохона ташқарисида нутқ сўзларкан.
Ahmed, you are an Australian hero.
— Anthony Albanese (@AlboMP) December 16, 2025
You put yourself at risk to save others, running towards danger on Bondi Beach and disarming a terrorist.
In the worst of times, we see the best of Australians. And that's exactly what we saw on Sunday night.
On behalf of every Australian, I… pic.twitter.com/mAoObU3TZD
«Биз ёвузлик содир этилган лаҳзани кўрдик, аммо у - инсоният қудратининг ёрқин намунаси сифатида порлади. Биз жасур [одамлар] мамлакатимиз. Аҳмад ал Аҳмад - мамлакатимизнинг энг яхши қиёфасини ифодалайди», — деди Энтони Албанези.
АҚШ президенти Доналд Трамп ал Аҳмадни кўплаб одамлар ҳаётини сақлаб қолган «жуда, жуда жасур инсон» деб атади.
Ҳужум содир бўлган Янги Жанубий Уэлс штати бош вазири Крис Миннс — Аҳмад «ҳисоблаб бўлмайдиган даражада кўп» инсон ҳаётини сақлаб қолгани ва бу «у кўрган энг ақл бовар қилмас манзара» бўлганини айтди.
У шифохонага борганида, Аҳмад, агар худди шундай вазият бўлса, яна шу ишни қилган бўлишини айтган.
«Исломофобиянинг ҳам олдини олди»
Сешанба куни Австралия расмийлари гумонланувчи икки шахс ИШИДдан илҳомланганини билдирди. Бу эса ҳужум ортидан Австралияда исломофобия кучайиши мумкинлиги ҳақидаги хавотирларни уйғотди, деб ёзмоқда New York Times.
Австралиядаги сурияликлар жамоат бирлашмаси расмийси Лубаба Алҳамидийнинг айтишича, ҳеч бир жамоа алоҳида шахсларнинг хатти-ҳаракати билан баҳоланмаслиги керак. Шунингдек, гумонланувчи қуролланган шахслар - барча мусулмонларни ифодаламайди.
Шу билан бирга мусулмон жамоаси вакиллари ал Аҳмаднинг қаҳрамонлиги – Австралияда умид ва бирлик рамзига айланишига ишонишини билдирмоқда. Нашрнинг ёзишича, Ал Аҳмаднинг бу ҳаракати бутун мамлакат ва дунё бўйлаб акс садо берди: қайғу ва зулмат пайтида австралияликларга бирлашиш учун сабаб бўлди.
«Австралиянинг гўзаллиги шундаки, бу ерда одамлар дунёнинг ҳар бир бурчагидан келган. Биз айнан шуни асрашимиз керак», дея австралиялик фуқаролардан бирининг сўзини келтирмоқда NYT.
Бугун – отишмага алоқаси бўлмаган бошқа австралияликлар ҳам, ижтимоий тармоқларнинг миллионлаб фойдаланувчилари ҳам Аҳмаднинг жасоратига чуқур ҳурмат билдирмоқда.
Мавзуга оид
21:35 / 28.12.2025
Сурия ғарбида ўтказилган намойишлар чоғида 3 киши ҳалок бўлди
14:03 / 25.12.2025
Масқатда ҳужжатсиз қолган бола Ўзбекистонга қайтарилди
10:01 / 23.12.2025
Башар Асаднинг Москвадаги ҳаёти: у нималар билан машғул?
20:33 / 22.12.2025