Жаҳон | 20:40
13189
5 дақиқада ўқилади

Сиднейдаги теракт. Сўнгги маълумотлар

Ҳужум ота-бола Сажид Акром ва Навид Акром томонидан амалга оширилган. Уларнинг иккинчиси олти йил олдин ИШИД билан алоқадорликда гумонланган.

Фото: Видеодан кадр

Сиднейдаги Бонди пляжида яҳудийларнинг Ҳануки байрами вақтидаги теракт 50 ёшли ота ва унинг 24 ёшли ўғли томонидан содир этилган. Бу ҳақда Янги Жанубий Уэлс штати полицияси комиссари Мэл Лэнон маълум қилди. Ота полициячилар билан отишма чоғида ҳалок бўлган, ўғил ўта оғир аҳволда шифохонага ётқизилган.

Австралиядаги ABC телеканали ҳужум ижрочиларининг шахсини очиқлади – Сажид Акром (ота) ва Навид Акром (ўғил).

Полиция комиссарининг сўзларига кўра, Сажид Акром ўқчилар клуби аъзоси бўлган. У 2015 йилдан буён ов учун мўлжалланган ўқотар қурол лицензиясига эга бўлган. У ҳужум амалга оширилган жойга лицензияси бор олтита милтиқ олиб келган.

Австралия ички ишлар вазири Тони Беркнинг айтишича, Сажид Акром мамлакатга 1998 йилда талабалик визаси билан келган, 2001 йилда уйланиб, оилавий визали бўлган ва доимий яшаш рухсатномасини қўлга киритган. Унинг ўғли туғилгандан Австралия фуқаросига айланган. Сажид Акром Австралияга қайси мамлакатдан келганига аниқлик киритилмаган.

ABC ўз манбасига асосланиб, 2019 йилда Австралия разведка хизмати (ASIO) Навид Акромни ИШИД террорчилик гуруҳига алоқадорликда гумонлаганини хабар қилган. Ўшанда Сиднейда ИШИД аъзоси Исҳоқ ал-Матари қўлга олинганида у ҳам сўроқ қилинган. Манба маълумотига кўра, Акром ушбу террорчилик гуруҳининг Австралиядаги бўлими раҳбари ҳисобланган Матари билан яқин алоқада бўлган.

Терроризмга қарши кураш бўйича бирлашган гуруҳ (JCTT) терговчилари Сажид Акром ва унинг ўғли ИШИДга байъат қилган бўлиши мумкинлигини тахмин қилмоқда. Отишма содир бўлган пляжда уларнинг машинасидан гуруҳнинг иккита байроғи топилган, деб хабар бермоқда ABC манбалари.

Австралия бош вазири Энтони Албанезе разведка хизмати Навид Акромга биринчи марта 2019 йил октябрида қизиқиб қолгани ва уни кейинги олти ой мобайнида кузатганини тасдиқлаган. Аммо махсус хизматлар у «доимий таҳдид манбайи эмас» деб топишган.

Террорчилар 14 декабр куни кечқурун Ҳанукининг биринчи кунида Сиднейдаги Бонди пляжи ҳудудида ўт очди – у ерда биринчи шамни ёқиш маросимида иштирок этган яҳудий жамияти вакиллари тўпланганди. Полицияга маҳаллий вақт билан соат 18:47 да отишма ҳақида хабар келиб тушган. ОАВда эълон қилинган видеоларда юзлаб одамлар соҳилдан ҳар тарафга қочиб кетаётганини кўриш мумкин.

Сўнгги маълумотларга кўра, 15 киши ҳалок бўлган, қурбонлар орасида 10 ёшли қизча ҳам бор. 40 дан ортиқ киши жароҳатланган ҳолда шифохоналарга ётқизилган. Ҳалок бўлганлар орасида икки раввин – Эли Шлангер ва Яаков Левитан ҳам бор. Ҳалок бўлганлардан яна бири Олександр Клейтман бўлиб, у ўз рафиқасини танаси билан тўсиб, ўққа учган. Jewish Care маълумотларига кўра, Клейтман болалигида холокостни бошдан кечирган ва кейинчалик Украинадан Австралияга кўчиб келган.

Исроилдаги «Кан» телеканали ўз манбаларига таяниб, «Моссад» разведка хизмати австралиялик ҳамкасбларини Австралияда яҳудийларга ҳужум бўлиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантиргани ҳақида хабар берди. Австралия терактлар эҳтимоли ҳақида бир нечта хабар олгани қайд этилган. Аммо Янги Жанубий Уэлс штати полицияси бошлиғи Мэл Лэнон Исроилдан бундай маълумот олинмаганини таъкидлаган. «Агарда полиция бундай хавф ҳақидаги разведка маълумотларига эга бўлганида, кенг кўламли чораларни кўрган бўлардик», – деган у.

Австралия бош вазири Энтони Албанезе ҳужумни террорчилик акти ва антисемитизм ифодаси деб атади. «Биз австралиялик яҳудийларни қўллаб-қувватлаймиз ҳамда нафрат ва зўравонликка қарши чиқамиз», – дейди у.

У ўз ҳукумати миллий қурол қонунчилигини кучайтириш масаласини кўриб чиқишини маълум қилган. Унинг сўзларига кўра, у вазирлар маҳкамасига янги чекловларни, жумладан, лицензия эгаси сотиб олиши мумкин бўлган қуроллар сонига чекловни, шунингдек, лицензиянинг амал қилиш муддатини жорий этишни ҳамда ўқотар қуролларнинг миллий реестрини яратишни таклиф қилмоқда.

Албанезенинг сўзларига кўра, қурол лицензиясини фақат Австралия фуқаролари олиши мумкин бўлади. «Одамлардаги вазиятлар ўзгариши мумкин. Улар вақт ўтиши билан радикаллашиши мумкин. Лицензиялар чекланмаган муддатга берилмаслиги керак», – дейди ҳукумат раҳбари.

Тайёрлаган:  Kun.uz Admin

Мавзуга оид