Сиднейдаги мева-сабзавот дўкони эгаси, Бонди-Бич пляжидаги отишма вақтида ҳужум иштирокчиларидан бирининг қуролини олиб қўйган шахс шифохонага ётқизилган. Оила аъзолари хабар беришича, унга иккита ўқ теккан ва елкаси ҳамда қўли операция қилинган.
43 ёшли Аҳмад ал-Аҳмад ижтимоий тармоқларда тарқалган видеода отишма бошланганида аввалига машиналар ортида бекиниб турган, кейин эса пляждаги одамларни ўққа тутаётган шахслардан бирига ортдан сездирмай яқинлашиб, уни ерга ётқизган ҳолда қуролини тортиб олган ўткинчи сифатида тасвирланганди. Австралия полицияси ҳужум иштирокчилари қандай қуроллардан фойдаланганига ҳозирча аниқлик киритмади.
Душанба куни полиция Сиднейдаги машҳур Бонди-Бич пляжида яҳудийларнинг Ҳанука байрами нишонланаётган пайтда амалга оширилган ҳужум 50 ёшли шахс ва унинг 24 ёшли ўғли томонидан ижро этилганини маълум қилди. Ҳужум қурбонлари сони 15 нафарга етган, ота воқеа жойида ҳалок бўлган, унинг ўғли эса ўта оғир аҳволда шифохонага ётқизилган. Бу мамлакат тарихида сўнгги 30 йилликдаги энг йирик оммавий қотилликка айланди.
43 ёшли Ал-Аҳмад – мева-сабзавот дўкони эгаси, икки фарзанд отаси. Ҳозирда у шифохонада даволанмоқда, бу ерда у жарроҳлик амалиётидан ўтказилган. Унинг елкаси ва қўлининг кафт қисмига ўқ теккан.
Унинг амакиваччаси Мустафо 7News Australia нашри билан суҳбатда айтишича, шифокорлар оилани жарроҳлик амалиётидан кейин Аҳмад ал-Аҳмаднинг ҳолати барқарор қолаётгани ҳақида хабардор қилишган.
«У қаҳрамон, юз фоизлик қаҳрамон», – деган Мустафо. «У ҳали ҳам шифохонада ва бизда унинг аҳволи ҳақида тўлиқ маълумот йўқ, аммо умид қиламизки, у билан барчаси яхши бўлади. Мен уни кеча кўргандим. У билан ҳаммаси яхши эди, аммо биз ҳозир шифокор нима дейишини кутяпмиз», – дея қўшимча қилган у.
Хориждаги ва мамлакат ичкарисидаги етакчилар томонидан миннатдорчилик сўзлари билдирилмоқда. АҚШ президенти Доналд Трамп ал-Аҳмадни кўплаб одамлар ҳаётини сақлаб қолган «жуда, жуда жасур инсон» деб атади.
Маркази Сидней бўлган Янги Жанубий Уэлс штати бош вазири Крис Миннс уни «ҳақиқий қаҳрамон» деб атади ва унинг қаҳрамонлиги акс этган видео ўзи кўрган «энг ақл бовар қилмас саҳна» бўлганини айтди.
Ал-Аҳмадга ёрдам кўрсатиш учун тузилган GoFundMe кампанияси доирасида бир неча соат ичида 300 минг АҚШ доллари миқдорида маблағ йиғилган. Бу хайриядаги энг асосий донор миллиардер Билл Экман бўлган, у 99 999 Австралия доллари ажратган ва ўзининг X ижтимоий тармоғидаги аккаунтида хайрия йиғилаётган манзилни қолдирган.











