Ўзбекистон | 18:02 / 04.07.2023
19360
4 дақиқада ўқилади

“Ўзбекнефтгаз”, UzGasTrade ва “Иссиқлик электр станциялари” раҳбарлари тайинланди

“Ўзбекнефтгаз” АЖ раиси Баҳодиржон Сиддиқов ва “Иссиқлик электр станциялари” АЖ раиси Баҳодир Жўраев “вазифасини бажарувчи” қўшимчаларидан халос бўлди. Сардор Исақулов “Иссиқлик электр станциялари” раисининг биринчи ўринбосари бўлди. UzGasTrade раиси лавозимига Алишер Аъзамов тайинланди.

Баҳодиржон Сиддиқов / Фото: Энергетика вазирлиги

Ўзбекистон Энергетика вазирлиги соҳадаги йирик давлат компанияларида амалга оширилган тайинловлар ҳақида маълум қилди.

Сиддиқов Баҳодиржон Баҳромович “Ўзбекнефтгаз” АЖ бошқаруви раиси этиб тайинланди. У шу йил март ойидан буён “Ўзбекнефтгаз” раиси вазифасини бажарувчи сифатида ишлаб келаётганди.

Баҳромов 2017-2018 йилларда мазкур компанияда раис ўринбосари, 2019 февралидан 2020 йил январигача компания раиси сифатида фаолият юритган. “Ўзбекнефтгаз”га қайтишидан олдин Олмалик кон-металлургия комбинати Ёшлик конини ўзлаштириш бўйича лойиҳа офиси раҳбари лавозимида ишлаб келаётганди.

Баҳодир Жўраев / Фото: Энергетика вазирлиги матбуот хизмати

Жўраев Баҳодир Иброҳимович “Иссиқлик электр стансиялари” АЖ бошқаруви раиси этиб тайинланди.

У тайинловга қадар компания бошқаруви раиси вазифасини бажарувчи сифатида фаолият юритиб келаётган эди.

Эслатиб ўтамиз, компаниянинг аввалги раҳбари Фарҳод Абдураҳмонов қишдаги энергия инқирози фонида, президент ўтказган йиғилишда бир неча бошқа масъуллар қаторида ишдан олинган эди.

Сардор Исақулов / Фото: Энергетика вазирлиги матбуот хизмати

Исақулов Сардор Дадажонович “Иссиқлик электр станциялари” АЖ бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари лавозимига тайинланди.

У бунгача Энергетика вазирлигининг Марказий диспетчерлик бошқармаси бошлиғи лавозимида фаолият юритиб келаётган эди.

Алишер Аъзамов / Фото: Энергетика вазирлиги

Ўтган йили ташкил этилган янги корхона – “UzGasTrade” АЖга ҳам раҳбар тайинланди. Бу лавозимни Аъзамов Алишер Тоҳирович эгаллади.

У бунгача “UzGasTrade” АЖ Табиий газни харид қилиш бошқармаси бошлиғи лавозимида фаолият юритиб келаётган эди.

Маълумот учун, UzGasTrade Ўзбекистонда табиий газни марказлашган тартибда харид қилиш ва сотиш функциясини бажаради.

Жумладан, компания:

  • табиий газни давлатнинг ягона оператори сифатида республикадаги ишлаб чиқарувчилардан Идоралараро тариф комиссияси томонидан тасдиқланадиган нархларда ва импорт орқали ташқи манбалардан марказлашган тартибда харид қилади;
  • “Ҳудудгазтаъминот” АЖга ва магистрал газ узатиш тизимига уланган истеъмолчиларга табиий газни тўғридан тўғри шартномалар асосида сотади;
  • президент қарорларида кўзда тутилган ҳолатлардан ташқари ягона экспорт қилувчи функцияларини бажаради.
Мўмин Ибодов / Фото: “Ўзбекнефтгаз” матбуот хизмати

4 июл куни, шунингдек, “Ўзбекнефтгаз” АЖ берган расмий хабарга кўра, компания матбуот хизматига янги раҳбар ҳам тайинланган.

Ибодов Мўмин Мамуржонович бошқарув раисининг ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси – матбуот котиби вазифасини бажарувчи этиб тайинланди.

Тайинловга қадар Ибодов Президент администрацияси, Олий Мажлис Сенати, Давлат активларини бошқариш агентлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигида ахборот сиёсати масалалари бўйича фаолият олиб борган.

Эслатиб ўтамиз, “Ўзбекнефтгаз”нинг бундан аввалги матбуот котиби Сиёвуш Ҳошимовга нисбатан «Kompromatuzb иши» доирасида Жиноят кодексининг 4 та моддаси билан айблов эълон қилинган. Иш бўйича суд жараёнлари бошланиш арафасида.

Тайёрлаган:  Комрон Чегабоев

Мавзуга оид